Пайшанба, 14.11.2024, 22:09
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 14 » Гулнора Каримованинг тадбиркорлиги: “Дубайга саёхат”
16:57
Гулнора Каримованинг тадбиркорлиги: “Дубайга саёхат”

Гулнора Каримованинг тадбиркорлиги: “Дубайга саёхат”

(27 октябр кунги эшиттиришларимизда ҳавога узатилган лавҳанинг матни)

Бошловчи: Муҳтарам тингловчи, бундан икки ойча аввал Британияда чиқадиган нуфузли «Financial Times» газетаси «Ўзбекистон – Гулнора Каримова учун битмас-туганмас бойлик манбаи» деган мақолани чоп қилиб, Президентнинг тўнғич қизи юритаётган молиявий амалиëтларни элга дастурхон қилган эди. Биз бундан аввалги эшиттиришларимизда газетада келтирилган факт ва рақамларга асослича тўхталган эдик. 27 октябр, душанба куни Америка Қўшма Штатларининг Колумбия университетида «Ўзбекистонда порахўрлик» мавзуида Гулнора Каримованинг собиқ ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев маъруза қилди. Бу маърузада асосий эътибор Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг тадбиркорлик фаолиятига қаратилган. Ҳамкасбим Абдулла Искандар Гулнора Каримованинг собиқ ижроия директори Фарҳод Иноғомбеков билан ана шу мавзуда суҳбат ўтказди. Ҳозир мазкур суҳбатнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Бугунги суҳбат мавзуи -Гулнора Каримованинг Бирлашган Араб Амирликларидаги туризм бизнеси ҳақида.
Абдулла Искандар: Ассалому алайкум.
Иноғомбоев: Ассалому алайкум, ман Фарҳодман.
Абдулла Искандар: Мана, Фарҳод Иноғомбоев, сиз Гулнора
Каримова соҳиби бўлган Дубайдаги «Revi Holding» ширкатининг ижроия директорисиз шундайми?
Иноғомбоев: Тўғри, ҳа.
Абдулла Искандар: Мана шу «Revi Holding» ширкатининг фаолият доирасига туризм кирармиди?
Иноғомбоев: Ўзбекистондаги корхоналарни ўзининг назоратига олгандан кейин Гулнора Бирлашган Араб Амирликларида яна бошқа бир қатор компанияларни тузишга қарор қилган. Шулар қаторида «Unitrend Tourism» деган компания очган. «Unitrend Tourism»нинг уставной фондини «Revi Holding» тўлаб берган. «Revi Holding» юз фоиз Гулнора Каримованинг компанияси. «Unitrend Tourism» Дубайда ташкил топиб, 2003 йил бошидан, январидан ўз фаолиятини бошлаган. 2002 йил охирларида, декабрларда «Ўзбектуризм»дан генеральное соглашение контрактини олган.
Абдулла Искандар: Фарҳод, кечирасиз, «Озодлик» радиосига маълум бўлишича, бу ширкатга ўзбекистонликларнинг Дубайга боришларини ташкил қилиш бўйича монополия ҳуқуқи берилган. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, ўша монополия механизми ҳақида соддароқ қилиб гапириб берсангиз.
Иноғомбоев: Ўзбекистондан Бирлашган Араб Амирликларига борадиган туристлар шу компанияга кириб, ўз визасини шу компания орқали қилиши керак ёки визаси қўлида бўлса, шу компания ўша визани тасдиқлаши керак бўлган. Бу деган гап, Бирлашган Араб Амирликларига келадиган туристлар, шу компаниядан рухсат олиши керак деганидир. Компаниянинг муҳрисиз Ўзбекистоннинг Дубайдаги консулхонаси визани тасдиқламайди. Ўзбекистоннинг консулхонаси тасдиғи бўлмаса, туристлар Ўзбекистоннинг аэропортидан учиб кета олмайди. Чегара қўйвормайди шу иккита муҳрсиз. «Unitrend»нинг муҳрисиз, Ўзбекистон консулхонасининг муҳрисиз Ўзбекистон аэропортидан биттаям турист қонун бўйича чиқиб кета олмайди.

Абдулла Искандар: Туризм соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланишнинг, ҳар ҳолда, бирор ёмон тарафи йўқ. Хўш, сизни бу соҳада қаноатлантирмаган жиҳат нимадан иборат?
Иноғомбоев: Тўғри, туризм яхши нарса, айниқса, унинг Ўзбекистоннинг иқтисодиётига фойдаси бор. Лекин «Unitrend» шуғулланаётган туризм, умуман бошқа нарса. Биринчидан, монополия Ўзбекистонга эмас, Бирлашган Араб Амирликларининг ичидаги компания учун берилган. Бу компания Гулнора Каримованики. Бирлашган Араб Амирликларига Ўзбекистондан жудаям кўп аёллар боради. Фоҳишалик учун. Бу жуда катта муаммо. Буни Ўзбекистон ҳукумати жуда яхши билади. Консулхона, қолаверса, Ташқи ишлар вазирлиги буни жуда яхши билади. Ўзбекистондаги бошқа ҳукумат идоралари буни яхши билади.
Абдулла Искандар: Мана шу фоҳишабозлик деб атаётган муаммонгиздан Гулнора Каримованинг ўзининг хабарлари бормиди?
Иноғомбоев: Хабари борийди. Чунки буни биз, яъни бир қатор ҳамкасбларим билан бир неча марталаб огоҳлантирганмиз Гулнорани. Гулнора ҳам буни жуда яхши биларди. Лекин огоҳлантиришларимиз Гулнорага ҳеч бир таъсир қилмаган. У ўзининг режасидан қайтмаган.
Абдулла Искандар: Фарҳод, нима деб огоҳлантиргандингиз. Бу огоҳлантиришнинг мазмуни нимадан иборат бўлди?
Иноғомбоев: Ман бир неча марта айтганман. Биринчидан, деганман, жуда кўпларга маълумки, Ўзбекистондан жудаям кўп фоҳишалар келади Дубайга, жудаям кўп. Дубайнинг қайси кечки клубларини, ресторанларини олманг, Ўзбекистондан келган аёлларнинг сони жудаям кўп.
Бошловчи. Муҳтарам «Озодлик» тингловчилари, сиз Гулнора Каримованинг собиқ ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев билан Гулнора Каримованинг Бирлашган Араб Амирликларидаги туризм бизнеси ҳақидаги суҳбатни тинглаяпсиз. Иноғомбоев айтаётган ҳолатга мисол тарзида Дубайга саёҳат қилиб қайтган Гулруҳ исмли аёлнинг яқинда «Озодлик» мухбирига айтган сўзларига қулоқ солсак.
Гулруҳ: Фирма орқали ишга олиб кетган. Борганимизда унақа ишмас экан. Самолётдан тушганимизда бизнинг паспортларимизни олиб қўйган, билетларимизни олиб қўйган. Биз ҳам тушунмаганмизда. Уйга олиб кетган. Уч кундан кейин ишлайсан, деб ишга қўйган. Отеллар боракан. У ерда ҳамма қизлар ҳаром ишлар қилишар экан. Уларниям мажбур қилиб, алдаб олиб кетишган экан. Нечтаси йиғлайди у ердаям. Бир кунда йигирматаси билан бўласан, деган.
Бошловчи: «Озодлик» тингловчилари, бу алдов йўли билан Дубайга олиб борилиб, фоҳишаликка мажбур этилган самарқандлик Гулруҳ исмли аёл эди. Ички ишлар вазирлиги хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Равшан Пўлатов Араб Амирликларида фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар фаолиятига чек қўйиш борасида қатор ишлар қилинаётганини айтади.
Пўлатов: Бунақа алданиб олиб кетилаётганлар бор. Булар қўлга тушган. Ўшалар устидан жиноий ишлар қўзғатилган. Ўша ҳалиги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига асосан алдаб олиб кетганларнинг устидан жиноий ишлар қўзғатилиб, ҳаммасига керакли жазолар берилган.
Бошловчи: Аммо Гулнора Каримованинг собиқ ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев Дубайдаги манзарани бошқача тасвирлайди.
Иноғомбоев: "Ўзбекистон ҳаво йўллари" рейслари учадиган куни чиқиб кўринглар, нечта-нечталаб депортация қилишади у ёққа (Ўзбекистонга - А.И). Полиция шундоқ аэропортга олиб кириб келади. Биласизми, базида одамнинг кулгиси ҳам келади, йиғлагиси ҳам келади. Аэропортга қатор қилиб, командани олиб киргандай, ўша бечора ўзбек аёлларини қўлига кишан солиб олиб киришади, самолётга солиб учириб юборишади. Лекин улар йўлини қилиб, барибир яна Дубайга қайтиб келаверишади. Гулнора бу муаммоларни жудаям яхши биларди. Ўшанинг учун биз айтганмиз, бундай иш обрўингизга тасир қилиши мумкин, деб Гулнорага. Одамлар ҳар хил гап-сўзлар чиқаради. Чунки ҳар ҳолда Президентнинг қизи. Ўзига бундоқ "обрў" орттириш, манимча, бу жудаям нотўғри нарса бўлган. Ўзингиз ўйланг, Ўзбекистонда ҳозир одамлар жудаям қийин ҳаёт кечирмоқда. Лекин шу пайтда Президентнинг қизи Дубайда бир турист компанияси очиб , ўзбекистонлик хотин қизларнинг визасини тўғрилаб, улардан пул олади. Ночор аёллар эса Дубайда фоҳишалик қилиб юришади.
Абдулла Искандар: Қўлимиздаги ҳужжатларга кўра, туризм соҳасидаги бизнесдан Дубайдаги ширкатнинг банкдаги ҳисобларига Гулнора Каримова давомли равишда пул ўтказиб турган. Бу маблағнинг манбаи, сизнинг назарингизда, сиз айтган соҳа фаолияти билан боғлиқми?
Иноғомбоев: Ўша туризмдан келиб тушадиган анча-мунча фойдани Гулнора ўзининг ҳисобига, кейин ширкат ҳисобидан ўзининг шахсий ҳисобига ўтказади.
Абдулла Искандар: Туризм соҳаси Гулнора Каримова ширкатига қанчалик манфаатли, қанчалик даромадли бўлган?
Иноғомбоев: Биласизми, ўзи Ўзбекистондан Дубайга келадиган туристлар сони унчалик кўп эмас. Тахминан бир йилига ҳисоб чиқарса, бир прогноз қилинса, бу бунчалик бир катта даромад олиб келадиган бизнес эмас.
Абдулла Искандар: Нимага мана шу даромадсиз деб ҳисобланаётган соҳага Гулнора Каримова ўз назарини тикди?
Иноғомбоев: Биласизми, мен охирги пайтларда шу саволни ўзимга ҳам берардим. Лекин у Тошкентда бундан ҳам кам даромад олиб келадиган бизнесларни ўз назоратига олган. Мен фақат энди ҳозир бир хулосага қиляпманки, сабаби - очкўзлик, Гулнора Каримовачи, пулни жудаям-жудаям яхши кўрадиган инсон. Жудаям ичи қора инсон. Ман шундай деб ўйлайман.
Абдулла Искандар: Фарҳод, молиявий директор сифатида сизнинг манфаатларингиз нимадан иборат эди? Агар сир бўлмаса, Гулнора Каримовадан ўз вақтида қанча маош олгансиз? Сиз ҳам бекорга ишламагандирсиз?
Иноғомбоев: Йўқ, албатта, ман бекорга ишламаганман. Манга ойлик маош тўлаган. Мани маошим Ўзбекистондаги маошларга солиштирса, жудаям яхши бўлган.
Абдулла Искандар: Фарҳод, қўлимиздаги ҳужжатларда жуда катта рақамларни кўряпмиз. Олди-сотти шартномаларидан сиз қандайдир маънода фоизлар олмаганмисиз?
Иноғомбоев: Йўқ, йўқ. Гулнора Каримовада умуман бошқача система бўлган. Биз фақат маошда ишлаганмиз.
Абдулла Искандар: Фарҳод, мана суҳбатимиздан сизнинг Гулнора Каримовага анча яқин бўлганингиз маълум бўлди. Хўш, Гулнора Каримова қилган ишлардан унинг отаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов хабардормиди?
Иноғомбоев: Биласизми, баъзи нарсалардан хабардор, баъзи нарсалардан хабардор эмас, деб биламан. Чунки мани билишимча буларнинг оиласида информация асосан Гулнора ва Гулноранинг онасини назорати остида. Бу дегани отасига қанақа маълумот етиб келиши Гулнора билан онасининг - Татяна Акбаровнанинг назоратида, уларга боғлиқ. Энди бу табиий бу нарса. Гулнора ўзига маъқул келадиган нарсаларни отасига етқазади. Гулноранинг кимларнингдир бурнини қонатгани ёки кимларнингдир нарсасини олиб қўйгани тўғрисидаги гаплар, билмадим, қанчалик отасига етиб боради? Лекин, мен ўйлайманки, асосан, мана шу бизнес фаолиятидан отасининг жуда яхши хабари бор.
Абдулла Искандар: Муҳтарам тингловчи, эслатиб ўтамиз, сиз Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримованинг собиқ иш бошқарувчиси Фарҳод Иноғомбоев билан суҳбатни тинглаяпсиз. «Озодлик» микрофони айни пайтда Гулнора Каримова учун ҳам очиқ эканлигини билдирамиз.
Бошловчи: Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ молиявий маслаҳатчиси Фарҳод Иноғомбоев билан суҳбатни тингладингиз. Тошкентдаги мухбиримиз «Ўзбектуризм» миллий компанияси мулозимларидан «Дубайга саёҳат уюштиришга монополия ҳуқуқини «Unitrend Tourism» ширкатига берганмидингиз?» деб сўради. «Ўзбектуризм» мулозимлари мухбиримизга ҳеч қандай маълумот беришмади ва «бориб ўша ширкатнинг ўзидан сўранглар» дейишди. Кейинги дастурларимизда суҳбатнинг Гулнора Каримованинг олтин конлари¸кока-кола ва шакар импорти билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятига оид қисмини тинглайсиз

Просмотров: 1694 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 3.7/3
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей