Пайшанба, 25.04.2024, 11:52
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Июль » 30 » “Ё инсон ҳуқуқлари ёки жиноятлар очилиши даражаси!”
19:22
“Ё инсон ҳуқуқлари ёки жиноятлар очилиши даражаси!”

 “Ё инсон ҳуқуқлари ёки жиноятлар очилиши даражаси!”

Темурхон Олимхонов (Тошкент)
Ўзбекистоннинг ҳукумат ва кучишлатар тузилмаларида шундай фикр мавжуд: агар процессуал амалиётда халқаро ҳужжатларга, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ инсон ҳуқуқларига амал қилинадиган бўлса, унда жиноятларни очишга имконият қолмайди. Бу фикрни мамлакат Ички ишлар вазирлиги Бош тергов бошқармаси (ИИВ БТБ) раҳбари Ўрол Муҳаммадиев Тошкентда 10-11 июль кунлари “Ўзбекистон Республикасида судларга ҳибсга олиш санкцияларини бериш ҳақидаги низомни жорий қилиш (“Хабеас корпус” институтининг амалга оширилиши)” мавзусига бўлиб ўтган семинарида” сўзга чиқиб ўзининг баёноти билан тасдиқлади.

ХАБЕАС КОРПУС (лот. habeas corpus) — инглиз-америка процессуал ҳуқуқи институти. Баъзи ҳолларда манфаатдор шахсларга қўлга олинган кишини озодликдан маҳрум этилишининг қанчалик ҳаққонийлигини текшириш мақсадида судга олиб боришни талаб қилиш. Х.к. ўз номини судьянинг озодликдан маҳрум этилган шахсни судга келтириш тўғрисидаги буйруғининг биринчи сўзларидан олган: “Habeas corpus ad subjiciendum” (“сен шахсни судга олиб келишга мажбурсан”). Айни пайтда Х.к. институти дунёнинг барча бурчакларида эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқининг энг ишончли конституцион кафолати сифатида кенг ёйинланган. Катта юридик луғат.

Қайд этиш жоизки, олдинлари қийноқлар қўллашнинг бу каби асосланиши ҳукумат доирасидаги мутасаддилар ва республика кучишлатар идоралари вакиллари томонидан мутлақо тор доирада фақат ўзаро суҳбатлар давомида баён этиларди. Эндиликда расмийлар бу ҳақда маҳаллий жамоатчилик, халқаро ташкилотлар ва чет эл ОАВ журналистлари вакилларидан уялмай баралла овоз билан билдирмоқдалар.

“Бу ерда икки кундан бери: “Инсон ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари!”, дея қайтариб ўтирибмиз. Аммо ёзилмаган қоидага кўра, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш даражасининг кўтарилиши билан жиноятлар очилиш даражаси пасаяди”, - дея таъкидлади Ў.Муҳаммадиев семинарда сўзга чиқа туриб. “Шундай қилиб аввало бизга нима зарурлигини танлашимиз лозим: ё инсон ҳуқуқлари ёки жиноятлар очилиш даражаси!”, - деди мутлақо қатъият билан Ўзбекистон ИИВ бош терговчиси АҚШ Янги демократиялар институти ижроя директори Маргарита Ассенованинг ҳибсга олиш, тергов ва ундан кейин инсон ҳуқуқларига алоҳида эътибор ажратиш лозим, деган баёнотига жавобан.

Қизиғи шундаки, шахснинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари конституцион концепциясига зид келувчи Муҳаммадиевнинг таъкидлашларига залда ўтирган Ўзбекистон Омбудсмен Сайёра Рашидова парво ҳам қилмади. Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Олий Мажлис, Сенат, Олий суд, Бош прокуратура, Президент девонхонаси вакиллари ҳам бу баёнотни ҳудди шундай сукут билан кутиб олдилар. Ҳеч ким бу сўзларга эътироз билдиришга ботина олмади.

Ўзбекистон ИИВ БТБ бошлиғининг беҳаёларча ушбу луқмасини “дунёдаги энг илгари демократия” вакиллари – АҚШ Янги демократиялар институти раҳбарлари Маргарита Ассенова ва Мьюша Север ҳамда бошқаларнинг жавобсиз қолдиргани ҳам эътиборга сазавор.

Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистон расмийлари гумонланувчилар, тергов остидагилар ва айбланувчиларга нисбатан қўлланаётган қийноқларга қарши нега курашмаётганларини ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз кетганида нега безгак тутгандек титроққа тушишлари сабабини тушунтириб бердилар. Андижон фожеасидан кейин жазосиз қолиб кучайиб кетган расмийлар токи ҳокимият устида турар эканлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши ва қийноқ қўллашларнинг тўхташи ҳақида умуман сўз юритилмаслиги ҳақида очиқчасига билдирмоқдалар.

ИИВ БТБ бошлиғининг баёноти – қийноқлар қўллаётган расмий Тошкентни ҳар куни танқид қилаётган БМТ, ЕХҲТ, АҚШ Давлат департаментига қарата тупуришда бошқа нарса эмас.

Ўзбекистон расмийлари Ўрол Муҳаммадиевнинг оғзидан ўзларининг ультиматумини қўйдилар: ё инсон ҳуқуқлари ёки жиноятлар очилиши даражаси! Бошқача қилиб айтганда улар “Агар инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини истасангиз, унда мамлакатда бебошлик ва тўполон кўтарилади. Агар мамлакатда тартиб бўлишини истасангиз – унда бизнинг бебошлигимизга чидашингизга тўғри келади”, дейишмоқда. Кўринишидан, Ўзбекистон расмийлари давлат бошқарувининг бошқача усулларини билмайдиганга ўхшайди.

 

Просмотров: 930 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей