Жума, 29.03.2024, 00:11
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 19 » Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Женевадаги элчиси
00:44
Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Женевадаги элчиси
 Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида Ўзбекистон элчиси этиб тайинланган. 

36 яшар Гулнора Каримова  Ислом Каримовнинг эҳтимолий сиёсий меросхўри сифатида кўрилади.

Бу Каримова хонимнинг шу йил бошидан иккинчи лавозимга тайинланишидир.

2008 йил бошида Гулнора Каримованинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг маданий-гуманитар соҳалардаги халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинган.

Бундан олдин у Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида, Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Хўш, Каримова хоним учун учун нега айнан БМТнинг Женевадаги қароргоҳи танланган? Би-би-си ушбу савол билан Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Жон Маккартига мурожаат қилди. 

Жон Маккарти:Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳи мазкур ташкилотнинг Нью-Йоркдаги идорасидан кейин энг йирик қароргоҳ саналади. Женевадаги қароргоҳда бир ярим мингдан ортиқроқ одам ишлайди. БМТ қароргоҳида бир неча идоралар фаолият кўрсатишади. Улар қаторида қуролсизланиш, инсон ҳуқуқлари каби бир неча соҳалар мавжуд. Табиий, бу фаолият билан Нью-Йоркдаги қароргоҳда ўтирганлар ҳам шуғулланишади. Женевадаги қароргоҳда бирор бир мамлакат элчиси бўлиш анчайин салмоқли дипломатик лавозим саналади. Бу лавозимдаги шахснинг дипломатик фаолияти доираси жуда кенгдир. Бошқа мамлакатларнинг вакиллари билан учрашувлар учун ҳам бу ер жуда қулай жой ҳисобланади.

Би-би-си:Гулнора Каримова айни лавозимда асосан нима билан машғул бўлади деб ўйлайсиз? Чунки аксарият кузатувчилар, масалан унинг аввалги вазифаларини, хусусан, Ташқи ишлар вазирлигида маданиий ҳамкорлик учун масъул бўлганини анчайин рамзий бир лавозим деб айтиб келишарди...

Жон Маккарти:Йўқ, назарий жиҳатдан Каримова хонимнинг янги лавозими жуда муҳим саналади. Айниқса, Гулнора Каримованинг аввалги лавозими билан солиштирганда... Аммо биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Гулнора Каримова профессионал дипломат эмас. Мен ўйлайманки, у уддалаши лозим бўлган анча ишларни унинг ёрдамчилари бажаришади.

Би-би-си:Гулнора Каримова 2002 йилда эри америкалик Мақсудий жаноблари билан ажрашганидан кейин Америка маҳкамаси уларнинг икки фарзандига оид қарор чиқарганди. Бу қарорга кўра, Каримова хоним ўз фарзандларини ноқонуний Ўзбекистонга олиб чиқиб кетган. Ўзбекистон маҳкамасининг ажралиш ҳақидаги ҳукми ҳам тан олинмаган. Бу эса Каримова хонимни назарий жиҳатдан Ғарбда, айниқса Америкада маҳкама қарори туфайли ҳибсга олинишини англатарди. Энди эса Гулнора Каримова Бирлашган Миллатлар Ташкилотида дипломатик мавқега эга ва бу дипломатик дахлсизликни англатади, шундай эмасми?

Жон Маккарти:Шундай, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дипломати ўлароқ, Каримова хоним иш юзасидан сафарлари давомида Америкага сафар қилиши ва эмин-эркин БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳига кириб чиқиши мумкин. Яъни, Америка Қўшма Штатларининг Адлия тизимидаги мавжуд тартиб-қоидалар дипломат Гулнора Каримовага дахл қилмайди. Назарий жиҳатдан, Каримова хонимни ҳибсга олишолмайди, чунки бу йирик дипломатик можарога сабаб ҳам бўлиши мумкин.

Би-би-си:Кўплаб кузатувчилар Гулнора Каримованинг каттароқ лавозимларга иштиёқманд эканини, Президент Каримов ҳам ўз ўрнига садоқатли меросхўр қидираётганини айтишади. Агар Каримова хоним ростдан ҳам президентликдан орзуманд бўлса, унда Женевада дипломат бўлгандан кўра, Ўзбекистондаги сиёсий кураш майдонида чиниққани маъқул бўлмасмиди?

Жон Маккарти:Ҳа, рост, у Женевадаги янги лавозим билан бўлиб, Ўзбекистондаги сиёсий саҳнанинг ўйинларидан четда қолиши мумкин. Бир маънода, Каримова хонимнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида дипломатик лавозимда ва мамлакатдан анча узоқда бўлиши унинг Ўзбекистондаги мавқесини анча заифлаштириши эҳтимолдан холи эмас.

Би-би-си:Шахс ўлароқ гапирадиган бўлсак, Гулнора Каримова бир кун қарасангиз шоира, кейин хонанда, баъзида заргар, баъзида ҳомий... Унинг касбий бир беқарорлигига эътибор қаратаётганлар нафақат хорижда, балки мамлакат ичкарисидаги сиёсий элита аъзолари орасида ҳам борлиги айтилади. Нима бўлганда ҳам, БМТнинг Женевадаги қароргоҳида элчилик лавозимини ҳисобга олсак, Каримова хоним ниҳоят анча барқарорлашадиган бўлипти, дейиш мумкинми?

Жон Маккарти:Қайсидир маънода, ҳа шундай. Аммо Каримова хоним мана энди бу лавозимда бутунлай тиниб-тинчиди ва ўзининг касбий фаолиятига доир бир қарорга келди, демаган бўлардим. Ўзбекистон каби мамлакат президентининг қизи бўлганингиздан кейин, биласизми, касбингиз борасидаги қарорни ҳар ой ўзгартиришингиз мумкин. Истаган касбни ҳам танлаш мумкин. Менинг назаримда, Гулнора Каримовага хорижий яшаш тарзи ёқади. Лекин Гулнора Каримова фуқароларга ҳизмат қилишни назарда тутадиган сиёсий ва жамоат идораларида муқим ишлашга қарор беради деб мен ўйламайман.

Просмотров: 1661 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 4.0/1
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей