Пайшанба, 14.11.2024, 21:55
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 12 » Анвар Усмонов уйи муайян шахслар томонидан ўзлаштирилган
22:40
Анвар Усмонов уйи муайян шахслар томонидан ўзлаштирилган

Анвар Усмонов  уйи муайян шахслар томонидан  ўзлаштирилган

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Германия Федератив Республикасининг Мюнхен шаҳри Герцогштандштрассе кўчаси, 19-уйда яшовчи мамлакатимиз фуқароси Анвар Усмонов мурожаат қилиб, ўзининг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Фозил Йўлдош кўчасида жойлашган уйи муайян шахслар томонидан талончилик ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини таъкидлаган.

Маълум бўлишича, 1987 йилда онаси Усмонова Миноварнинг васиятномаси асосида унинг номига ўтказилган уй Мирзо Улуғбек (аввалги Куйбишев) тумани уй-жой ва давлат кадастри бўлимида қайд қилинган. Шу пайтга қадар уйнинг барча солиқ ва мажбурий йиғимлари Анвар Усмонов томонидан тўлаб келинган. Мулкнинг тегишли тартибда мусодара қилингани, давлат ҳисобига ўтказилгани ёки уй эгасининг муайян эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилинганига доир ҳужжатлар мавжуд эмас.

Аслида эса мазкур хонадон Анвар Усмонов “Бирлик” халқ ҳаракати намоёндаларидан бири бўлгани, мавжуд тузумга мухолиф қарашдаги шахс экани боис 1992 йилда портлатиб юборилган. Ўша портлашда “Бирлик”нинг Абдураҳим Пўлат, Васила Иноят, Толиб Ёқуб, Дамин Нарзиқул сингари раҳбарлари қатори бахтли тасодиф туфайлигина омон қолгач, Анвар Усмонов Германия Федератив Республикаси ҳукуматидан олган сиёсий бошпана асосида муҳожирликда яшамоқда.

Бу ҳодисалар тафсилоти ҳақида ўз вақтида оммавий ахборот воситаларида кўп марта гапирилган. Анвар Усмоновнинг илтимосига кўра, вайрона хонадондан қўни-қўшнилар хабарлашиб туришган.

Бироқ Анвар Усмонов шу йилнинг баҳор ойларида ўз уйи ўрнида ҳашаматли иморат қад кўтараётгани, кимдир участкани сотиб олгани хусусида эшитади. Анвар Усмоновнинг билдиришича, қурилаётган иморат Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг якин кариндоши Тимур исмли шахсга тегишли экан. Юртдошимиз шундан сўнг Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига арз қилди, воқеа сабабларини суриштиришда қулайлик яратиш учун жамият раиси Васила Иноятова номига Мюнхен шаҳар нотариуси Рудольф Спурернинг тасдиғи билан ишончнома жўнатди.

Ишончнома Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси консуллик бўлими томонидан легаллаштирилди. Ҳужжат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқ учун олиб борилганида ишлар тўхтаб қолди, консуллик бўлими ходимлари ҳужжатни тасдиқлашдан бўйин товлашди.

Васила Иноят шу кунга қадар Анвар Усмоновнинг аризаси асосида мазкур уй жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Маҳалла оқсоқоли Баҳодир Йўлдошевнинг таъкидлашича, мазкур ҳудуд ҳукумат маҳалласи бўлиб, бош вазир Шавкат Мирзиёев, собиқ давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков, Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов сингари амалдорлар истиқомат қиладиган ибратли “овул”ардан биридир. “Лекин айнан “Фозил Йўлдош, 8” нинг ғалва бўлишини билардим, мен кўп марта айтганман, ҳужжатларига эҳтиёт бўлларинг, деганман, опа”, деди оқсоқол.

Маҳалла фуқаролар йиғинида ҳатто мазкур уйнинг олди-сотдисига оид нотариал ҳужжат мавжуд экан, оқсоқол уни ҳуқуқ ҳимоячисига тақдим этди. Нотариал шартномага кўра, Анвар Усмоновнинг конуний йўл билан ажраб кетган собиқ хотини Светлана Усмонова гўё бу уйни 1964 йилда туғилган фуқаро Кабилов Махмуджон Позиловичга сотган. Исмини Тимур деб таништирган ҳозирги хўжайин эса ҳолатни Махмуджондан уйни “сотиб олгани”, қолаверса, Мюнхенда унга Анвар Усмоновнинг гўё энди Ўзбекистонга бормайман, дегани билан изоҳлади. Янги иморатга кўп пул сарфлагани, уни ҳеч ким тортиб ололмаслигини билдирди.

Шундан сўнг В.Иноят Светлана Усмонова билан сўзлашаркан, бу аёл, агар мазкур уй масаласи қўзғалса, унинг жони хатарда қолиши, участканинг ҳозирги хўжайинлари катта одамлар эканини айтиб, зорланди. Суҳбатдан кўп ўтмай ўзини республика Бош прокуратураси раҳбарларидан бири деб таништирган киши телефон орқали Васила Иноятга бу маҳаллага қайтиб келмасликни маслаҳат бериб, таҳдид қилди. Ҳозирда маълум бўлишича, Анвар Усмонов уй олди-сотдисида қатнашган Светлана Усмонова билан 1979 йилдаёқ ажрашган, аёлнинг мазкур хонадонга мутлақо алоқаси йўқ.

Демак, Усмонова, ўзининг айтишича, қўрққанидан бу уйни ўзганинг номига расмийлаштирилишида қатнашган ва Тошкент шаҳар 1-сонли давлат нотариал идораси аввал М.П.Кабиловга (ҳозир бу шахс ҳам йўқ, - “Эзгулик”), сўнгра ҳозирги эгасига расмийлаштирган. Анвар Усмоновнинг эътирофича, Тимур Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тус жияни (поччаси Бош прокуратурада амалдор); улар билан курашиш осон бўлмайди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига уйнинг олди-сотдисини бекор қилиш, Анвар Усмоновнинг мазкур мулкка эгалик ҳуқуқини тиклаш ҳақида давъо аризаси киритиш учун адвокат ёллади. Ҳозирда мазкур масала юзасидан ҳужжатларни тўплаш, даъвони асословчи гувоҳларни йиғишга киришилган. Лекин айни жараёнда жамият фаолларига Ташқи ишлар вазирлигидан тортиб, давлат ер кадастригача бўлган идораларда тайзиқ, пўписалар бошланди. Ҳужжатларни бермаслик, ишончномаларни легаллаштиришдан бўйин товлашга киришилди.

Анвар Усмонов ишончномага тааллуқли хужжатларни Германия Ташқи ишлари вазирлигида расмийлаштирмоқда. Тошкентдаги Германия элчихонаси муҳри ва консул имзосини тан олмаган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хар қалай бу хужжатни бекор қилолмаслиги аниқ.

Жамиятимиз мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ва бошқа тегишли органлардануй-жой можароси, 16 йил аввалги портлаш, уйнинг ҳуқуқий ҳолати юзасидан изоҳ беришни талаб қилади.

 

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

11 сентябр 2008.

Просмотров: 1015 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей