21 сентябрь 2008й Ҳар бир инсон энг аввало ўзини ҳурмат қилиши керак. Бу дегани шуки, ҳар бир инсон ўзлигини сақлаб қолиши керак. Ҳар бир инсоннинг айтган ҳар бир сўзи у қилаётган ҳар бир ишга мос келиши керак.
Ўзини бошқалар ҳурмат қилишини истаган одам ишни энг аввало ана шундан, яъни ўзини ҳурмат қилишдан бошлаши керак. Ундан кейин ўз ота онасини, болаларини, ёру биродарларини, таниган ва танимаган одамларни ҳурмат қилиши лозим. Бу ҳар биримизнинг энг оддий инсоний бурчимиздир.
Агар у инсон бирор ташкилот ёки гуруҳнинг раҳбари бўлса, у ҳолда бу раҳбар ҳурмат қилиши лозим бўлган одамлар сони корхонанинг катталигига қараб кўпая боради. Уддабўрон тадбиркорлар шуни билишадики, агар улар ўз қўл остида ишловчи инсонларни қанчалик ҳурмат қилсалар уларнинг корхонасини баракаси ҳам шунчалик юқори бўлажак.
Фикримизни шу йўналишда давом эттирсак, давлат раҳбари ҳам ўз ўзини ҳурмат қилишидан ташқари яна миллионлаб одамларни ҳам ҳурмат қилиши керак. У ўз қўл остидаги ҳар бир вазир, амалдор, турли туман ташкилот, корхоналарнинг раҳбарларини ва энг асосийси ўз фуқаролари, ўзи ва халқ вакиллари қабул қилган қонунларни ҳурмат қилиши лозим.
Агар кўчадаги оддий бир инсон бошқаларни ҳурмат қилмаса бу энг аввало уни ўзига ёмонлик келтиради, масалан, унинг ҳурматсизлиги боис дўстлари ва оға инилари ундан юз ўгиришлари мумкин.
Агар у одам ҳаддидан ошиб, мамлакат қонунларига ҳам ҳурматсизлик қилса, у ҳолда давлат қонунни ҳимоя қилиш органларининг ходимлари бундай қонунбузарни оёғини ерга теккизмай, бир пасда уни маҳкамага топширадилар ва унга қилмишига яраша жазосини берадилар.
Ўз маданиятсизлиги, ўзига ва ўзгаларга нисбатан ва айниқса мамлакат қонунларига нисбатан ҳурматсизлик қилган одамлар бу номаъқул ишларнинг оқибатлари ана шундай тугашини билгач ўзларини сал бўлсада сипороқ тутишга, ўзларини бўлмаса ҳам бошқаларни ва қонунларни ҳурмат қилишга мажбур бўладилар.
Бу ўринда айниқса қонунларга нисбатан ҳурмат кўрсатиш катта аҳамиятга эгадир ва бу демократик давлатларда худди шундайдир.
Ҳукуматни бошқаришда диктаторлик йўлини тутган бўлишига қарамасдан Покистоннинг собиқ президенти Первез Мушарраф Парламентдаги кўпчилик халқ вакилларини сўзини тинглашга, уларни ҳурмат қилиб истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Айнан худди ана шундай мажбурият остида куни кеча Жанубий Африка президенти Мбеки ҳам, Исроил бош вазири Е.Ольмерт ҳам истеъфога чиқишга мажбур бўлдилар.
Ҳатто диктаторликда ҳаммадан ҳам кўп пиғини ёрган, бир неча маротаба қалбаки йўллар билан президентлик сайловлари ўтказиб, сал кам 30 йилдан бери ўз тахтини сақлаб келаётган Зимбабве президенти Роберт Мугабе ҳам бугун ўз халқи ва дунё жамоятчилиги талабларига ҳурмат кўрсатишга ва ҳокимиятни мухолифат вакили Зангирай билан бўлишга рози бўлди.
Россияни авторитар йўл билан 8 йил бошқарган В.Путин ҳам мамлакат конституциясига ҳурмат кўрсатиб, учинчи маротаба ўз номзодини президентликка қўйишдан бош тортди ва олий ҳокимият тизгинларини Д.Медведевга топширди.
Энди жаноб Каримов, бир эътибор беринг: Сиз Ўзбекистонга давлат бошлиғи бўлиб ўтиргандан бери, қарийб 20 йиллик давр мобайнида давлат тепасида ўтирган бир талай инсонлар замон, қонун, халқ ва вақт талаби билан бирин кетин ўз ўринларини бошқаларга бўшатиб бердилар. Улар ичида Билл Клинтон, В.Путин, П.Мушарраф, Тҳабо Мбеки ва бошқалар бор. Слободан Милошевич, Саддам Хусайн каби ҳокимиятга тиш тирноқлари билан ёпишиб олган диктаторлар эса куч билан ағдарилдилар, Сапармурод Ниёзовга ўхшаганларга эса Оллоҳ таоло ўз жазосини берди.
Хўш, жаноб Каримов, сиз нимани кутиб турибсиз?
Сизни ҳам халқ оёғингизни осмондан қилиб ағдаришиними ёки Оллох таолони жазосини кутиб ўтирибсизми?
Сиз ҳар икки йўл билан бўлсада ағдарилишга муносибсиз. Чунки сиз на ўзингизни, яъни ўзингиз айтган сўзларингизни, на вазирларни, на халқ вакилларини ҳурмат қиласиз, на мамлакат қонунларини ўз жойига қўясиз.
Қандай айлантириб қараманг сиз қип қизил қонунбузарни ўзисиз.
Агар Сиз оддий одам бўлганингизда эди ва ўша ҳолатда одамларни ҳурмат қилмаганингизда одамлар сизга қўл силтаб "Э сени ҳурматинг бошингдан қолсин! Пишириб емайсанми ҳурматингни!" деб кетишлари мумкин эди.
Аммо Сиз жаноб Каримов оддий одам эмассиз. Сиз давлат бошлиғисиз, бу вазифани ҳар хил ноқонуний йўллар билан эгаллаган бўлсангизда. Бу дегани Сиз ҳам ўзингизни, ҳам ўзгаларни ва айниқса мамлакат қонунларини ҳурмат қилишда барчага ўрнак бўлишингиз керак эди.
Аммо афсуски Сиз бу нарсаларни нақ 180 градус тескарисини қилмоқдасиз.
Сиз Ўзбекистоннинг софдил ва меҳнаткаш фуқароларига нисбатан чуқур ҳурмат ва эътибор кўрсатиш ўрнига уларга нисбатан ўтакетган ҳурматсизлик қилмоқдасиз. Ҳаттоки кўчадаги оддий безорилар ҳам мўмин мусулмонларга нисбатан сиз каби ҳурматсизлик қилаётганлари йўқ. Сиз минглаб инсонларни, уларнинг қадру қийматларини ўз оёқларингиз остига олиб, топталаб келмоқдасиз.
Агар кўчадаги бир безори бир бегуноҳ инсонга нисбатан сиздек ҳурматсизлик қилганда эди, агар у бир мўмин мусулмонга нисбатан сиздек зўравонлик қилганда эди уни қонун доирасида жазога тортиш лозим бўлар эди.
Хўш, бегуноҳ бир инсонга нисбатан зўравонлик қилган давлат бошлиғига нисбатан халқ нима қилиши керак?
"Мен кимга нисбатан зўравонлик қилибман?!" деб ўшқирмай қўя қолинг. Чунки сизни ўшқиришингиз барибир қалтироқ чиқади. Чунки ёлғон сўзлаётган одам ҳарчанд уринмасин у астойдил ва юракдан, шер каби ҳайқира олмайди.
Сиз жуда яхши биласизки, шоир Юсуф Жума, унинг ўғли Машраб Жумаев, ёзувчи Мамадали Маҳмуд, қори Абдували Мирзо, мухолифат раҳбарларидан бири бўлмиш Мухаммад Солиҳнинг укалари журналист Муҳаммад Бекжон ва Рашид Бекжон, собиқ парламент вакили Мурод Жўраев, инсон ҳақлари курашчилари Аъзам Фармонов, Солижон Абдурахмонов ва яна минглаб бошқа инсонлар ҳеч бир гуноҳлари бўлмаган ҳолда, шахсан сизнинг жиноий кўрсатма ва фармонларингиз сабабли қамоқларда азоб чекмоқдалар.
Агар Сиз "Кўпчилик аҳоли буларни, яъни менинг бундай қонунбузарликларим ва зўравонликларим ҳақида ҳеч нарса билмайди" деб ўйласангиз катта хато қиласиз, жаноб Каримов.
Чунки ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, сизнинг жиноятларингизни ҳам яширишни ортиқ иложи қолмади. Чунки ана ўша қамоқларда ётган ўн минглаб оддий ва бегуноҳ инсонларнинг юз минглаб қариндошлари бор. Бу инсонларнинг оҳу зорларини тинглаётган миллионлаб яхши инсонлар бор бу дунёда!
Сиз бугун нафақат Ўзбекистон халқи олдида, балки бутун башарият олдида ҳар куни ўтакетган золим бир давлат раҳбари сифатида тонг таратиб шармандаи шармисор бўлмоқдасиз.
Ўз хато ва гуноҳларини тушунган, уларни тушунгач эса тавба тазарру қилган инсонларни Оллоҳ ҳам, унинг ердаги бандалари ҳам кечирадилар.
Мушарраф, Мбеки, Ольмертлар ўз хатоларини тушунганликлари сабабли мардлик қилиб ўзлари ўз ихтиёрлари билан истеъфо бердилар. Чунки улар ҳўкизга ўхшаб, ҳаммага қарши оёқ тираб туришлари яхшиликка олиб бормаслигини яхши тушуниб етдилар.
Хўш, сиз нимани кутиб турибсиз, жаноб Каримов?
Ҳазратқул Худойберди
www.stopdictatorkarimov.com
2008.09.21
|