Ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновни тақдири ҳамон номаълум
Элмурод
Қарийб 3 ойдан буён ҳибсга сақланаётган мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов устидан тергов ниҳоясига етганига қарамай, ишни судда кўриш ҳамон пайсалга солинмоқда.
С.Абдураҳмонов гўёки машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилганидан сўнг аввалига наркотик моддалар сақлаш ва истеъмол қилишда айбланганди. Бироқ тиббий экспертиза унинг ҳеч қачон наркотик модда истеъмол қилмаганини тасдиқлагандан сўнг унга наркотик моддалар сотиш айби қўйилган эди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, С.Абдураҳмонов иши бўйича айблов хулосаси тайёр бўлган. Лекин иш судга оширилган-оширилмагани ҳақида ҳунузгача маълумот йўқ. Шунингдек, ҳозирча унинг тақдирига оид янги хабар ҳам йўқ.
С.Абдураҳмонов Uznews.net интернет нашрининг Қорақалпоғистондаги мухбири эди. У, шунингдек, “Озодлик”, “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти каби бир қатор оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик қилган. Бундан ташқари, Солижон Абдураҳмонов инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
Солижон Абдураҳмонов ҳамкорлик қилган бир қатор ташкилотлар унинг ҳимояси учун қўлдан келган ҳаракатни амалга ошираётир.
“Иш прокуратурага жуда жиддий айблов - наркотик сотиш хулосаси билан ўтказилмоқда. У 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Биз бунга мутлақо йўл қўя олмаймиз, негаки, Солижон Абдураҳмоновнинг мутлоқ айбсиз эканини яхши биламиз. Унга қарши жиноят иши қалбакидир. Шунинг учун ҳам биз халқаро ташкилотлар кўмагида унинг озод этилиши учун ҳаракат қилмоқдамиз”,- деди Uznews.net раҳбари Галима Бухорбоева.
“Халқаро амнистия” ва “Чегара билмас мухбирлар”, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти каби бир қатор йирик ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишини талаб қилаётир. Бу ташкилотлар президент Ислом Каримов номига баёнотлар ҳам жўнатган.
Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, халқаро ташкилотларнинг кўплаб мурожаатлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.
|