Толиб Ёқубов
АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ НЕГА ҚОПИБ ГАПИРАДИ?
1-қисм
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси (бундан кейин қисқача: «Бирлик» партияси)нинг сайти «Ҳаракат»ни ўқиб бораётган ҳар бир одам мазкур сайт муаллифи ва муҳаррири, партия раиси Абдураҳим Пўлатовнинг лексиконида «хоин», «дод-вой», «йиғи-сиғи», «лўттибозлик», «қорни тўймаслар», «овозини ўчирамиз», «Бирлик» Ўзбекистонда кучли бўлган ягона сиёсий партия», «фалон партия ёки ташкилот йўқ бўлиб кетган», «Мухолифат кучлар «Бирлик» атрофида бирлашиши керак» каби ва бошқа сўз ҳамда ибораларни тез-тез ишлатиб туришини сезмаслиги мумкин эмас. У юқорида келтирилган сўзларни одатда ўзининг Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати (ЎБХҲ)даги собиқ сафдошларига қарата ишлатади. Унинг мақолаларини юзаки ўқимаган ҳар қандай одамда қуйидаги табиий саволлар туғилиши аниқ:
- бундай сўзлар, Абдураҳим Пўлатов уларни кимга нисбатан ишлатаётган бўлса, уларда унга нисбатан илиқлик ва ҳурмат уйғотадими?
- бундай иборалар мухолифат кучларни бирлашишга ёки ҳеч бўлмаганда бир умумий платформага чиқишга ундайдими?
- бундай сўз ва ибораларни ишлатишдан унинг асл мақсади нима?
Ҳар қандай ақли расо одам дастлабки икки саволга «Йўқ!» деб жавоб бериши шўбҳасиздир. Мазкур сўзлар ва иборалар одамларда унга нисбатан фақат норозилик ва ҳатто нафрат уйғотиши, мухолиф сиёсий кучларни янада тарқоқ ҳолга келишига ундаши мумкин, холос.
Хаёлга дарҳол халқимизнинг қисқа, бироқ инсон психологияси, унинг табиатини чуқур очиб берадиган: «Биров ТОПИБ гапиради, биров ҚОПИБ гапиради» деган мақоли келади. Мен кейинги эллик йиллик онгли ҳаётимда кўпгина қопиб гапирадиган одамларни кўрганман, бироқ улар орасида қопиб гапиргани учун ҳурмат қозонганини учратмадим.
Қопиб гапирувчи одамни фақат унинг ўзига ўхшаш одам ҳурмат қилиши ва ҳатто ундан ўрнак олиши мумкин. Қопиб гапирувчи одамдан инсонлар қўрқиши мумкин, бироқ ҳурмат қилмайдилар. Сохта нутқларини ҳисобга олмаганда, Ислом Каримов ҳамма вақт қопиб гапиргани учун уни ҳатто ўз атрофи ҳам ҳурмат (асл маънода) қилмайди. У ва ундан ўрнак олган атрофнинг одамларни қопиб гапиришидан бутун давлат системаси қўрқиб яшаётганини ҳамма билади. «Ислом Каримов ҳеч кимга ишонмайди» дейишади. Бу – тўғри, чунки у ҳеч кимга ҳеч қачон топиб гапирган эмас.
Фан доктори, ҳаётида кўпгина илмий даргоҳлар ва инсонларни кўрган, ака-укалари ва бошқа яқин қариндошлари йирик олимлар бўлган Абдураҳим Пўлатов бу оддий ҳақиқатни тушунмайди, деб ўйлаган одам хато қилади: унинг даражасидаги одам бу ҳақиқатни тушунмаслиги учун, қўпол қилиб айтганда, «томи кетган» бўлиши керак. Баъзилар 1992 йили Абдураҳим Пўлатовга нисбатан Чилонзор туман прокуратураси ҳовлисида уюштирилган суиқасддан кейин унда соғлом фикрлаш қобилияти сусайган, дейишади, бироқ мен бу фикрга қўшилмайман. Менинг фикримча, суиқасд унинг руҳиятидан беиз кетмаган ва унда ҳукумат олдида қаттиқ қўрқув шакллантирган. Мен бу фикримнинг тасдиғи учун камида тўртта факт келтиришим мумкин.
1-факт: 1992 йил декабрь ойида Тошкентдаги «Ёшлик» кинотеатри рўпарасидаги мавзъеда, катта кўчадан 200 м.лар чамаси ичкарида жойлашган ва унда Абдураҳим Пўлатов оиласи яшаётган 4- қаватли уй (унинг квартираси 2-чи қаватда эди, адашмасам) қуршовда эди. ЎБХҲ Марказий Кенгаши (МК) Ҳайъатининг икки аъзоси, Мадамин Нарзиқулов ва мен, ҳар куни ундан хабар олгани унинг уйига борар эдик. Бир борганимизда биз уни кучли таҳлика остида кўрдик. У бизга: «Мен унча-мунча нарсадан қўрқмаслигимни биласизлар, бироқ бугун биринчи марта қаттиқ қўрқдим: эшикни таққиллатиб келишди, «очмасангиз эшикни бузиб кирамиз», дейишди» - дея таҳлика сабабини тушунтирди ва бир неча кундан сўнг Ўзбекистонни тарк этди.
2-факт: Гарчи мен Абдураҳим Пўлатов билан алоқани 2001 йил март ойида узган бўлсам-да, у менга аҳъён-аҳъёнда (йилда бир марта деса бўлади) АҚШдан қўнғироқ қиларди. «Сўҳбат» камида бир соат давом этар, у тинимсиз гапирар, мен эса тишни тишга қўйиб эшитар эдим. Орамиздаги охирги «сўҳбат» 2005 йил, чамаси апрель ойида бўлди. Одатдагидек Абдураҳим Пўлатов узоқ гапирди ва биз олиб бораётган ҳуқуқбонлик ишимизни танқид қилди. Мен зўрға чидаб эшитиб турдим. Хаёлимдан: «Шунчалик сиёсатдон ва ишни яхши уюштира олар экансан, нега Ўзбекистонга келмайсан? Келсанг, балки сендан иш ўрганармидик» - деган фикр ўтар, уни айтворишдан ўзимни ззўрға тийиб турар эдим. Бўлмади. Охири . уни зарда билан айтдим. Шунда Абдураҳим Пўлатов: «Борсам мени ўлдириб юборишади! Сиз тарихий шахснинг ролини тушунмас экансиз!» - деб бақира бошлади. Мен трубкани қўйдим. Унда ўта кучли қўрқув шакллангани менга тамоман аён бўлди. Менинг телефоним МХХ томонидан эшитилишини билган ҳолда у ҳукуматдан ўлгудай қўрқишини яшириб ҳам ўтирмади.
3-факт. Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистондан чиқиб кетаётган пайтда ҳам, ундан кейин ҳам унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эмас, ва демак, 1997 йили оналари вафот этганларида дафн маросимига Туркиядан келиши мумкин эди. Келмади. Укаси Абдуманноб, гарчи у 1992 йили қамалган бўлса-да, оналари дафнининг эртаси куни АҚШдан Тошкентга келди, бир ой туриб, оналарининг маъракаларини ўтказиб АҚШга қайтди.
4-факт. Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистонга кела олмайдиган тақдирда ҳам ЎБХҲ, кейинчалик «Бирлик» партияси раиси сифатида аҳъён-аҳъёнда қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистонга келиб, у ерда бирмунча вақт турган ҳолда, ташкилот иши координацияси билан шуғулланиши мумкин эди. Қўрқди, келмади. Бу ҳолда иқтисодий қийинчиликни рўкач қилиш ўринсиздир, чунки ҳокимият учун курашаётган сиёсий партия раҳбарининг асосий вазифаларидан бири ташкилот эҳтиёжлари учун маблағ топиш йўлларини излаш ва уни шакллантиришдир.
«Тарихий шахс» қалбидаги бу қўрқув 2001 йили ЎБХҲ ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Қашқадарё вилояти бўлимлари раиси, собиқ халқ депутати Шавриқ Рўзимуродов ИИВ подвалида қийнаб ўлдирилгандан кейин янада кучайган бўлиши мумкин. Фикримча, суиқасдни бошидан кечирган, Шавриқнинг ўлимини эшитган ва Ислом Каримов режими дунёвий ва диний мухолифатни шафқатсиз бостираётганидан ўзича хулоса чиқарган «тарихий шахс»нинг ҳаёт ва сиёсий курашга муносабатини қўрқув тубдан ўзгартирган бўлишининг эҳтимоли катта бўлиб, у юқорида қўйилган учинчи саволга тўлиқ жавоб бериши мумкин, деб ўйлайман, бироқ мен жавобни мақола сўнгида келтираман.
Абдураҳим Пўлатов наздида унинг Зоҳид Ҳақназаров, Дадахон Ҳасан, Алибой Йўляхшиев, Сулаймон Муродов, Гулчеҳра Нуруллаева, Зафармирзо Исоқов, Холмирза Носиров, Холхўжа Юнус, Ҳазратқул Худойбердиев, Баҳром Ҳамроев, Бахтиёр Ҳамроев, Ёдгор Обид, Исмоил Дадажонов каби ва талай бошқа собиқ сафдошлари ЎБХҲ (ёки партия) сафидан кетиб ёки уни («тарихий шахсни») танқид қилиб хоинга айланганлар. Бу ёрлиққа эга бўлиш «шарафига» мен ҳам эришганман. Биз хоинлар орасида энг илғоримиз Муҳаммад Солиҳ эканини ҳамма билади, - у, назаримда, туғилгандан бери Абдураҳим Пўлатов томонидан хоин деб эълон қилинган. Мен, Бахтиёр Ҳамроев ва Муҳаммад Солиҳ билмаган ва ҳатто ҳаёлимизга ҳам келмаган нарсалар бор экан, – буни Абдураҳим Пўлатов «Ҳаракат» сайтида ёзиб «кўзимизни очди»:
(а) биз «Бирлик»дан кетиб Ислом Каримов режимини мустаҳкамлабмиз;
(б) ва шу туфайли менинг куёвим Азам Фармонов, Бахтиёрнинг ўғли Ихтиёр Ҳамроев ва Муҳаммад Солиҳнинг укалари Муҳаммад, Комил ва Рашид Бегжоновлар қамалибдилар.
Муҳаммад Солиҳни билмайман-ку, чунки у билан бу ҳақда ҳали гаплашиб кўрганим йўқ, бироқ мазкур кашфиётни эшитиб, мен ва Бахтиёр Ҳамроев Абдураҳим Пўлатовнинг темирдай қаттиқ мантиғига қойил қолдик. Хафа бўлмасангиз, ҳурматли ўқувчи, тушунтиришни (б) дан бошлайман.
Мен Абдураҳим Пўлатовнинг акалари Анвар ва Абдуҳаким акаларни, укалари Абдуҳамид ва Абдумажидларни яхши танийман ва уларни чин қалбимдан ҳурмат қиламан. Бироқ уларнинг бирортаси ёки фарзандлари шу пайтга қадар қамалмаганлиги (уларни Аллоҳнинг ўзи асрасин) иниси Абдураҳим шу пайтга қадар «Бирлик»да собит турганида экан!!! Тушундингизми? Бу мантиқда жон борми? «Бор» деб бемалол айтиш мумкин ва мисолни узоқ излашга ҳожат йўқ: Абдураҳим Пўлатовнинг ўнг қўли ҳисобланган Васила Иноятова «Бирлик»ка «шеф»данда содиқроқ бўлгани учун оиласи ва қариндош-уруғи типпа-тинч, уларнинг бирортасининг бурни қонаган эмас! Тушунарлими? «Бирлик»нинг кучига қаранг-да!: бу хонимнинг ишлабчиқариши ҳам, учта машинаси ҳам бешикаст юриб турибдими? юриб турибди!; қизининг тўйини Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ресторанида ўтказдими? ўтказди, биров «нари тур» дегани йўқ!; ҳуқуқбонлар (масалан, жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев, Мамир Азимов, Зиёдулла Раззоқов ва бошқалар) элчихоналар томонидан учрашувга таклиф қилинганларида уйлари дарҳол милиция томонидан қуршовга олинаётган бир пайтда Васила Иноятова ўзининг ГАЗ-3110 машинасида мамлакатнинг истаган ҳудудига ҳеч қандай тўсиқсиз бориб келаяптими? йўлда милиционерлар «честь» бераяптими-йўқми, айта олмайман, бироқ ДАН ходимлари ҳатто бирор марта тўхтатганини эшитмадик! Андижон воқеаларидан кейин у «Бирлик»нинг Бош котиблигидан ўз ихтиёри билан кетганлигини Интернет орқали эълон қилганда эрими, ўғлими, акасими, – қайсидир биттаси қамалишига сал қолувди, шекилли, дарров «э-пе» демасдан ўз лавозимига қайтди! Буларнинг ҳаммаси «Бирлик» туфайли бўлмай, нима? «Бирлик»дан чиқиб кўрсин-чи, қаерда турар экан?!! Айтгандай, мен Абдураҳим Пўлатовнинг яна бир укаси – Абдуманнобни салкам унутаёзибман. У қамалган 1992 йилни яхшиси эсламайлик – у йилларда «ит эгасига боқмаган» пайт бўлиб, ундан сал илгарироқ Ислом Каримовнинг укаси Хуршид ҳам қамалган эди. 1996 йилдан бошлаб Абдуманноб АҚШдан уч марта Ўзбекистонга келиб кетди, бироқ у собит бирликчи Абдураҳим Пўлатовнинг укаси бўлгани учун қамалмади! Агар ўша пайт акаси Абдураҳим Пўлатов «Бирлик»дан кетиб, масалан, АҚШнинг Демократик партиясига ўтиб кетган бўлганда эди, укаси, турган гап, қамалар эди! Мазкур мантиқнинг замини бу қадар мустаҳкам эканини кўриб, сиз, муҳтарам ўқувчи, шошилиб: «Ундайда, «Бирлик» партияси «Фидокорлар», «Миллий тараққиёт» ёки «Либерал демократлар» каби давлат партияси экан-да!» - деган хаёлга борманг. Асло! «Бирлик» - Ўзбекистонда демократия учун курашаётган ягона, яна такрорлайман, я-г-о-н-а партия!
Абдураҳим Пўлатовнинг мантиғи (логикаси) Арасту (Аристотель)нинг логикасидан ҳам кучли эканлигига сиз ҳам, азиз ўқувчи, қойил қолган бўлсангиз керак!
Баъзи оғзига эрк берувчилар Абдуманнобнинг қамалмаганини унинг 1996 йили 21 августда АҚШдан биринчи бор келганда Ислом Каримов номига ёзган хати билан боғлашади. Бу хатда у юртбошини кўкларга кўтариб, юргизаётган сиёсатини мақтаб ҳаммани лол қилган эди. Бироқ, унинг қамалмаганининг асл сабаби, гарчи у 1992 йили қамалган бўлса-да, «Бирлик»дан чиқмаганлиги ва «тарихий шахс»нинг укаси бўлганида эканлиги йўғон илон тор тешикдан бемалол чиқиб келгандай Абдураҳим Пўлатовнинг мантиғидан чиқиб келаверади.
Шу жойда Дадахон акага ҳайронман: Абдураҳим Пўлатовнинг сафдоши, партиядоши бўлиб юравермайсизми, дискларга ёзилган ашулаларингизни одамлар милиция ва прокурорлардан қўрқмасдан эшитаверишар эди, дискларингиз ҳам бемалол сотилаверар эди, ўзингизни эса тўйига оддий халқ тугул, тўйини Тошкент шаҳар ҳокимияти ресторанида ўтказадиган одамлар ҳам таклиф қилар эди. Эҳ, содда Дадахон Ҳасан!
Яқинда бир танишим қўнғироқ қилди. Абдураҳим Пўлатовнинг «Бахтиёр Ҳамроев, Муҳаммад Солиҳ ва Толиб Ёқубов «Бирлик»ка хоинлик қилганлари учун яқинлари қамалди», деган иддаосидан унинг хабари бор экан. Танишим: «Нега у ҳолда Муътабар Тожибоева, Турсунбой Ўтамуродов, Жамшид Каримов, Насим Исоқов, Собир Тўлаганов, Баҳодир Мухторов, Умида Ниёзовалар қамалди? Уларнинг ҳам отаси ёки ака-укалари «Бирлик»ка хоинлик қилишувдими? - деб сўраб қолди. Менинг: «Уларнинг бирортасининг «Бирлик»ка алоқаси йўқ» - деган жавобимни эшитгач, у: «Ё, товба, бу Абдураҳим Пўлатов деганнинг оғзининг ўлчови борми-йўқми? – дея ажабланиш билдирди. «Оғиз ўлчови» иборасини мен илгари эшитмаганим учун унинг гапидан завқланиб кулдим.
|