Пайшанба, 14.11.2024, 22:02
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 10 » Исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев
19:39
Исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев

 Исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев

 

Гулнора Равшан

 

“Озодлик” радиосига берган интервьюсида ўзбек разведкасининг собиқ офицери Икром Ёқубовнинг Андижон исёнини бостиришда исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев ва унинг жангарилари қатнашгани Тожикистон миллий хавфсизлик идораларини ажаблантирмади.

 

Ўша интервьюда И.Ёқубов М.Худойбердиев ҳозир Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва унинг қизларини қўриқлаш билан машғуллигини ҳам айтганди.

 

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг ўз исмини айтишни истамаган ходими сўзларига кўра, Тожикистонда М.Худойбердиев Ўзбекистондалиги, у И.Каримовнинг ишончли одами эканини ҳамма билади.

 

“Аммо ўзбек разведкаси собиқ ходимининг 2005 йилги Андижон намойиши айнан Маҳмуд Худойбердиев томонидан бостирилганига оид маълумотлари борасида бирор нарса дейишим қийин”,- деди тожик разведкаси офицери.

   

Тожикистон ДМХҚнинг бошқа бир ходими эса Андижон воқеасида М.Худойбердиев жангариларининг роли катта эканига шубҳа йўқлигини билдирди.

 

Ашт туманида ишлаганман, Ўзбекистон билан бевосита чегараларимиз бор. Ундан ташқари, оператив ишлар олиб борамиз, маълумотлар оламиз, агентлар ишлайди. Шунинг учун бундан хабардормиз”,- деди ДМХҚ ходими.

 

Маҳмуд Худойбердиев ва у билан боғлиқ воқеалар 1994 йилдан шу кунга қадар ўзбек-тожик муносабатларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.

 

Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов ҳам ўтган  йилги бир матбуот анжуманида Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистонда яшириниб юрганини ва тожик жамиятида содир этилаётган бир қатор оғир жиноятларда айнан унинг одамлари қўли борлигини билдирган эди.

 

Бош прокурорнинг айтишича, Тожикистон ҳукумати Ўзбекистондан М.Худойбердиев ва унинг сафдошларини Тожикистонга топширишни  кўп марта сўраган ва сўровлар ҳамиша жавобсиз қолдирилган.

 

Минглаб марта сўраганмиз. Расмий мактуб йўллаганмиз. Қидирув эълон қилдик. Интерполга топширдик. Бошқа давлатлар бизнинг шунга ўхшаш талабларимизни бажарган. Аммо Ўзбекистон томони шу кунга қадар Маҳмуд Худойбердиев ва унинг билан бирга Тожикистонда жиноят содир этган кишиларнинг бирортасини бизга бергани йўқ”,- деган эди бош прокурор.

 

Хўш, нега расмий Тошкент ўзбек-тожик муносабатлари ёмонлашувидаги асосий омил саналмиш М.Худойбердиев ва жангариларини экстрадиция қилишга доир сўровларни жавобсиз қолдирмоқда?

 

Маҳмуд Афғонистондаги жангларда қатнашган тажрибали жангчи. Буни Каримов яхши билади. Каримов режимидан чарчаган ва унга қаршилар Ўзбекистонда анчагина. Уларни бостириш Каримов атрофидаги ўзбекистонлик аскарлар қўлидан келмайди. Чунки улар қон, уруш кўрмаган. Маҳмуд эса Каримов учун тайёр аскар ва шунинг учун ҳам ўз сиёсатига қарши турган ҳар қандай кучни бостириш мақсадида Маҳмудни Тожикистонга топширмай келади”,- дейди мустақил таҳлилчи Маҳди Собир.

 

Унинг билдиришича, аслида Минск ва Шанхай шартномаларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон жиноятчиларни бир-бирига топшириши зарур. Аммо Ўзбекистон томони шартнома талабларини бажараётганини кўрсатиб унчалик аҳамиятли бўлмаган шахсларни топшириб, Тожикистон миллий хавфсизлиги учун хатарли бўлганларини топширмай келади.

 

Қайд этиш жоизки, ШҲТнинг август охирларида Душанбеда ўтган саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тожикистонлик ҳамкасби билан қучоқлашиб кўришганини ТВ орқали кўрган оддий тожикистонликлардан тортиб оммавий ахборот воситалари вакилларигача энди алоқалар яхшиланишига умид боғлаган эди.

 

И.Ёқубовнинг интервьюдаги маълумотларидан сўнг Тожикистон Ўзбекистонга яна сўров жўнатиши мумкинми?

 

“Тожикистон энергетика мустақиллигини қўлга киритиш ниятида ГЭСлар қуриб олишни жуда истайди. Бу эса Ўзбекистон розилигисиз амалга ошмайди. Шунинг учун ҳам ўйлайманки, Тожикистон томони  Ўзбекистондан Маҳмуд Худойбердиев ва унинг одамларини топшириш борасида бирор янги талаб қўйиши кутилмайди”,- деди Маҳди Собир.

 

 

Просмотров: 1337 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей