Uznews – Қирғизистон миграция ва аҳоли бандлиги Давлат қўмитаси муддатини мамлакатда юрган «Бошпана изловчи шахс» гувоҳномалари муддатини бир йилдан ортиқ чўзмасликка қарор қилди.
Бишкекдан Ёдгор Турлибеков
Қирғизистон миграция ва аҳоли бандлиги Давлат қўмитаси (ҚМБҚ) ўз қарорини бир йил учинчи давлатдан бошпана олиш учун мутлақо етарли муддат эканлиги билан изоҳлайди.
Агар шу муддат ичида ўзбекистонлик қочқинлардан бирортасининг бошқа ҳавфсизроқ мамлакатга кўчирилиши амалга ошмаса бунга қочқинларнинг ўзлари айбдордир, дея ҳисоблайди ҚМБҚ. Шундан келиб чиқиб, агар уларнинг вазияти ҳақиқатан ҳам жиддий ҳисобланса, БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигининг ўзи рағбат кўрсатиб, уларни бошқа мамлакатга кўчириш билан шуғулланади.
Қирғизистоннинг ўзи эса ўзбекистонлик қочқинларга бошпана беришни истамайди. Гарчи турли сиёсий сабабларга кўра мамлакатни ташлаб чиққан аксарият ўзбекистонлик мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари, агар ушбу давлат ҳимояси ва яшаш ҳуқуқини қўлга киритганларида Қирғизистонда қолган бўлишарди.
Айни пайтда, айрим ўзбекистонлик қочқинларнинг сўзларига кўра ҚМБҚ қарорида янги ва қонунга зид жиҳат йўқ, бундай норма аллақачон муайян норматив ҳужжатларига киритилган, фақат бу масала қиш арафасида, Қирғизистонга ўзбек гази зарур бўлиб қолган пайтда долзарб бўлиб қолди.
Юзага келган вазият ўзбекистонлик қочқинларнинг аҳволини жуда қийинлаштириб қўйди. Уларнинг сўзларига кўра, 2005 йилнинг майидаги Андижон қирғинининг фақат дастлабки ойларида БМТ Комиссарлиги Ўзбекистондан келган қочқинларни учинчи давлатларга кўчириш масаласини тезгина ҳал қилган эди.
Айтиш жоиз, ўшанда Европа, АҚШ ва ҳатто Австралия Ўзбекистондан қочқинларни бажонидил қабул қилган, ўзбек ҳукуматининг Андижондаги қилмишидан таасуротлар ҳали янги, жабрдийдаларга ҳамдардлик туйғулари кучли эди.
Кейин Ўзбекистондан қочқинларнинг иккинчи тўлқини келди: улар орасида Андижон қирғинидан кейин ҳибсга олинган, бироқ амнистия туфайли қўйиб юборилган, Андижон қирғинидан икки йил ўтиб ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланишга уринган, бироқ ҳукуматнинг таҳдидидан қўрқиб қочишга мажбур бўлган шахслар бор эди.
Бироқ булар энди БМТ Комиссари учун эски воқеалар бўлиб кўринди, дунёда эса Ўзбекистондан келаётган қочқинларга қизиқиш ҳам пасая бошлади.
Ўзбекистонлик қочқинларнинг фикрига кўра, Айни Қирғизистондаги БМТ комиссарлиги ходимларининг ўзлари атайлаб уларнинг кўчирилишлари жараёнини чўзиб келишмоқда, жуда кам миқдорда моддий ёрдам кўрсатишмоқда, улардан мамлакат қонунчилигини бузиб иш топишга ҳаракат қилишларини талаб қилишмоқда.
«Бизнинг қочқинларимиз тирикчилик қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлишади, бундай ишларга одатда, маҳаллий халқ қўлини урмайди. Нолегал, ҳеч бир ҳуқуқсиз ишларкан, улар маҳаллий инсофсиз иш берувчилар қўлида қулларга айланишади. Баъзан хўжайинлари уларни ишлатиб иш ҳақини бермайди, ёки келишилганидан анча кам иш ҳақи беради, бунга жуда кўп мисоллар бор», - дейди ўзбекистонлик бир қочқин.
Бунинг устига инсофсиз иш берувчи билан жанжаллашиш бефойда. Нолегал ишчи, маълум сабабга кўра тегишли ҳуқуқ тартибот идораларига арз қила олмайди.
«Нимасини айтасиз, агар бу ҳақда Қирғизистон БМТ комиссарлиги ва унинг ҳуқуқий ҳамкори «Адилет»дагиларга айтсангиз, сиз нолегал ишлаган бўлсангиз, биз қандай ёрдам кўрсата оламиз, дея елка қисишади» - дейди ўзбекистонликлар.
Бошқа томондан эса – Қирғизистон ҳукумати учун, ўзбек қочқинларининг кўпайиши на сиёсий, на иқтисодий жиҳатдан ҳеч бир яхшилик келтирмайди.
Қочқинлардан очиқдан очиқ воз кечиш имконияти йўқлигидан, Қирғизистон уларни иложи борича кам миқдорда кўришни истайди, шунинг учун ҚМБҚ радикал қадам қўйишга, бу билан БМТ комиссарлиги қочқинларни бир йилдан кўп бўлмаган муҳлат ичида кўчириш учун қисташга мажбур.
Шу жиҳати билан Қирғизистон ҳукумати ва ўзбекистонлик қочқинлар беихтиёр ҳамфикр бўлиб қолишди, бироқ бу уларнинг БМТ орқали учинчи давлатга кўчирилишининг тезлатилишига таъсир кўрсатмади.
Натижада, Ўзбекистонлик қочқинлар ҳатто эҳтиёж учун кўчага чиқиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлиб қолишди, чунки ҚМБҚ гувоҳномаси уларнинг қирғиз ҳукуматига кўрсатадиган, Ўзбекистондан келган қочқинларнинг Қирғизистонда қонуний бўлишлари учун ягона ҳужжатлари эди.
Айни шу кунларда Бишкек милицияси нолегалларни аниқлаш учун тадбирлар бошлаган, эндиликда улар қаторига автоматик тарзда ўзбек қочқинлари тушади.
«Биз энди нима қилайлик?» – дея савол билан юзланишади Ўзбекистон қочқинлари.
Ёдгор Турлибеков – Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидаги ҳуқуқ ҳимоячиси, қочқин.