Пайшанба, 14.11.2024, 21:47
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 27 » Солижон Абдураҳмонов устидан навбатдаги суд жараëни
18:17
Солижон Абдураҳмонов устидан навбатдаги суд жараëни

Солижон Абдураҳмонов устидан навбатдаги суд жараëни

 

Меҳрибон

 

25 сентябр куни Қорақалпоғистонда мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов иши юзасидан маҳкама жараёни давом эттирилди.

 

111 кундан буён Нукус ҳибсхонасида сақланаётган Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинган пайти унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган.

 

Дастлаб у истеъмол қилиш учун наркотик сақлашда айбланган эди. Кейинчалик наркотик сотишга ҳаракат килганликда айбланди.

 

25 сентябр куни соат 11.30 да Нукус шаҳар жиноий ишлар суди биносида Солижон Абдураҳмонов иши бўйича маҳкама жараёни давом этди. Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати Рустам Тўлагановнинг билдиришича, маҳкамада гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланган.

 

“Ҳозирча гувоҳларни сўроқ қилдик¸ терговчини сўроқ қилдик¸ уни ушлаган тезкор ходимларни сўроқ қилдик. Лекин гувоҳлар нимагадир судяни олдида бўлиб турибди. Биз эса кейин кираяпмиз”.

 

Маҳкама жараёни икки ярим соат давом этгач, соат 14.00да судя Қадрбой Жамолов суд ишида соат 16 га қадар танаффус эълон қилди. Лекин суд белгиланган вақтидан анча кеч бошланган. Бу ҳақда Солижон Абдураҳмоновнинг укаси ва адвокати Баҳром Абдураҳмонов маълум қилди.

 

«Суд тушдан кейин соат 4га белгиланган эди. У эса соат 5.30дан кейин бошланди. Шу билан суд максимум 20 минут бўлди. Битта гувоҳ сўроқ қилинди. У машинани таъмирлашда ëрдам берган автослесар. У «Ҳақиқатан менга мурожаат қилди. Автомашинасини таъмирлашга ëрдам бердим. Корбюраторини  тузатдим. Куни бўйи шу ерда бўлди» деб айтди. Тушликка кетган пайтда унга машинанинг калитини ташлаб кетганини ҳам тан олди. Бундан шу нарса маълум бўладики автомашинага наркотик моддалар жойлаштирилган бўлганида ва бундан Солижон акамнинг хабари бўлганида у машинани калитини ташлаб кетмас эди.  Бундан хулоса чиқариш мумкинки унинг наркотик моддага ҳеч қандай алоқаси йўқ».

 

Демак, маҳкама жараёни 2 октябр куни давом эттирилади. Хабарингиз борки, Солижон Абдураҳмонов иши бўйича маҳкама жараёни 12 сентбяр куни бошланган ва барча гувоҳларнинг судга етиб келмаганлиги сабаб маҳкама 18 сентбярга қолдирилганди.

 

18 сентбяр куни эса Солижон Абдураҳмоновнинг адвокатлари маҳкама ҳайъатига суд жараёнини видео тасвирга олиш ва Солижон Абдураҳмоновнинг машинасидан топилган наркотик билан боғлиқ суд экспременти ўтказиш бўйича илтимоснома киритди. Маҳкама ҳайъати айни илтимосномаларни ўрганиб чиқиш мақсадида суд жараёнини 25 сентябрга қадар кечиктирган эди. Биз адвокатлардан илтимосномаларига қандай жавоб олганликларини сўрадик.

 

“Видео тасвирга олишни рад қилишди. Чунки суд очиқ кўрилаëтганлиги сабабли видео тасвир шарт эмас экан. Баҳонаси шу бўлди. Иккинчи илтимоснома қаноатлантирилди. Гувоҳлар келди. Келмаганларини 2 октябр кунига қолдирди”.

 

Ўзбекистон қонунларига кўра, Солижон Абударҳмонга қўйилган  айбловлар учун ўн йилдан йигирма йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилади.

 

Қорақалпоғистонда ўтказилаётган икки ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ва Солижон Абдураҳмоновларнинг маҳкама жараёнларини бевосита кузатаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова¸ икки ҳуқуқ фаоли ҳам уюштирилган жиноят қурбонига айланганлигини айтади.

 

“Бу икки ишни битта ўхшаш томони бор: иккови ҳам уюштирилган. Аъзам Турғуновни судланишига айнан унинг ҳуқуқ ҳимояси борасида қилаëтган ишлари ва сиëсий фаоллиги  сабаб бўлган бўлса¸ Солижон Абдураҳмоновнинг судланишига унинг журналистик фаолияти ва ҳуқуқ ҳимояси учун қилаëтган ишлари сабаб”.

 

Эслатиб ўтамиз, Солижон Абдураҳмонов Uznews.net интернет сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб фаолият кўратаётганди. Шунингдек, у  «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор ҳалқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган.  Шу билан биргаликда Солижон Абудараҳмонов беш йилдан буён  Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётганди.

 

 

Просмотров: 876 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей