Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоли жавоблари
Васила Иноятова - қарийб 20 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган инсон ҳуқуқлари фаоли.
Бугунда Иноятова-хоним ҳукуматни танқид қилиб келишига қарамасдан, Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият юритишига рухсат берилган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбаридир.
Васила Иноятова ва унинг "Эзгулик" жамияти Ўзбекистонда турли соҳаларда содир бўлаётган инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари билан шуғулланади.
Ўзбекистонда мустақил диндорларнинг таъқибга олиниши, инсонларнинг жамият ва маиший турмушдаги ҳақлари поймол этилиши, мамлакатдаги сиёсий ҳамда иқтисодий чекловлар ва ҳатто оддий одамларнинг ноодил маҳкама ва ёки айбловларга рўбару келиш ҳоллари ҳам "Эзгулик" эътиборидаги воқеликлардир.
Васила Иноятова СССРнинг сўнгги даврлари - 1989 йили Ўзбек тилига давлат мақоми бериш талаблари янграган ҳаракатларда фаол қатнашиш билан ижтимоий фаолиятини бошлаган.
Айнан 80-йиллар ўзгаришлари унинг сиёсий фаолиятига ҳам туртки берган.
Васила Иноятова - "Бирлик" Халқ ҳаракати (ҳозирги "Бирлик" Халқ ҳаракати партияси) аъзоси ва кейинчалик Марказий Кенгаши котибаси.
У инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ҳаётдаги фаолиятига боғлиқ айбловлар билан 90-йиллари бир неча бор ҳибсга олинган.
Россиядаги "Независимая газета" нашридаги шеърлари туфайли эса 1993 йили Ўзбекистон президентини ҳақорат қилишга оид айбловлар билан икки йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм этилади.
Васила Иноятова бошқарувидаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти 2003 йилдан бери расман рўйхатдан ўтказилган.
Шу асно "Эзгулик" Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилишига қарамасдан, мамлакатда қонунан иш олиб бораётган ягона ташкилот бўлмоқда.
"Айни сабаб боис баъзида мени Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати билан алоқада, деган гап-сўзларни ҳам айтиб қолишади. Аммо аслида бундай эмас" - дейди Васила Иноятованинг ўзи.
Қуйида Васила Иноятова Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб қайтаради:
Би-би-си: АҚШдан Якдил исмли тингловчимиз ҳозир Ўзбекистонда турли инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳамда ташкилотлари бор, уларнинг қай бири мамлакат равнақига ҳисса қўшмоқда, деб сўрайди.
Васила Иноятова: Ҳозир ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тузилган. Улар Ўзбекистонда фуқаровий жамият қураяпмиз, дея жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиш учун 2-3 мингтача ташкилот тузишган. Аммо бу ташкилотлар Ўзбекистондаги реал ҳақиқатни очиб беролмас экан ва мен уларни мамлакат равнақи учун бирон иш қила олади, деб ўйламайман. Токи Ўзбекистонда мухолифат бўлмас экан ва мамлакатдаги бор муаммоларни мухолифат партияси кўтара олмас экан, менимча, бу каби ташкилотлар ҳеч қачон бу ишларни қилмайди.
Би-би-си: Мухолифатга оид бир савол. Кореядан Жаҳонгир исмли тингловчимиз ёзаяпти ва не боис Абдураҳим Пўлатов ("Бирлик" Халқ ҳаракати партияси раҳбари) Ўзбекистонга кела олмайди? Ахир сиз Ўзбекистон ичкарисида ишлаб юрибсиз-ку, деб савол қўяди.
Васила Иноятова: Абдураҳим Пўлатов бир неча маротаба Ўзбекистонга келишга ҳаракат қилган паспорт олиш учун. Президентлик сайлови олдидан ҳам мурожаат қилганига гувоҳ бўлганмиз. Менинг Ўзбекистонда фаолият қилаётганим, Ўзбекистонда яшаётганим - бу менинг табиатимга боғлиқ. Мен мана шу ватанда қолиб,майли, у жаҳаннамми, жаннатми, ўтми, ўланми, ишқилиб мана шу ерда қолиб, керак бўлса, жонимни беришга ҳам тайёрман.
Би-би-си: Тошкентдан Тоҳир Юсупов эса сиёсий фаолият юритишдан асил мақсадингиз нима, деб сўрамоқда.
Васила Иноятова: Мен сиёсий фаолиятимни 1989 йил бошлаган пайтим мақсадим - Ўзбекистоннинг мустақиллигини, ўзбек халқига озодлик, эркинлик берилишини кўриш эди. Мен ҳали мақсадимдан қайтмадим, чунки бу мақсадимга эришганим йўқ.
Би-би-си: Исмоил исмли тингловчимиз эса ҳозирги тузум туфайли Ўзбекистон анча хароб ҳолга келган, деб ёзади ва энди уни тузатиш учун қанча вақт кетиши ҳамда нима қилиш кераклиги борасида фикрингизни билмоқчи.
Васила Иноятова: Ўзбекистонни мана шу таназзулдан чиқариш учун қанча вақт кетишини ҳеч ким билмайди. Чунки бу нафақат Ўзбекистоннинг ички вазияти ва сиёсатига, балки ташқарига ҳам боғлиқ. Агар халқ ўз озодлиги учун курашмаса, агар мухолифат - "Эрк", "Бирлик", "Озод деҳқонлар" ва ёки ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар биргаликда ҳаракат қилишмаса, бир ёқадан бош чиқаришмаса, Ўзбекистонда ҳеч қачон ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Аксинча, бугун бўлаётган воқеалар эртага ҳолва бўлиб қолиши мумкин.
Би-би-си: Анвар исмли ўқувчимиз Ғарбда таълим олаётган ёшларнинг бирлашиб, бирон сиёсий партия ташкил этишига қандай қарайсиз, деган маънода савол сўраган.
Васила Иноятова: Агар кимдир сиёсий партия тузмоқчи бўлса, бу партия ватан ичкарисида бўлиши керак. Булар яна ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга қодир бўлишлари керак. Агар бирон тазйиқлар бўлса ва улар қочиб, чиқиб кетишса ва ёки фаолиятларини йиғиштириб қўйишса.... Албатта, мен тушунаман, қўрқув - инсонга хос нарса. Аммо қўрққандан фойда йўқ.
Би-би-си: Анвар исмли тингловчимиздан яна бир савол. Фаолиятингизни Ўзбекистондаги амалдорлар коррупциясига ҳам қарши қаратсангиз бўлмайдими, умуман, бундайин бирон ташкилот ўзи борми, деб сўраган.
Васила Иноятова: Менимча, бу йигит "Эзгулик"нинг фаолиятидан бехабар бўлса керак. Бизнинг қилаётган ишларимизнинг 90% айнан коррупцияга қарши қаратилган. Чунки коррупция туфайли кўплаб амалдорлар бутун республика бўйича оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини топтаб ётишибди. Бу ҳуқуқ бузилишларининг кўпи эса коррупцияга бориб тақалади. Хуллас, коррупцияни четлаб ўтиб, фаолият юритишимиз мумкин эмас.
Би-би-си: Сотиволди исмли ўқувчимиз эса Ўзбекистонда бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари таъқибга учраётган бир пайтда, сизнинг ташкилотингиз рўйхатга олинганини ва бемалол ишлаётганини таъкидлайди. Ҳукумат сизнинг ташкилотингиздан ўз мақсадларида фойдаланаётгани ҳақида эшитганини ва бу борада сизнинг фикрингизни билиш истагида эканлигини айтади.
Васила Иноятова: Жуда унчалик эмас. "Эзгулик"ка нисбатан ҳукумат тарафидан таъқиб ва тазйиқ бўлмаяпти, десак катта хато бўлади. Чунки эртаю кеча таъқиб-тазйиқлар бўлмоқда. Мана, уч йилдан ошибдики, тўрт нафар вакилимиз, минтақавий ташкилотларимиз раҳбарлари қамоқда ўтиришибди. Ҳозиргача еттита вилоят ташкилотимиз рўйхатга олинмаётир. "Ҳукумат фойдаланаяпти", деган гапга эса қўшилмайман. "Эзгулик"дан шу пайтгача ҳеч ким фойдалангани йўқ ва ҳеч ким бадном бўлгани йўқ.
Би-би-си: Айни пайтда хавфсизлик хизматларига алоқангиз йўқ экан, наҳотки, шу пайтгача ҳеч ким сиз билан алоқага чиқмаганми, ҳамкорлик таклиф этмаганми, деган савол ҳам бор.
Васила Иноятова: Хавфсизлик хизматларидан, албатта, бир эмас, бир неча маротаба ҳамкорлик таклифлари айтилган. Ишламайдиган одамларнинг олдига хавфсизлик хизматлари ҳеч қачон келмайди. Аммо ишлайдиган одамлар олдига улар ҳар доим келишади ва келганда ҳам қийин-қистовга олишади, нозик-нозик бўғинлардан ушлашга, орқаваротдан зарба беришга ҳаракат қилишади. Аммо биз яхши бир йўлига ўтганмиз ва конструктив мулоқот таклиф этганмиз. Яъни уларнинг ҳамкорлигига биз конструктив мулоқот билан жавоб берганмиз. Биз хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилмаймиз. Аммо Ўзбекистондаги мавжуд муаммолар бўйича ҳар қандай ташкилотни жалб қиламиз. Бу хавфсизлик хизматлари учун эмас, балки биз учун керак.
Би-би-си: Саудия Арабистонидан Фарҳод исмли тингловчимизнинг ёзишича, Саудияда ўқиб қайтган унинг айрим танишлари қамоққа олинганлар ва ҳозир улар ватанга қайтишдан ҳам қўрқиб қолишган. Нима учун Саудия билан Ўзбекистон орасида дипломатик алоқалар яхши бўлса ҳам, у ерда ўқиб келган кўпчилик Ўзбекистонда таъқибга учраяпти, деб сўрайди.
Васила Иноятова: Биласизми, қамоққа олиш бу энди икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқаларга боғлиқ эмас. Бугун Ўзбекистон ҳукумати учун асосий мухолифат - исломий экстремистик ва ёки шу каби кайфиятдаги гуруҳлар, деб топилган. Шу боис исломий билим олиб қайтган ёшларимиздан Ўзбекистон ҳукумати хавфсирайди ва балки мана шундан келиб чиқиб, турли сохта, уйдирма айбловлар билан уларни қамаётган бўлиши мумкин. Аммо менга шу пайтгача бу борада бирон маълумот келгани йўқ. Агарки, қамалаётган йигитлар ва уларнинг тақдири ҳақида бу йигитда маълумот бўлса, менга юбориши мумкин ва биз, албатта, бу иш билан шуғулланамиз.
Би-би-си: АҚШдан Абдулла Абдураҳимов савол йўллаган ва Ўзбекистон аҳлининг бошига тушган бугунги кўргиликлар аслида ўзимизнинг хулқ-атворимизга боғлиқ эмасмикан? Бизда порахўрлик, бировнинг ҳаққидан қўрқмаслик ва ё қариндошнинг мансабидан мақтаниш каби ҳолатлар бор. Шундайин воқеликлар ҳам ҳозирги аҳволимизга замин яратмаганми, дея истиҳола тарзида савол қўйилади.
Васила Иноятова: Авваламбор, бир ҳовуч амалдор ва ё порахўрни халқимиз билан боғлаш шарт эмас. Бунақа иркин-чиркин, халқнинг ичидан чиққан бир ҳовуч кимсалар ҳамма халқда бор ва бу фақат ўзбек халқига хос эмас. Ўзбек халқининг ичидан чиққан шундай кимсалар ўзбек халқининг бир дарди ва бир муаммосидир. Аммо бугунги тузум ва Ўзбекистоннинг ҳозирги оғир кунлари учун халқимизни айблаш нотўғри. Албатта, халқнинг ичидан чиққан вакиллар ўз хатоларини тан олишлари керак. Ўзларини мухолифатчи, сиёсатчи, деганлар, ташқарида фаолият юритиб, аммо бир тўхтамга келолмаётган, келиша олмаётган мухолифатчиларимизда айб, деб биламан. Ўзбекистоннинг бугунги йўқотишларида халқимизнинг ҳеч қандай айби йўқ.
Би-би-си: Сўнгги саволимиз сизнинг 20 йил олдинги фаолиятингиз - шоиралигингизга назар ташлайди. Ҳозир ҳам шеър ёзасизми ва нималар ҳақида ёзаяпсиз?
Васила Иноятова: Биласизми, охирги шеърим икки йил олдин Дадахон Ҳасановга бағишланган эди. Ўшанда Дадахон Ҳасанов АҚШ президенти Жорж Бушга хат битиб, "Бизга ёрдам беринг, Буш жаноблари", дея ёлвориб шеър ёзганлари менинг ғашимга теккан, жунбушга келгандим. Жавоб ёзган эдим, лекин Дадахон Ҳасанов мени нотўғри тушунибдилар, оғриқли қабул қилибдилар... Хуллас, шу - менинг охирги шеърим. Шундан бери шеър ёзмадим. Тўғриси, шеър ёзишга вақтим ҳам йўқ. Ишдан уйга келиб тинчгина телевизор кўриш ва ёки бемалол овқатланишга ҳам вақтим йўқ. Уйга келдим - компьютерга ўтираман, кетдим - ишхонага бораман, судга бораман, вилоятларга бораман.
Би-би-си: Катта раҳмат
|