Пайшанба, 25.04.2024, 05:54
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Июль » 24 » Аъзам Турғуновга қийноқлар қўлланилмоқда
14:44
Аъзам Турғуновга қийноқлар қўлланилмоқда
 Аъзам Турғуновга қийноқлар қўлланилмоқда

Меҳрибон

Мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли ва “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғуновнинг яқинлари унга ҳибсхонада қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар қилди.

Ўн уч кундан буён Нукусдаги тергов изоляторида ҳибсда сақланаётган Аъзам Турғуновга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165–моддаси, яъни товламачилик банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.

21 июль куни Аъзам Турғуновнинг жамоатчи ҳимоячиси Робия Ўтамуродова Нукусдаги тергов изоляторида бўлиб, у билан учрашган.

Робия Ўтамуродованинг “Озодлик”ка билдиришича, Аъзам Турғунов унга баданининг елкасидан бошлаб бел қисмининг учдан икки қисми куйганини кўрсатган. Лекин у куйиш сабабларини айтмаган.

Ўзбекистон ҳисбхоналарида айбланувчи шахсларга тергов жараёнида қийноқлар қўлланилиши таъкидлаб келинади. Бу аҳволни яқиндан ўрганган Аъзам Турғуновнинг ўзи ҳибсга олинишидан аввал “Озодлик”ка берган интервьюларидан бирида қийноқлар борасида гапириб: “Ўзбекистонда қийноқлар бўлаëтганини Тео ван Бовен (БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ маърузачиси) бир неча йил олдин гапирди. Ўша пайтдан бери қийноқ даражаси кучайса кучайдики, сусайгани йўқ. Очиқ олиб қарасак, бу бизнинг миллий фожеа”,- деганди.

Аъзам Турғунов аввал ҳам товламачиликда айбланиб, икки йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Агар у яна қамалса, рецидивист сифатида унга янада қаттиқ қийноқлар қўлланилишидан хавотир билдиради унинг сафдошлари.

Мавжуд маълумотларга кўра, Аъзам Турғунов қорақалпоғистонлик бир аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Нукусга борган. Аъзам Турғуновга ўша аёлнинг иши бўйича жавобгар томон ишни тўхтатиш учун 500 минг сўм пора беришга ҳаракат қилган ва ҳуқуқ ҳимоячиси худди шу вақтда ҳибсга олинган.

Аъзам Турғуновнинг сафдошлари ва ҳамкасблари эса унинг сохта жиноятда айбланаётганини таъкидламоқда.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ сафдошининг оқланишига ишонади.

“Ҳар қандай фаолият, агар у фаолият одамларнинг дардини енгиллаштириш учун, одамлар ва ҳукумат орасида бўлаëтган зиддиятни фуқаролар фойдасига ҳал қилиш учун бўлаëтган бўлса, бу ҳукумат учун зарарли. Шунинг учун ҳам ҳукумат бундай фаолиятни ўзига қарши фаолият, деб баҳолаган. Аъзам Турғунов гўë товламачилик айби билан ҳибсга олинган. Аъзам Турғуновни бирор жойда қонунни бузганликда айблаш мумкин эмас. Аъзам Турғунов ҳуқуқни, милиция қандай қилиб қамаши мумкинлигини яхши билган дўстимиз. Ўйлайманки, иншооллоҳ бу айбловлар унга ëпишмайди ва ҳукуматнинг бу найранги тез кунларда фош бўлади”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Аъзам Турғунов кейинги пайтларда бир қатор судларда жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашиб ғолиб чиқаётганди. Айниқса, у Қорақалпоғистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан содир этилаётган қонунбузилишлар ҳақида халқаро матбуот орқали кўплаб чиқишлар қилгани ҳукуматнинг ғазабини қўзғаган бўлиши мумкинлиги айтади Аъзам Турғуновнинг сафдоши ва айни пайтда унга адвокатлик қилаётган Рустам Қорабоев.

“Қорақалпоғистонда судни ҳам, прокуратурани ҳам Худо уриб кетган. Бу ерда прокуратураси ҳам, милицияси ҳам, МХХси ҳам халқни талаб ëтибди. Бизлар бу ерда жанжал қилиб республика прокурорини, бундан ташқари, Ўтамуродовни (ҳуқуқ ҳимоячиси) ноқонуний санкция бериб қамаган Йўлдош Рўзимов деган прокурор, департамент ва терговчи устидан иш қўзғатамиз, деганимиздан кейин прокурор биздан қочиб юрди. Сен шундай қилдинг, биз ҳам шундай қиламиз, деб булар атайлабдан уюштирган, холос”,- деди Р.Қорабоев.

Просмотров: 802 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей