Жума, 26.04.2024, 04:24
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 11 » Ғайриоддий тажриба муваффақиятли бошланди
15:16
Ғайриоддий тажриба муваффақиятли бошланди

Ғайриоддий тажриба муваффақиятли бошланди

Швейцариянинг Альп тоғлари этакларида физик олимлар антиқа бир тажрибани бошлаганлар.

Коинотнинг яралишига олиб келган "Улкан портлаш" деб ном олган ҳодиса ортидаги шароитни ҳосил қилиш учун дунёдаги энг йирик Андрон Коллайдери ишга туширилган.

Олимларнинг айтишларича, ҳаддан зиёд ғайриоддий тажриба муваффақиятли бошланган.

Коинотдаги жисмларнинг дастлаб пайдо бўлишига ўта кичик заррачалар булутининг улкан портлаши сабаб бўлган деган ғоя илгари сурилади.

Олимлар ана шу портлашни кичикроқ миқёсда пайдо қилиб, коинотнинг келиб чиқиши ҳақидаги ғоя нақадар ҳақиқатга яқин эканлигини текшириб кўришга қарор қилганлар.

Бунинг учун Улкан Андрон Коллайдери деб номланган ускуна барпо этилган.

Олимлар протонлар мажмуини нур тезлигигача бир йўналишда йўналтириб, унга қарши бошқа бир протонлар тўлқинини худди шу тезликда жўнатиб тўқнаштирмоқчилар.

Бугун биринчи протонлар мажмуини туннелда бир йўналишда юборишга муваффақ бўлинган, унга қарама-қарши протонлар мажмуини бир неча кундан сўнг йўналтириш мўлжалланган.

Бир неча бор синаб кўрилиши ортидан, протонларнинг биринчи оқими Улкан Андрон Коллайдери тезлатгичларининг барча халқаларидан муваффақиятли ўтган.

Протонларнинг илк оқими мингдан ортиқ цилиндрсимон магнитлар ўрнатилган Швейцариянинг Альп тоғларидан туннель орқали юборилган.

Мутахассислар протонларнинг йўлидаги барча қопқаларни олиб ташлаб, тезлатгич халқаларини соат стрелкаси йўналишида ҳаракатга келтиришган.

Орадан бир неча кун ўтиб, протонларнинг бошқа бир оқими қарама-қарши йўналишда юборилади.

Протонлар ядросининг тезлиги нур тезлигига яқинлашган бир пайтда уларнинг тўқнашиши учун бир-бирига қарама-қарши тарзда йўналтирилади.

Физик олимларнинг айтишларича, тажриба жараёнида коинотда улкан портлаш ортидан вужудга келган шароитни яратиш имконияти пайдо бўлади.

Олимларга кўра, бу каби шароит детекторлар протонлар тўқнашувини кузатиб турувчи махсус жойларда яратилади.

Айни тажриба атрофида қора ўпқон яратилиши эҳтимоли билан боғлиқ хавотирлар ҳам янграмоқда.

Бу эса, назарий жиҳатдан олиб қараганда, бутун Ер сайёрасининг вайрон бўлишига олиб келиши мумкин.

Физик олимларнинг айтишларича, улкан андрон коллайдери оламнинг илк унсурлари табиатини тушунишга ёрдам беради.

Мазкур тажрибани Швейцария, Франция, Британия ва бошқа давлатларнинг илмий марказларида бир минг етти юздан ортиқ олимлар кузатиб боришмоқда.

Ўз ўрнида мазкур лойиҳанинг ижроси муаммоларсиз кечмаган.

Улкан андрон коллайдерини қуриш ишлари тахминан 10 миллиард долларга тушган.

Бу эса, дастлабки ҳисоб-китоблардан қарийб тўрт баробар кўпдир.

Бундан ташқари мазкур ускунани жиҳозлаш билан ҳам боғлиқ муаммолар ўртага чиққан.

Ва буларнинг барчаси ортидан лойиҳанинг ижроси икки йилга кечикиб кетган.

Просмотров: 810 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей