Сешанба, 23.04.2024, 13:51
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 19 » Ўзбекистонда бензин нархининг ошиши кимга азаю кимга тўй?
00:36
Ўзбекистонда бензин нархининг ошиши кимга азаю кимга тўй?
Ўзбекистонда бензин нархи 15 сентябрдан 20 фоизга ошиши ва бунинг ортидан озиқ-овқат нархлари яна бир юқори поғонага кўтарилар экан, давлат маъмурлари бозорлар ва хусусий дўконлардаги нархларни сунъий равишда ушлаб туришга ҳаракат қилишмоқда.

Кейинги йилларда маош ва нархларнинг номутаносиб ошишига кўникиб қолган одамларда эса, бу ўзгаришларга нисбатан бефарқлик ва тушкунлик сақланиб қолаётгандек.

Бензин нархи ошиши одатдагидек ҳеч бир огоҳлантиришсиз юз берди ва нархлар ошганининг эртаси куни ёқилғи қуйиш жойларида шахсий автоуловлар одатдагидан камроқ эди.

Бензин нархи бу сафар сезиларли даражада ошган, АИ-80 ёқилғиси 185 сўмга ошиб 1020 сўм, АИ-91 эса 205 сўмга кўтарилиб 1130 сўмга чиққан.

Август ойида президентнинг маошларни ошириш тўғрисидаги фармони чиққандан сўнг бензин нархи 10 сўмга ошган эди, холос.

Бугун ҳайдовчилар бу нарх ошиши кутилганидек ҳеч бир ташқи нолишсиз, лекин ички норозилик ила бензин харид қилишмоқда. Айни пайтда киракашлар дарҳол нархларни ўзгартиришган.

Кечадан шаҳар ичида такси нархи 500 сўмгача ошган. Фарғона водийсини пойтахт билан боғлаб турган киракашлар ҳам нархларни ўртача 3 ёки 4 минг сўмгача оширишган.

"Ўтган куни Тошкентга йўл кира ҳақи 12 минг сўм эди, бугун 15 минг сўмга келдим," дейди Намангандан келган киши. Унинг айтишича, Рамазон ойи муносабати билан йўловчилар қатнови сусайган, шу сабаб нархлар 3 минг сўмга ошган холос, акс ҳолда 5 ёки 6 минг сўмга ошган бўларди, дейди у.

Шаҳарлар ичида қатновчи “Дамас” каби хусусий микроавтобус ҳайдовчилари йўл кира ҳақини 100 сўмга кўтаришган.

Аксар одамлар сўнгги янгиликдан бехабар 

Ўзбекистонда ҳар гал бензин нархи ошиши ортидан бошқа товар ва маҳсулотлар нархи ҳам дарҳол ўзгарар эди. Бироқ бу гал маъмурлар имкон қадар озиқ-овқат нархларини ушлаб туришга ҳаракат қилишмоқда.

Юнусобод бозорида олий нав қозоқ уни сотаётган сотувчининг айтишича, улар кечадан ун нархини 50 сўмга туширишга мажбур бўлганлар. "Бир кило ун нархи 1550 сўм эди, ҳозир 1500 сўмдан сотишга мажбур бўляпмиз," дер экан сотувчи бу ҳолни изоҳлашдан бош тортди.

Лекин майда картошканинг килосини 600 сўмдан сотаётган сотувчи бозордаги бу ҳолни яшириб ўтирмади. "Йирик картошкалар бор, лекин уларнинг килосини 700 ёки 800 сўмдан соттирмаяпти, нархни кўтармайсанлар деб топшириқ берган. Эплаганлар яшириб сотяпти," дейди бу сотувчи.

Аксар мева ва сабзавотларнинг нархида ўзгариш юз бермаган. Бензин нархи ошиши ортидан ҳозирча фақат банан ва бошқа хориждан келтириладиган мевалар нархида бироз ўзгариш кузатилган.

Нон нархида ўзгариш йўқ 

Айрим кузатувчиларнинг фикрларича, бозордаги нархларни пасайтиришга уриниш ҳаракатларисиз ҳам одамлар нархларнинг доимий ўсиб боришига аллақачон кўникиб бўлди.

"Айниқса, Мустақиллик байрами ва унга тайёргарлик арафасида чегараларнинг ёпилиши ҳамда вилоятлардан пойтахтга маҳсулот келиши тўхтаб қолиши туфайли тошкентликлар бир катта синовдан ўтишди. Байрам арафасида аксар озиқ-овқат нархлари 50 фоизгача ошиб кетди ва энди бу нархлар мўътадиллаша бошлади," дейди улардан бири.

Унинг фикрича, октябр ойидан йўл чипталари ва унинг ортидан бошқа маҳсулотлар нархи ошиши муқаррар ва бу аҳолининг аксар қисми турмуш тарзида қийинчиликлар туғдириши тайин. Шу боис расмийлар ёнилғи нархи ошиши сабабларини ҳақида ҳеч нарса демасдан, бозорлардаги нархларни сунъий равишда бошқаришга уринишмоқда. 

Просмотров: 932 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей