Пайшанба, 14.11.2024, 22:09
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Август » 29 » Сиёсий маҳбусдан амнистия ҳам қочади
18:57
Сиёсий маҳбусдан амнистия ҳам қочади
Сиёсий маҳбусдан амнистия ҳам қочади

Комила Собирова

Ўзбекистон Мустақиллигининг 17 йиллиги муносабати билан мамлакат Олий Мажлиси Сенати амнистия тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорга кўра, жазо муддатини ўтаётган аёллар, вояга етмаганлар, кекса эркаклар ҳамда чет эл фуқаролари озодликка чиқарилади.

Бироқ айримлар борки, улар деярли ҳар йили эълон қилинадиган амнистияларга тушмай келмоқда. Бундайлар эса ўнлаб бўлиб, уларни ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар сиёсий маҳбус, виждон тутқуни, деб атайди.

Бугун ўшалардан икки нафари тўғрисида ҳикоя қиламиз.

Биринчиси ёзувчи Мамадали Маҳмудов.

Мамадали Маҳмудов, 1940 йили туғилган, ўзбек, таниқли ёзувчи, машҳур “Ўлмас қоялар” романи муаллифи. “Эрк” демократик партияси аъзоси, охирги марта 1999 йил февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамалган.

Қувғиндаги ёзувчи Сафар Бекжон ҳикоя қилади:

“Мамадали Маҳмудов 70-йиллардаëқ ўз асарларида ва ҳаëтида мустақиллик учун курашган одам. Намуна сифатида айтадиган бўлсак¸ “Ўлмас қоялар” романи ëзилишидан асосий мақсади ўзбек халқини мустақилликка эргаштириш ва мустақиллик ҳақида фикр юритиш. Ўзининг ҳам давлатчилиги бўлгани ҳақида ëзилган ва у Россия истилоси жараëнлари билан ниҳоясига етган. Бунинг оқибатларини у ўйлаган. Чунки у тақиқланган мавзу, тақиқланган шахслар ҳақида ëзди. У Намоз қаҳрамон ҳақида, мустақиллик учун курашган одам ҳақида баҳс юритяпти. Бу асарнинг “Шарқ юлдузи”да эълон қилиниши ва қўлма-қўл тарқалишининг ўзидаëқ у КГБ томонидан таъқиб қилинишини ва Сибир томонларга жўнатилиб йўқ қилинишини у билар эди. Ва шундай ҳам бўлди. Агар ўша пайтда Шароф Рашидов билан ҳамшаҳар бўлиб битта жойдан бўлиб қолмаганида у, албатта, Сибирда қамоқда ўтирган бўлар эди. Шароф Рашидов ўз ҳамшаҳрини қайсидир маънода сақлаб қолди. Ижодий сургун сифатида Россиянинг битта қишлоғига жўнатишди. Ўша ëқда бир неча йил яшаб секин юмшагандан кейин қайтиб келди. Мамадали Маҳмудов мустақиллик учун курашган асосий шахслардан биттаси, деб ўйлайман. Чунки у тўй давраларида ҳам “Руслар бизни босиб олган. Руслар босқинчи, деб тўғридан-тўғри айтар эди. Агар мустақиллик учун авф эълон қилинадиган бўлса, биринчи навбатда, Мамадали Маҳмудовга авф эълон қилиниши керак. Ҳар қандай гуноҳ қилган бўлса ҳам у авф қилиниши керак бўлган одам. Бунақа қаҳрамонлик қилган, бунақа мустақиллик учун курашган одам ҳали йўқ. У 70-йиллардаёқ буни қилди”.

Суҳбатдошнинг фикрича, Мамадали Маҳмудов бу сафар ҳам амнистия қилинмайди.

Мустақиллик учун курашган, бу сафар ҳам амнистияга тушишига кўпчилик ишонмаётган яна бир сиёсий маҳбус Мурод Жўраевдир.

Мурод Жўраев, 1952 йили туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, мустақиллик арафасида Қашқадарё вилоятнинг Муборак шаҳри кенгаши раиси лавозимида ишлаган, 1994 йилдан буён қамоқда.

“Бирдамлик” ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари, “Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзоси Дилором Исҳоқова гапиради:

“Гдлян-Иванов билан биринчи тўполон бошланган. Мурод Жўраевнинг биринчи чиқишлари Гдлян ва Ивановларга қарши чиқишлар бўлган. Бу чиқишлар вилоят миқëсида бўлган. Ўзбекистон мустақил бўлиши керак, деб мана шу вилоятда минглаб одамларнинг имзосини тўплаган ва депутат бўлиб сайлангандан кейин ана шу имзо қўйилган “Ўзбекистон мустақиллиги тарафдоримиз. Ўзбекистон мустақил бўлиши керак”, деган халқ талабини кўтариб олиб келиб депутатларга ўқиб берган одам Мурод Жўраев бўлади. Мана шу воқеалардан озгина ўтмай, “Эрк” партияси мустақиллик декларацияси матнини тайëрлаб олиб боргандан кейин депутатлардан биринчи бўлиб Мурод Жўраев уни қўллаган ва қўл қўйган. Ана шунинг оқибатида Мурод Жўраевга жуда қаттиқ тазйиқлар бўла бошлаган ва унга суиқасд қилиш даражасигача етиб борган. Суиқасдда Мурод Жўраев тирик қолди, лекин унинг ҳомиладор аëли 8 ойлик эгизагини ўлик туғиб қўйди. Мана шу нарсаларнинг ҳаммасини бошдан кечириб, лекин барибир мана шу миллат учун бўлган воқеаларга ҳам кўз юмиб дардини ичига ютиб шу одам барибир яна келди. У Ўзбекистоннинг қайси йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги ўзининг дастурини тузиб келиб бир нусхасини Олий Мажлисга, бир нусхасини президент аппаратига топширди. Бу президентнинг асабини жуда қаттиқ бузди. Биз кейин эшитдик. Президент: “Мен иқтисодни Мурод Жўраевдан ëмон биламанми? Менга ақл ўргатишга нима ҳаққи бор”, деган гапни айтган. Буни оқибатида ичида унга бир аламзада бўлиб турган. “Эрк” партиясида унинг фаол ишлаши, тақдири мана шундай бўлишига олиб келди”.

Д.Исҳоқова Мурод Жўраев ва Мамадали Маҳмудов бу сафар ҳам амнистияга тушмайди, дея фикр билдирди.

“Мен Мамадали Маҳмудов ҳам, Мурод Жўраев ҳам амнистияга тушишига ишонмайман. Мен ишона олмайман. Мустақиллик учун курашган одамларгина ҳақли бу амнистиядан фойдаланишга. Аслида улар чиқиши керак, лекин мен ишонмайман”,- деди Д.Исҳоқова.

Мустақиллик байрами муносабати билан эълон қилинган навбатдаги амнистия туфайли Ўзбекистондаги судлар томонидан ўғри, каззоб, муттаҳам, деб топилган шахслар озодликка чиқади.

Агар чиндан ҳам ўғри, каззоб, муттаҳам бўлсалар, уларнинг мустақилликка нима алоқаси бор?!

Ҳай, майли, Раҳмоннинг берганини Шайтон қизғанган бўлмасин.

Қолаверса, сенатор Мавжуда Ражабова жинояти жамоатчилик учун хавф туғдирмайдиганлар амнистия қилинади, деганмиш.

Сенаторга ишонамиз.

Жиноятчини сенаторлару депутатлар тушунмаса, ким ҳам тушунарди.

Просмотров: 837 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей