Пайшанба, 25.04.2024, 09:04
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 23 » Би-би-си меҳмони - таҳлилчи Алишер Таксанов
00:04
Би-би-си меҳмони - таҳлилчи Алишер Таксанов

Би-би-си меҳмони - таҳлилчи Алишер Таксанов 

Алишер Таксанов - мустақил журналист, иқтисодий таҳлилчи ҳамда сиёсатшунос.  

Унинг Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий вазиятга оид мақолалари кўплаб интернет саҳифаларида чоп этилган.

Шунингдек, мамлакатдаги иқтисодий-сиёсий аҳволга оид таҳлилий рисолалар муаллифи ҳамдир.

Алишер Таксанов аввалига халқ хўжалиги, иқтисодиёт бўйича олий маълумот олади.

Кейичалик тарихни ҳам ўрганади ҳамда иқтисод бўйича илмий иш олиб боради.

Олий билим даргоҳида дарс бериш билан бирга, Ўзбекистон Стратегик тадқиқотлар институтида ҳамда дипломатия соҳаларида фаолият юритган.

Хусусан, 1994 йилдан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида ишлаган.

90-йиллардан журналистика билан фаол шуғулланганини айтади.

У Тошкентда чоп этиладиган "Деловой партнер - Ҳамкор", "Бизнес-Вестник Востока", "Время и Мы" рўзномаларида, "Туркистон-пресс" ахборот агентлигида, асосан, иқтисодий мавзуларда қалам тебратган.

Алишер Таксановнинг айтишича, ўзбек расмийлари унинг хориждаги нодавлат ташкилотлари анжуманларида иштирок этишига монеълик қилганлар.

У 2006 йилда Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган, Швейцарияда сиёсий бошпана олган.

Қуйида Алишер Таксанов Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб беради.

Би-би-си: Аввало иқтисод дегандек, иқтисодиётга оид саволлар билан суҳбатимизни бошласак. Британиядан Бўстон исмли тингловчимиз Ўзбекистонни ҳозирги иқтисодий ҳолатдан олиб чиқиш учун зарур бўлган асосий ишлар хусусида сўраган.

Алишер Таксанов:Ўзбекистондаги ҳозирги аҳволни назарда тутсак, бу масаланинг қанчалик мураккаб эканлигини англаш мумкин. Ўтган 17 йил давомидаги ислоҳотлар фақат номига амалга оширилган. Бозор иқтисоди хусусий мулкка асосланади. Аммо Ўзбекистонда хусусий мулкчилик йўқ. Тўғри, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ёки савдо-сотиқ ноҳукумат соҳалари саналади. Лекин бу соҳалар тўлиқ хусусийликка эришганми? Афсуски, йўқ. Чунки давлат истаган пайтида бу мулкларни тортиб олиши мумкин. Мана, ҳозир ҳам исташса, биноларни бузишаяпти, шахсий уйларни олиб қўйишмоқда. Фермерлар эса ўзлари истаган экинни экиша олмайди. Уларни давлат буюртмаси билан экин экишга мажбурлашади. Бунга кўнишмаса, ерини олиб қўйишади, сув ё ёқилғи беришмайди. Хуллас, Ўзбекистонда хусусий мулкчилик йўқ экан, қолган барча ислоҳотлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Би-би-си:Ворис Усмонли ўқувчимиз эса не боис нефть мустақиллигига эришганини айтадиган Ўзбекистонда жаҳондаги нархларга қараб бензин баҳоси ошиб кетаётир, деб савол қўяди.

Алишер Таксанов:Умуман олганда, биз на буғдой, на нефть мустақиллигига эришганмиз. Булар фақат чўпчак. Чунки биз катта миқдорда нефть маҳсулотлари сотиб оламиз. Аммо ким, қандай шартларда ва нархларда бу маҳсулотларни импорт қилмоқда , деган саволларни унутмаслик даркор. Биласизми, Ўзбекистон ҳали жаҳон бозори билан тўла интеграцияга киришмаган. Бизда жиддий хорижий сармоялар кам, хорижликлар мамлакатимизда ҳиссаларни сотиб олишмайди. Умуман, жаҳон фонд бозорларида ҳиссаларимиз қадрланмайди. Шу боис жаҳондаги нефть нархлари Ўзбекистонга таъсир қилавермайди. Агар нефть ўзимизники бўлса, унинг нархини ҳам ўзимиз белгилашимиз керак. Модомики, жаҳондаги нархларга қараб ўзгартираверсак, демак, биз бу маҳсулотни четдан олаяпмиз ва ҳеч қанақа нефть мустақиллигига эриша олмаганмиз.

Би-би-си:Хитойдан мактуб йўллаганини айтаётган Анвар Бўронов исмли ўқувчимиз эса Рустам Азимов каби иқтисодий билими саёз одамлар Ўзбекистонда иқтисод соҳаси учун масъул асосий шахсга айланмаганми? Умуман, Ўзбекистондаги иқтисодий аҳволнинг ҳозирги ҳолга тушишига шу каби воқеликларнинг ҳам таъсири йўқмикан, дея истиҳола билдиради.

Алишер Таксанов: Айтиш мумкинки, коммунистик тузумда улғайган одамлар ҳозир бозор шароитларини яратишмоқчи. На Рустам Азимов, на Ислом Каримов илгари бозор иқтисоди шароитида, чет элларда умргузаронлик қилишган ва ё тижорат билан шуғулланишган. Уларнинг хусусий корхоналар ва ёки банклар тузишлари эса социалистик ислоҳотлар доирасида олиб борилган. Хуллас, уларда ҳақиқий бозор ҳақида билим йўқ. Шу боис ҳам улар ўзида бозор иқтисоди унсурларини жо этган маъмурий-буйруқбозлик тузумини яратишди. Бу эса, барибир, давлат бошқарув усули бўлиб, у социалистик нусхасидан катта фарқ қилмайди. Энди кимлар қайси соҳаларни бошқараётганига келсак... Ўзингиз ўйланг, ташқи сиёсат учун милициячи масъул бўлса ва ёки молия соҳаси бошида тарихчи ўтирса, буни қандай тушуниш мумкин?

Би-би-си:Тингловчимиз "Умид" жамғармаси орқали чет элларда ўқиган кўплаб ёшлар Ўзбекистонда ишлай олмасдан, яна хорижга чиқиб кетишаётгани ҳақида ёзади ва уларни тўхтатиб қолиш учун иш олиб бориш керак эмасми, деб фикр билдиради.

Алишер Таксанов:Ўзбекистонда барпо этилган тузум чет элларда ўқиган мутахассисларни қабул қила олмайди. Хорижда ўқиганлар замонавий ва илғор билим-малакага эга бўладилар. Аммо ватанга қайтишгач, ўз билим ва малакаларини ишга сола билишмайди. Тузум бунга йўл бермайди. Менинг бир талабам банк иши бўйича Японияда ўқиб келгач, Марказий Банкка ишга кирганди. Аммо Японияда магистратурани битирган бу мутахассиснинг айтишича, уни майда хизматчи сифатида ишлатишган. Қандайдир таҳлилий ишларни бошламоқчи экан, бу ишларинг бу ерда керак эмас, дейишибди. Шу боис ҳалиги бола ишини ташлаб, хорижга кетиб қолди. Ҳозир Оврўпода ишлаяпти. Хуллас, унинг хорижда олган шунча билими Ўзбекистонда керак бўлмади.

Би-би-си:Дилмурод Тошкандий исмли тингловчимиз эса ишга олишдаги таниш-билишчилик ва коррупция ҳоллари Ўзбекистонни қандай аҳволга солганини кўриб турибмиз. Аммо у қачонгача давом этиши мумкин, дея мактуб йўллаган.

Алишер Таксанов:Афсуски, бу тизим ҳали шўро давридан бери мавжуд. Тўғри, ўша пайтлари ҳам ишга киргунча мутахассиснинг билимига бироз қарашарди. Ҳозир эса барчаси таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка тақалиб қолаётгандек. Бу эса давлатга зарар етказади. Назаримда, ҳозирги тузум ўз соҳасини яхши биладиган мутахассисларни истамайди. Чунки улар бошқарув ва иш юритишдаги камчиликларни очиб ташлашади, ислоҳотларга ундашади. Шу боис улардан хавфсирашади.

Би-би-си:Ўз хатига Деҳқонов, деб имзо чеккан тингловчимиз эса малакали мутахассисларнинг четга чиқиб кетаётгани Ўзбекистон иқтисодига қандай таъсири этиши хусусида билмоқчи.

Алишер Таксанов:Бу ерда танганинг икки томони бор. Малакали мутахассислар четга чиқиб, яхши иш топишади. Улар фақат олий маълумотли эмас, балки керакли касб-ҳунарга эга ўрта маълумотли мутахассислар, моҳир қурувчи ёки фермерлар ҳам бўлиши мумкин. Бу одамлар, дейлик, Россияга бориб ишлашади ва топган пулларини Ўзбекистонга жўнатишади. Хуллас, бундан мамлакат фойда кўради. Аммо бу инсонлар ватанда ҳам шу ишлари билан иқтисодни кўтаришлари мумкин эди. Қайтага, чет элларда оғир шароитларда хор-зор бўлишмасди. Агар яхши мутахассислар чиқиб кетишда давом этаверишса, унда бизнинг иқтисодимизни ким ривожлантиради?

Би-би-си:Сиёсат ва ижтимоий ҳаётга оид саволларга ўтишдан олдин, шахсий ҳаётингизга тааллуқли бир мактубга ҳам назар солсак. Прагадан Қудрат исмли тингловчимиз фамилиянгиз не боис Тўқсонов эканлигини билишни истайди.

Алишер Таксанов:Тўғри, Тўқсонов... Менга айтишларича, катта бобом тўқсон ёшида ўғил кўрган эканлар. Шу боис чақалоққа ҳам Тўқсон, деб от қўйишади ва бу ном кейинчалик бизнинг оиламиз исмига айланади. Совет даврида эса фамилияларга русча қўшимчалар қўйилади. Кейинроқ арабча алифбомиз ўзгартирилиши туфайли исмларнинг ёзилиши ҳам бузилиб кетади. Хуллас, Тўқсон Тўқсоновга, Тўқсонов эса Таксановга айланади. Энг қизиғи, мен интернет орқали бутун МДҲ бўйлаб жуда кўплаб Таксанов фамилияли одамлар борлигини ўргандим.

Би-би-си:Норвегиядан мактуб йўллаганини билдирган Алибой Йўляхши эса Ўзбекистон ҳукуматига ишониб, муроса қилиб, ишлаб бўладими, деган маънода савол сўрайди.

Алишер Таксанов:Мен бу ҳукумат билан ишлаб бўлишига бироз шубҳа қиламан. У ерда бирон янги одамни топиб бера оласизми? Ҳаммаси собиқ шўро даврида ишлаган гуруҳдан иборат. Улар эса кетишни исташмаяпти ва шу туфайли ислоҳотларга ҳам қаршилик кўрсатишади. Қонунийлик жиҳатига келсак, қандай қилиб конституцияга зид тарзда учинчи муҳлатга сайланган президент қонуний бўлиши мумкин? Бундайин ҳукумат билан ишлаш ҳам сиёсий, ҳам ахлоқий ва ҳам ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри эмасмикан?

Би-би-си:Тингловчимиз Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги мухолифат аҳволини қандай баҳолашингизни билмоқчи.

Алишер Таксанов:Мухолифат доимо бўлиши керак. Чунки мухолифат жамият кўзгусидир. Уларни махфий ишлашга мажбурлаб, чет элларга чиқариб юборган Ислом Каримов эса натижада қуролли қаршилик ва курашнинг экстремистик шаклларига юз тутмоқда. Либерал мухолифат эса ҳукуматнинг камчиликларини кўрсатиб, бу ҳукумат билан қандайдир маънода ҳамкорлик қилади. Шу қаторда, экстремистик мухолифат кўринишлари юзага келишига тўсқинлик ҳам қилади. Ўзбекистонда ҳамма одам бир хилда фикрламайди-ку? Шу боис ҳар хил фикрли мухолифат бўлиши ҳам табиий ва уларга тўсқинлик қилмаслик керак.

Би-би-си:Ўзини "Банкир" деб таништирган ўқувчимиз эса Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи сиёсатларини муқояса қила оласизми? Не боис икки авторитар давлатнинг биттаси Ғарбда ижобий, иккинчиси эса салбий таассурот қолдирмоқда, деб айтади.

Алишер Таксанов:Бу авторитар давлатларнинг биттаси тузумни бироз эркинлаштирди. Уларда мухолифат бор, нисбатан бўлса-да, эркинроқ матбуот ишламоқда ва тижоратнинг ривожланиши учун ҳам имконият яратилган. Шу маънода у ердаги авторитарлик ижобий натижа ҳам берди. Аммо иккинчи давлат - Ўзбекистон борасида гапирсак, бу ердаги аҳвол буткул бошқача. Қозоғистон халқаро доирада ўз обрўси ва мавқеини мустаҳкамлашга интилса, Ўзбекистон худди рақс тушишни билмаса ҳам ўзини моҳир раққосдек кўрсатишга уринаётган нўноқ ўйинчига ўхшайди. Қаранг, нега Коллектив Хавфсизлик Шартномасидан чиқиб, бир неча йиллардан сўнг яна бу ташкилотга қайтиб кирдик? Нега бошида ГУАМга қўшилиб, кейинчалик уни тарк этдик? Нега бошида АҚШ билан дўст тутинамиз-да, кейин улардан юз ўгирамиз? Не боис бир қараса, Россия билан терс бўлиб, бир қараса, апоч-чапоқ бўлиб оламиз. Ўзи аниқ ва муайян мақсадга йўналтирилган сиёсатимиз борми? Қаерга кетаяпмиз? Нима истаймиз? Афсус, бу саволларга аниқ жавоб топиб бўлмайди, чунки ҳамма нарсани президентнинг шахсий қизиқишлари белгиламоқда.

Би-би-си:АҚШдан мактуб йўллаган Алимардон эса четдан туриб Ўзбекистон ҳақида билдирадиган фикрларингиз ватанда қолган қариндошларингизга зарар етказишидан қўрқмайсизми? Масалан, мен қўрқаман, деб ёзади.

Алишер Таксанов:Тўғриси, Ўзбекистондаги қариндошларимдан хавотирланаман. Менга маълум бўлишича, синглимни прокуратура, МХХ ва милицияга чақиришган, унга таҳдид қилишган ва квартирангни олиб қўямиз, деб дағдаға ҳам қилишган экан. Аммо нима қила олардим? Мен шундай одамман ва жим тура олмайман. Акс ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки диктатура тузумларини инсонларнинг қўрқуви озиқлантиради

Просмотров: 958 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей