Эгиз бинолар ўзбек қизининг жасадини қайтарди
Абдулла Искандар
2001 йилнинг 11 сентябрь куни Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг (World Trade Center) 91-қаватида ҳалок бўлган ўзбекистонлик Гавҳар Қамариддинованинг жасади қолдиқлари топилиб, оиласига берилди.
Мана, 7 йилдирки, Фарида опа билан Муҳаммаджон ака Нью-Йоркдаги 11 сентябрь қурбонлари эсланадиган хотира майдонига келади.
“Ҳамма эслайди. Бандага бунақа фарзанд доғини кўрсатмасин”,- дейди Фарида опа.
“Мозорига бориб, дуоларни ўқиб келамиз. Қўлимиздан нима келарди? Ҳаммаси Аллоҳни қўлида. Бизнинг ишимиз дуо қилиш. Бизларга ҳозир шу қолди”,- дея қўшимча қилди Муҳаммаджон ака.
Унинг айтишича, қизининг жасади қолдиқларини қўл томонидан топилган 6 сантиметрли суякдаги ДНК орқали аниқлашибди.
“Кейин чиққан майда-майда парчаларини қутига солиб беришди. Жасад қолдиқларини Америкадаги мусулмонлар қабристонига дафн қилдик. Биздан: “Жасади парчалари топилган жойга дафн қилсак бўладими?” деб сўрашди. Биз: “Йўқ. Биз уни қабристонга олиб бориб ерга жойлаштирамиз”, дедик”- дейди Муҳаммаджон ака.
Гавҳар 24 ëшида Ўзбекистондан Америкага таҳсил олиш учун келган эди.
“Келгандан кейин ўқишга кирибди. Ўзи Ўзбекистонда банкда 5 йил ишлаган. Турк ва инглиз тилларини биларди. Қизим мендан олдинроқ келди. Мен кейинроқ, 4 ойдан кейин келдим. Мен келиб қариндошлар билан учрашдим ва кетдим. Қизим: “Ойижон, мен ўқий. Мен банкда ишлайман. Менга инглиз тили барибир керак”, деб қолди. Манхэттенда “American Spanish Institute” бор экан. Ўша ерда ўқиди. Дарсларга ҳар доим борган. Аълочи бўлган. Мен бир йил ўтгандан кейин иккинчи марта келдим. Келиб 5 ой ишлаб яна кетдим. Мен кетганимдан кейин 41 кун ўтгач, шу ҳодиса бўлди”,- дейди Фарида опа.
Қизи дардида куяëтган Фарида опа қулоғида Гавҳарнинг қўнғироқдай овози тинмай жаранглаëтганини айтар экан: “Мен ҳозир келаман, дегани қулоғимнинг тагида жаранглаб туради. Мени ойи эмас, ойижон дерди. Тили ширин эди. Жуда ҳам ақлли ва чиройли эди. 24 ëшида бу ëққа келди ва 26 ëшида шу портлаш бўлди”, деб бўзлаб-бўзлаб йиғлади.
Аввалига Гавҳарнин муштипар онаси Фарида опа, ундан кейин Муҳаммаджон ака Америкага йўл олди:
“Мен билет олиб 22 кун деганда бу ëққа келдим. Қизим Гавҳар яшаган уйга жойлашдим. Кейин шифохонага борайлик, қидирайлик, дедим.Чунки у пайтда ҳали умид бор эди. Ўша бинода Гавҳар билан битта бола ишлаган экан. Гавҳар кассир бўлган экан. Ўша бола: “Мен портлашдан кейин Гавҳарни кўрганман”, деб бизнинг қариндошларга айтибди.Ўшандан кейин: “Қизим бор. Уни бирортаси олиб кетган ëки шифохонага жойлаштирган”, деб шифохоналарга бордик”.
Она билан ота Америкадаги шифохоналарини бир-бир айланиб, қизини ахтарди.
“Биз қизимизни топамиз, деб ўйладик. Шаҳарларда юриб, қидиряпмиз, деб варақа тарқатиб юрдик. Топилганлар орасида шу қиз борми, деб расмини кўрсатсак: “Бу қиз йўқ”, дейишди. Энди Аллоҳ билади”,- дейди Муҳаммаджон ака.
“Умид билан яшадик. Хўжайиним айтганидай 4-5 та одам топилди, деб газетада хабар чиқди. Мен: “Мана, кўрдингизми. Балки қизим ҳам шўх бўлиб бирон жойларда юргандир. Қўрқиб кетгандир”, деб умидвор бўлиб атрофдаги ҳамма шифохона борми, жиннихона борми, ҳаммасига бордик. Лекин бизни ичкарига қўйишмади. Расмларини бердик, исмини ëзиб бердик.Улар: “Агар дараги чиқса, телефон қиламиз”, дейишди. Икки йил ўтгандан кейин ўша бинонинг тагини тозалаганда, қизимнинг ҳужжатларини, банкдаги ҳисоб-китоб рақамларини топишибди. Ўша нарсаларини милицияга бориб олиб келдик. Ўшанда ҳам мен: “Балки сумкаси қолгандир. Ўзи чиқиб кетгандир”, дедим”,- дейди Муҳаммаджон ака гапларига қўшимча қилиб Фарида опа.
Гавҳар Қамариддинованинг 2001 йил 11 сентябрь куни эгиз бинолар ичида ҳалок бўлгани аниқ бўлгач, Муҳаммаджон ака тақдирга тан берди.
“Намоздан кейин қизимизга, мана шу бинода шаҳид бўлганларга, дегандай дуо қиламиз. Қизларимнинг тушларига киради. Қизларим: “Бугун Гавҳар опамнинг ëнимда туриб, бизга қараб кулиб тургани кўрдим”, деб айтади,- деди Муҳаммаджон ака.
Аммо Гавҳарнинг онаси Фарида опа қизининг ўлганига ишонгиси ҳам келмайди. Фарида опа умид билан яшайди:
“Кўрамагандан кейин қийин. Намозимда Аллоҳ хайр берсин, деб сўрайман. (йиғлаб) Лекин умид ўлмайди. Умид билан яшаяпман. Кета олмайман. Қизим шу ерда, дейман”.
11 сентябрь воқеаларидан 7 йил ўтди. Кўп сувлар оқиб ўтди. Фожеа солган яралар битгандай кўринмоқда. Аммо Муҳаммаджон ака ва Фарида опа қизи Гавҳарни сира унута олмайди
|