'Эрон таҳдидларга тоқат қилмайди'
БМТ Олий Ассамблеясининг йиғинида сўзлаган Эрон президенти ядровий дастурига ҳалақит қилмоқчи бўлган давлатларнинг таҳдидларига тоқат қилмаслигини айтган.
Маҳмуд Аҳмадинежоднинг такроран билдиришича, ядровий дастури фақат тинч мақсадларни кўзда тутади.
Олий Ассамблеяга мурожаат қиларкан, Президент Аҳмадинежод, "Эрон мулоқотлар тарафдори экани, бироқ ноқонуний талабларга ён бермаслигини" урғулаган.
Қатор Ғарб давлатлари Эрон ядровий қурол яратиш мақсадида, деган шубҳадалар. Бироқ расмий Теҳрон такрор ва такрор уларнинг даъволарини рад этиб келади.
Эрон уранни тўйинтириш дастурига чек қўйишдан бош тортиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг уч резолюциясига зид иш тутган.
Олмония вакиллари ва Хавфсизлик Кенгашининг беш нафар доимий аъзоси Эронга нисбатан кейинги қадамлари ва янги жазо чоралари эҳтимолини муҳокама этиб олиш учун кеча, йиғин арафасида учрашишни режалаб олишганди.
Бироқ маълум бўлишича, Россия томони учрашувни ноўрин деб топиши ортидан ушбу режа чиппакка чиққан. Расмий Москванинг билдиришича, Эронга қарши қўшимча жазо чоралари киритишга ҳеч бир ҳожат йўқдир.
АҚШ ва Исроил ҳам бир четда қолмаган
Эрон раҳбари ўз нутқида Исроилни ҳам тилга олган ва "сионист тузум тез орада барбод бўлиши"ни айтган.
"Сионист тузум муқаррар ўз заволи сари бормоқда. У тарафдорлари ёрдамида қазиган чуқуридан чиқиб кета олмайди," дея сўзларида давом этган Эрон раҳбари.
Бундан ташқари Маҳмуд Аҳмадинежод АҚШ ва НАТОни Ироқ ва Афғонистонга тажовуз қилишда айлаб, у ерларда, "сайловчиларнинг овозларини қўлга киритиш учун уруш очганликлари"ни билдирган.
"Америка империясининг дунёдаги таъсири тугаб бормоқда. Улар ортларидан кўтарган чангни босиб, эътиборларини ўз чегараларига қаратишлари лозим," деб баён қилган Эрон президенти.
Жумладан, Ироқдаги вазиятни шарҳларкан, Эрон раҳбари, "Саддам Ҳусайн тузуми қулаши ортидан 6 йил ўтди. Миллионлаб кишилар қурбон бўлишди ёки ўз турар-жойларини ташлаб кетишди. Ишғолчилар эса, барча уятни бир ерга йиғиштириб қўйиб, ўз мавқеларини янада мустаҳкамлаш истагида" эканликларини айтган.
|