Москвада Ўзбекистонлик муслима Юлдуз Ҳақназаровани калтаклаганлар жазосиз қолиши мумкин
Меҳрибон
Москвада ўзбекистонлик муслима Юлдуз Ҳақназарованинг калтакланиши юзасидан жиноят иши шу вақтгача очилмагани жиноятчилар жазоси қолиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Москва Ислом университети талабаси 34 ёшли Юлдуз Ҳақназарова 11 май куни уч номаълум йигит томонидан калтакланган ва шифохонага ётқизилган эди.
Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев прокуратура ëки милиция ходимлари бу ишга лоқайдлик билан қараётганидан ҳайратда эканини билдирди.
“Қонун бўйича, Россия ҳукумати, ички ишлар органлари содир этилган жиноят юзасидан тезда ишга киришиши керак. Россия ҳукумати ўзини ислом дунëси ва араб мамлакатлари билан дўст қилиб кўрсатаëтган бир пайтда бу жиноятлар очилса, Россияда ҳам мусулмонлар ҳуқуқлари бузилиши, уларга ҳужум қилинаëтгани ҳақида аниқ ҳужжат бўлади. Ҳужжат бўлмасин, деган мақсадда Россия ҳукумати бу ишни ëпди-ëпди қилишга ҳаракат қиляпти”,- деди Б.Ҳамроев.
Москвадаги ҳуқуқ-тартибот органлари Ю.Ҳақназарованинг калтакланиши бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирди. Бироқ улар жиноят иши қайси моддалар бўйича очилгани ҳақида маълумот бермади.
Юлдузнинг курсдош дугонаси Гулноранинг билдиришича, ҳуқуқ-тартибот органлари жиноят иши очишни хоҳламаяпти. Улар Юлдузнинг калтакланишини майда безорилик кўринишида расмийлаштирмоқчи ёки Юлдуз метрода ўзи йиқилиб тушгани ҳақидаги тахминларни илгари суряпти.
11 май куни Москва метросининг “Партизанская” бекатида уч тақирбош томонидан калтакланган Юлдузнинг миясига қон қуйилган, бурни синиб, бошига жиддий жароҳат етган эди. У бир ой шифохонада даволангач, куни-кеча уйига рухсат берилган. Лекин унинг бошига жиддий тиббий жарроҳлик операцияси қилиш режалаштирган.
Гулноранинг таъкидлашича, ўша куни Юлдуз ҳижобда бўлган ва тақирбошларга бу ёқмаган.
“Ислом.ру” сайтининг ёзишича, шифохонага, Юлдуз Ҳақназарованинг олдига Москва шаҳри Восточний округи ички ишлар бошқармаси вакили келган ва ундан калтакланишим сабаби миллий ва диний адоват эмас дейсан, деб талаб қилган.
Кейинги пайтда рус ирқчиларининг ҳаракатлари кучайгани, улардан, асосан, Марказий Осиё халқлари жабр кўраётгани кузатиляпти.
Куни-кеча Россия президенти Дмитрий Медведев миллатчилик негизида содир этилган жиноятларга қарши қатъий курашишга ваъда берди. Лекин кўпчилик бу ваъданинг амалга ошишига шубҳа билан қараётир.
Кузатувчилар хорижликларга қарши ҳужумлар Россияда ирқчилик, миллатчилик кайфияти кучайиб бораётганидан далолат беришини айтиб келади. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бу жиноятлар айнан шу кайфиятлар натижаси эканини ҳамма вақт ҳам тан олавермайди.
|