“Машраб Жумаев жисмонан йўқ қилинган бўлиши мумкин”
Сарвар Усмон
“Машраб Жумаевнинг қамоқхонадан қочгани тўғрисидаги хабар шоир Юсуф Жума оиласи тақдири билан қизиқаётган кўплаб дипломатик корпус ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакилларини саросимага солиб қўйди”.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган баёнотда шундай дейилади.
Машраб Жумаев таниқли диссидент шоир Юсуф Жуманинг ўғли. Шоирнинг яна бир ўғли, муҳожиратда яшаётган Алишер укасининг қачон ва нега қамалганини эслатди.
“17 январь куни Қоракўл тумани суди Машрабга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини берганда март ойида прокурор протест бериб, жазо енгил берилган, деганидан кейин март ойида 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Машрабга Жиноят кодексининг 134-моддаси 1-қисми билан оғир тан жароҳати етказиш айби қўйилган”,- деди Алишер.
А.Жумаевнинг айтишича, бир ҳафта аввал маъмурлар Машрабни излаб, унинг Қоракўл туманидаги уйига келганида яқинлари унинг турмадан йўқолгани ҳақида хабар топган.
“Уйда ҳозир опам, укам Машрабнинг болалари ва хотини яшайди. Қаршидаги қамоқхона бошлиғи уйга бориб опамга Машраб қамоқдан қочгани, шунинг учун қидириб келганини айтган. Улар хоналарни тинтув қилган. Опам уларга: “Нима учун бир неча кун аввал дадамни қочди, деб эълон қилдингизлар? Кейин чўлнинг ўртасидан тутиб олдик, деб айтяпсизлар. Ўзбекистон турмасидан ҳам қочиб бўладими”, деса улар: “Ҳа, даданг қочган. Чўлнинг ўртасидан оëқяланг тутиб олдик. Ана, уканг Машраб ҳам қочиб кетди. Биз дадангни ушлаганимиздай уни ҳам ушлаб оламиз. Қаерга ҳам қочарди”, деб дўқ қилган”,- дейди Алишер.
Шоир Юсуф Жуманинг муҳожиратда яшаётган ўғлидан эшитганимиз бу гапларни ё тасдиқлар, ё инкор этар, деган умидда Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига телефон қилдик. Лекин телефонни биров кўтармади.
“Эзгулик” чоршанба куни эълон қилган баёнотдаги фикрдан бир савол пайдо бўлдики, уни жамият вакили Абдураҳмон Ташановга бердик.
Озодлик: “Машрабнинг ҳатто жисмонан йўқ қилинган бўлиши ва ана шу қотилликни хаспўшлаш мақсадида телевидение орқали тақдим қилинмоқда”, деб ëзибсизлар. Бу тахминларга қандай асос бор?
А.Ташанов: Бир қанча ОАВда Машраб Жумаевнинг қамоқдан қочгани, бу ҳақда Бухоро телевидениеси эълон бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Бир ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти сифатида бу ҳам бизни ташвишга солди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўзимизнинг муайян ҳуқуқларимиз даражасида мурожаат қилдик. Лекин бирорта аниқ жавоб ола олганимиз йўқ. Ўзбекистонда бир амалиëт бор. Масалан, кимнидир нимададир айблашмоқчи бўлишса, шу нарсани аввалдан миш-миш қилиб тарқатишади. Кейин бу нарса амалга ошса, бу жамоатчилик томонидан нормал қабул қилинади. Шу нуқтаи назардан биз хавотир изҳор қилиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Жазони ижро этиш бош бошқармасидан Машраб Жумаев тақдирига аниқ бир изоҳ берилишини талаб қилиб чиқдик.
Қамоқдан қочгани айтилаётган Машраб Жумаев Жумаевлар оиласининг озодликдан маҳрум қилинган ёлғиз аъзоси эмас. Оила бошлиғи Юсуф Жума апрель ойида 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Юсуф Жуманинг бошқа бир ўғли Бобур ҳам отаси билан бирга судланиб, 3 йилга шартли кесилган.
Ота-бола Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми, 140, 105-моддаларида назарда тутилган жиноятларни, яъни давлат амалдорини ҳақорат қилиш, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш каби жиноятларни содир этганликда айбдор топилган.
Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Жумаевларнинг қамалишини уларнинг аксилҳукумат акциялари ўтказгани ҳамда оила бошлиғининг танқидий шеърлари учун берилган жазо, деб ҳисоблайди.
|