Якшанба, 22.12.2024, 13:42
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Июн » 27 » Ҳуқуқ ҳимочиси Норбой Холжигитовнинг аҳволи ташвишланарли
00:43
Ҳуқуқ ҳимочиси Норбой Холжигитовнинг аҳволи ташвишланарли

Норбой Холжигитовнинг аҳволи ташвишланарли

 

Меҳрибон

 

Қаршидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 60 ёшли Норбой Холжигитовнинг аҳволи анча ташвишланарли. Унинг қамоқдан “Эзгулик” жамиятига йўллаган хатидан маълум бўлишича, соғлиғи ниҳоятда ёмон бўлиб, халқаро жамоатчиликдан  ёрдам сўраган.

 

Мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли бўлган Норбой Холжигитов Андижон воқеаларидан кейин порахўрлик ва товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

 

Норбой Холжигитов Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятига йўллаган мактубда унинг ҳатто қўл-оёқлари ишламай қолгани ҳақида ёзилган.

 

“Норбой аканинг аҳволи ўта оғир. Унинг ҳаëтига касаллик катта хавф соляпти. Қонида қанд миқдори ошиб кетган, қўл-оëғи шол бўлиб қолган. Ëнидаги маҳбуслар олиб чиқиб, олиб киришяпти, деган хабарлар бор бизда”,- деди “Эзгулик” фаолият Абдураҳмон Ташанов “Озодлик” билан суҳбатда.

 

Ўзбекистондаги Виждон тутқинларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов ҳам Н.Холжигитов аҳволи оғирлигидан яхши хабардор.

 

“Илгаридан у кишида қанд касали бор эди, лекин унчалик эмас эди. Ҳозир у киши, эшитишимизча, 40 килограммгача озган. Тишлари тушиб кетган, кўзи кўрмасдан бошлаган. Оëқлари заифлаша бошлаган”,- деди Б.Намозов.

 

Қарши қамоқхонасидаги шароит ёши катта маҳбуслар учун жуда ёмонлигини айтади андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов. Унинг ўзи маълум муддат мазкур қамоқхонада жазо муддатини ўтаган ва ўша пайтда Норбой Холжигитов билан кўп бора учрашган.

 

“Норбой ака билан 3-3,5 ой Қаршидаги 61-колонияда бирга бўлганмиз. Қаршидаги қамоқхона ëши катта одамлар учун эмас. У ернинг шароитлари жуда ҳам ëмон. Сув ëмон, офтоб, кейин у ерда ҳар хил ҳашаротлар бор”,- деди С.Зайнобиддинов.

 

“Мен  у ерга тушганимдан кейин, менинг ҳам 5 та болам бор, оилам бор, соғ-саломат чиқиб кетиш учун уларга унчалик қарши турмас эдим. Лекин Норбой ака, аниқ биламан ва гувоҳи бўлганман, қўйилган айбларни бўйнига олмаган. Кейин у ерда ўзининг ҳуқуқини талашиб, бошқалар ҳуқуқини ҳам фаол ҳимоя қилар эди. Унақаларга нисбатан меҳрсиз бўлишади. Атайлабдан қийноққа солишмаса ҳам касал бўлганда эътибор бермайди, ҳар хил чекловлар ўрнатишади”,- дея қўшимча қилди С.Зайнобиддинов.

 

Норбой Холжигитов дастлаб мухолифатдаги “Бирлик” ҳаракати аъзоси бўлган. 1992 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган.

 

Мазкур жамият раиси Толиб Ёқубов Норбой Холжигитов сохта айбловлар билан қамалганини айтади.

 

“Жуда кўп яхши ишлар қилишди. Кўп одамларнинг масалаларини ечишди ҳокимият даражасида. Ҳокимият тиш-тирноғи билан қарши бўлган пайтда булар Самарқанд вилояти ҳокимияти олдигача бориб пикет уюштиришди. Бу, албатта, Самарқанд вилояти ëки Иштихон тумани ҳокимликларини жуда катта ташвишга солди. Ниҳоят 2005 йилда Норбой ака устидан ўта сохта жиноят иши қўзғатилди. Норбой ака 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди”,- дейди Т.Ёқубов.

 

Норбой Холжигитов Андижон воқеаларидан кейин 2005 йилнинг 4 июнь куни ҳибсга олинганди. Ўша пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Норбой Холжигитов маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан уюштирилган сохта жиноят иши бўйича ҳисбга олингани ва ҳибсхонада унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар тарқатганди.  

 

Ҳуқуқ фаоллари Норбой Холжигитовга нисбатан ўша пайтда қўлланилган қийноқлар натижасида ва айни пайтда Қарши қамоқхонасида шароитнинг ёмонлиги боис, унинг соғлиғи ёмонлашганини тахмин қилмоқда.

 

Абдураҳмон Ташанов “Эзгулик” жамияти Норбой Холжигитов ҳимояси учун курашга бел боғлаганини билдирди.

 

“Ҳозир “Эзгулик” жамияти Норбой Холжигитовга адвокат ëллади. Адвокат билан бирга у кишига нима учун амнистия қўлланилмаëтгани, унинг аҳволига доир воқеаларга ойдинлик киритмоқчимиз”,- деди А.Ташанов.

 

Б.Намозов эса халқаро ташкилотлардан Норбой Холжигитовнинг қамоқдан озод қилинишига кўмак сўради.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга босими натижасида Норбой Холжигитов озод қилиниши мумкин. Улар бу борада яқинда сиёсий маҳбуслар Аҳмаджон Одилов ва Мўътабар Тожибоеванинг озодликка чиқарилганини мисол тариқасида келтиради.

 

Просмотров: 888 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей