Якшанба, 22.12.2024, 13:40
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Июн » 24 » Тоғлар қулаганда
22:12
Тоғлар қулаганда

Тоғлар қулаганда

Абдулла Искандар

Бу галги эшиттириш мавзуси “Тоғлар қулаганда”, деб номланди. Бу яқинда оламдан ўтган Чингиз Айтматовнинг охирги романи номи. “Қурултой”нинг янги сонида Франциядан инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ëқубов, Австриядан таниқли мухолифатчи шоир Ëдгор Обид¸ Қозоғистондан таниқли адабиëтшунос олим Ботир Норбоев ва Ўзбекистондан мухолифат фаоли Носир Зокир иштирок этмоқда.

Эшиттиришимиз адабиëт эмас, сиëсатга бағишланган эшиттириш. Коммунистик назарияларда бу нарса инкор қилинишига қарамай, сиëсатда шахсларнинг ўрни бўлади. Тарихни бошқарадиган кучлар шахс эканлигига тарихнинг ўзи гувоҳ. МО халқларини бирлаштириш йўлида ҳаракат қилган, ўзининг ëзувчилик салоҳиятидан, халқаро миқëсдаги обрў-эътиборидан фойдаланиб Иссиқкўл форумини ва МО халқлари ассамблеяси ташкил қилган, туркий халқларни бирлаштириш ғояси билан яшаган раҳматли Чингиз Айтматов ана шундай шахслардан бири эди.

“У буюк инсон эди. Оламга 1000 йилда бир маротаба, балки 10.000 йилда бир маротаба келадиган буюк инсон эди. У ўзбек халқининг бутун ташвишлари, бутун қийинчиликлар, бутун азобу роҳатларининг ҳаммасини билар эди. У келиб шу ерда 10-15 кунлаб ëтиб Ўрта Осиë халқлари бошини бириктириш ишига озгина бўлса ҳам хизмат қилай, дейдиган одам эди”,- дейди ёзувчи Одил Ëқубов.

Озодлик: Чингиз Айтматовнинг МО сиëсий саҳнасидан кетиши, яъни вафот этиши сағирлик ҳолатини келтириб чиқармадими?

Ботир Норбоев: Одил ака жуда яхши гаплар гапирди. Агар етук ва буюк ëзувчиларни олтинга қиëсласак, Чингиз Айтматов табиатнинг ўзи яратган ëмби олтин, дейиш мумкин. Менимча, у ўз асарларини ғоявий жиҳатдан етуклиги билан Навоийдан кейинги энг буюк вакилдир.

Озодлик: Ботир ака, биз бунинг адабиëт жиҳатларига тўхталмаймиз. Эшиттиришимиз сиëсатга бағишланган. Биз бугун ўзини ëзувчилик салоҳиятининг ярмини сиëсатга бағишлаган инсон ҳақида гаплашсак. Унинг сиëсий фаолиятига тўхталсак.

Ботир Норбоев: Ассамблея қуришга ҳаракат қилиши, элчилик лавозимида фаолият кўрсатиш, туркий халқлар бошини бириктиришга ҳаракат қилиши ҳақиқатдан ҳам буюк бир фазилатдир. Мана, Тошкентда МО халқлари ассамблеяси қурилди. Унинг бошлиғи Чингиз Айтматов бўлди. Унинг ëрдамчиси О.Ëқубов бўлди. Булар МО халқлари вакилларини йиғиб тадбирлар ўтказди. Лекин булар дунëда жиддий акс-садо бера олмади. Сабаби, туркий халқлар бирлашишини истамайдиган одамлар ҳукуматда кўп экан. Шунинг учун Чингиз Айтматов сиëсий вазифаларни тўла бажаришга эриша олмади. Афсусланиб кетди.

Толиб Ëқубов: “Асрга татигулик кун” асари яхши эсимда бор. Бунда ўша авторитар, тоталитар тизимларни халқ ҳаëтида қанчалик салбий рол ўйнашини жуда ҳам яхши мисолларда кўрсатиб берган. Айтматов оддийгина ëзувчи бўлган эмас. У киши жуда катта файласуф ва сиëсатчи бўлган. Ботир ака айтганидай, у кишининг ғоялари тўлиқ амалга ошмади. Лекин мен аминман, бундай буюк одамлар ғояларини, байроғини янада юқори кўтарадиган одамлар чиқади.

Озодлик: Толиб ака чиқади деяпсиз-ку, лекин гапингиз оҳангида қатъий бир ишонч йўқ. МОда одамлар бошини қовуштирадиган, ўзининг миллий қобиғидан сал бўлса ҳам баланд чиқиш билан бирга мужодала қиладиган, хамиртуруш вазифасини ўтаб бера оладиган бир сиëсий лидер борми?

Ëдгор Обид: Аслида мен унақа пессимист руҳда эмасман. Толиб аканинг гапларида қандайдир ишончсизлик сезибсиз.

Озодлик: Одил ака ҳам унақа одам 10.000 йилда бир келади, деяпти.Энди яна 10.000 йил кутамизми?

Ëдгор Обид: Ëзувчи сифатида Чингиз Айтматовга ўхшаган одамнинг келиши бутунлай бошқа масала. Албатта, ëзувчи сифатида 10.000 йил, 100.000 йилни кутиш мумкин. Бу бошқа масала. Лекин бу ерда гап Туркистон ғояси тоғининг қулаши ҳақида, Туркистон бирлиги ғояси қулаши ҳақида кетаëтган бўлса, унчалик пессимист эмасман. Чунки бу ғоя Чингиз Айтматовда бор эди. У қўлидан келганча ҳамма ишларни қилди. Мажозий маънодаги Туркистон тоғлари ҳақида гапирадиган бўлсак, тоғлар қулагандан кейингина уларнинг тоғ эканини билиб қоламиз. Чор Россияси даврида бутун Туркистонни рус армиялари босиб олган. Лекин Туркистонни улар мустамлакага айлантирган бўлса ҳам парчаламаган эди. Совет даврида Туркистон парчаланди. Бир неча республикаларга бўлиб ташланди. Лекин орага қўйилган чегаралар рамзий чегара бўлган. Улар очиқ бўлган. Қозоғистондан Ўзбекистонга, Қирғизистонга бемалол ўтиш мумкин эди. Фожеани қарангки, айнан мустақилликка эришгандан кейин фожеа кучайди. Ўзбекистон сим тўрлар тортиб миналар қўя бошлади. Туркистонни ҳақиқий маънода парчалаш Россиядан мустақил бўлгандан кейин бошланди.

Озодлик: Ҳозиргина биз Носир Зокир билан боғланишга муваффақ бўлдик. Ëдгор ака, мана, сиз мустақилликдан кейин элатлар ўртасига сим тўрлар тортилгани ҳақида гапиряпсиз. Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романида чегарадан ўтишга изн бермайдиган манқурт солдат ҳақида ҳикоя бор. Чингиз Айтматов бу романни ëзган пайтда бу нарсалар кучли эмас эди. Кейинчалик бу нарса амалга ошди. Носир ака, сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Носир Зокир: Бугун жуда ҳам яхши мавзу танланибди. Манқурт ҳикояси берилган асар ҳақида гапирилди ҳозир. Ўша пайтда ҳукумат сиëсати халқни манқурт ҳолига олиб келишини биз билмаганмиз. Биз ўша пайтда манқурт бўлган эканмиз-ку, лекин манқуртлигимизни англамаган эканмиз. Яхши асар 100 йиллардан кейин ҳам ўз қадрини йўқотмайди, дегандай Ўзбекистон сингари авторитар режимларда халқни қул сифатида бошқариш режалаштирилади. Бу ниҳоятда катта режа остида олиб борилади. Ҳозир республикамизнинг баъзи қишлоқларига борсангиз Чингиз Айтматовнинг манқуртини кўргандай бўласиз. Одамларнинг кўзида нур йўқ, қўлига 10.000 сўм бериб: “Бориб билгинчи, Носир Зокир ëки бошқасининг уйида нима бўляпти”, деса келиб туриб билиб бемалол бориб сотадиган бир қатлам пайдо бўлди. Одил аканинг “10.000 йилда бир марта келади”, деган гапини эслатдингиз боя. Одил ака бу гапни ниҳоятда азоб чекканлигидан гапиряпти. Чингиз Айтматовга ўхшаган одамлар Ўзбекистонда ҳозир бор. Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги давлатларнинг аксарияти тепасида кремлист одамлар ўтирибди. Шулар кетиб, мана Грузия ва Украинада ҳур фикрли одамлар ҳокимият тепасига келди, ўрнига келган одамлар Туркистонни бирлаштириш йўлида сиëсат олиб борса, бизда одамлар бор. Масалан, мен Туркистон тикланиши тарафдориман. Айтайлик, Қирғизистон ëки Ўзбекистонга бир ҳур фикрли одам сайланиб қолса ҳам руслар уни тинчитади. Чунки Россия ҳозир “Туркистон” сўзининг ўзидан қўрқади. Чунки руслар неча йиллар курашди Туркистонни йўқотамиз деб. Мана, ҳозир Туркистон бешта республика.

Озодлик: МО халқлари бир бўлишини истаган ва орамиздан кетган марҳум Рауф Парфи шеъридан бир парча эшитсакда суҳбатимизни давом эттирсак:

Бу қандай каҳкашон, бу қайси иқлим
Алдандимми туғилиб, ростми ë ëлғон,
Эй менинг паришон, эй шўрлик халқим,
Бағрим қачон туғиласан сен, қачон.

Қачон бизда йирик арбоблар туғилади?

Ботир Норбоев: Носир Зокир МОда манқуртлар кўпайиб кетди, деган маънода гапирди. Жуда ҳам тўғри. Айни замонда манқуртларга қарши эркин фикрли одамлар ҳам кўпайди. Уларга қарши кураш давомида пишиб етилди. Биз билган Дадахон Ҳасан, Гулчеҳра Нуруллаева, Юсуф Жума ва шунга ўхшаган юзлаб одамлар бор.

Озодлик: Лекин манқуртларга қарши тура оладиганлар сони кам-ку...

Ботир Норбоев: Лекин барибир шу курашчилар борда. МО ғояси билан яшайдиган, шу йўлда умрини қурбон қиладиган одамлар ҳозир ҳам бор. Қозоғистонда Ўлжас Сулаймонов, Мухтор Шаханов, Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ ва шунга ўхшаган лидерлар ҳозир МО ғояси билан яшаяпти. Фақат буларга эркинлик берилмаяпти, буларга майдон берилмаяпти. Буларни бу ғояни амалга оширишига чек қўядиган одамлар кўп. Шунинг учун ҳам буларнинг ғоялари амалга ошиши қийин. Келажакда ҳам лидерлар туғилади. Лекин ҳозирнинг ўзидаги Туркистон ғояси билан яшаëтган лидерларимиз қўл-оëғи боғланган.

Озодлик: Ëдгор ака, шоир шеърини ëзиб юраверсин, нима қилади сиëсатга аралашиб, деган гаплар юради. Айниқса, М.Солиҳ ҳақида жуда кўп айтилади. Масалан, сиз нима учун шеърингизни ëзиб юравермай, сиëсатга кирдингиз? Нима учун Муҳаммад Солиҳ ва Чингиз Айтматовлар сиëсатга киришди?

Ëдгор Обид: Шоир шеърини, ëзувчи романини ëзиб юраверсин, деган гаплар мутлақо нотўғри гаплар. Чунки шоир ва ëзувчилар халқ дардини айтувчи тил бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, фикрловчи одамлар шеър ëзади, бадиий асар ëзади. Шу билан бирга, нега энди халқ дардини билиб туриб, уни Чингиз Айтматовга ўхшаб амалда очиқ айтмай, халқ учун хизмат қиладиган ҳақиқий сиëсатга аралашмаслиги керак экан? Бу Ислом Каримовдан чиққан гап.

Озодлик: 17 йил олдин айтган эди бу гапни. Яна ўшанда: “Мен иқтисодчиман. Халққа нон керак. Халқнинг қорнини тўйдириш керак”, деганди. Мана, иқтисодчининг нимага қодир эканига кейинги 17 йил гувоҳ.

Толиб Ëқубов: Одам қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто у гений бўлса ҳам, у одамнинг нияти соғлом бўлмаса, халқ, давлатнинг бошига катта кулфатлар тушаверади. Демократик ва нодемократик давлатлар ўртасидаги фарқ ҳам шунақа. Демократик мамлакатлар раҳбарлари яхши ниятли одамлар, нодемократик мамлакатлар раҳбарларининг эса нияти бузуқ. Ўзбекистоннинг ҳозирги сохта президенти нияти бузуқлиги 1989 йилда билинган эди. Бу ҳақда жуда кўп одамлар бу нарсани сезиб айтган эди. Лекин, афсуски, булар гапига кўпчилик омма тушунмади ëки тушунишни истамади. Шу туфайли Ўзбекистонни 18 йилдан бери нияти ўта бузуқ одам бошқариб келяпти. Бунинг ҳеч қанақа чуқур анализ қиладиган жойи йўқ.

Озодлик: Кейинги 17 йилга назар солсак, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Хуршид Дўстмуҳаммад каби эл ҳурматида бўлган ëзувчилар ўзлари истабми-истамайми, лаганбардорлик қилиб зулмни алқашди. Зулмга ҳамду сано ўқиган одамлар орасида Чингиз Айтматов йўқ эди. У сўнгги нафасигача ëмонни ëмон, яхшини яхши, деб келди. Шу ўринда М.Солиҳнинг мана бу сатрларини эшитсак:

Шундай ватанинг бўла туриб,
Ëзасан юлдузлар ҳақида,
Чароғон кундузлар ҳақида,
Қошлари қундузлар ҳақида.

Шундай ватанинг бўла туриб,
Сен гуллар ҳақида куйлайсан,
Онангнинг ҳам кўзëшини сен,
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай ватанинг бўла туриб,
Коинот ҳақида сўзлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни,
Гулчамбар учун шайлайсан.

Нима учун эл дардини англаган одамлар зулмни алқашга ўтиб кетди?

Ëдгор Обид: Биласизми, Чингиз Айтматов қўлидан келган ишларни қилди. Бу Чингиз Айтматовга ўзи ўйлаб топган қандайдир бир янги йўл эмас. Мана, тарихга назар ташланг. 1917-1918 йилларда Туркистон автоном республикаси бўлган. Биринчи президенти Мустафо Чўқаев. У Москва ва бошқа кўп мамлакатлар тан олган Туркистоннинг биринчи ва охирги президенти бўлди. Бу мағлубиятга учрагандан кейин ғоя ўлган эмас. Кимлардир кўтариб юрибди. Чўлпон, Қодирийларни, қозоқ шоирлари Маржон, Шакарийлар юрагида Туркистон ғояси бўлган. Умуман туркий халқлар бирлиги ҳақида гапирганда , аввало, конкрет амалга ошириш мумкин бўлган муаммо Туркистон бирлиги масаласи. Мана, Нурсултон Назарбоевнинг икки марта аниқ ҳаракат қилганини биламан. Қизиғи шундаки, Туркистон ғояси асосан қозоқлардан чиқаëтгани мени хурсанд қилади. Чунки бунинг бошқа бир аҳамиятлари ҳам бор. Туркистон бирлиги бўлса, ўзбеклар катта халқ. Сизларни босиб кетиши мумкин, деган пропагандалар ҳам олиб борилган.

Озодлик: Ҳозир Ўзбекистон билан алоқа унчалик яхши бўлмаяпти. Шу ўринда Гулчеҳра Нуруллаеванинг бир шеърига қулоқ берсакда кейин суҳбатимизни давом эттирсак.

Kўравериб бўлди хаëларим талх,
Одамхўр, фирибгар, юҳо касларни.
Сўрамай ҳаддим йўқ, онажоним халқ,
Қачон туғақолдинг бундай пастларни?!

Қачон туғақолдинг отабезори,
Онабезорилар сулоласини?
Ҳароми кимсалар макри, озори,
Юртнинг булғади-ку зилоласини.

Шу боис, бизлардан юз бурмиш барор¸
Шу боис, Ҳуррият очмагай талъат¸
Шикаста ватаннинг корига ярар¸
Алплар ўстирмаган аëлга лаънат.

Носир Зокир: Мен бундан 15-16 йилча олдин бир шеър ëзган эдим.

Мен ҳам бир миллатим ўғли асл турконаларданман¸
Ўтмишим, тарихим билмай ҳамон ҳайроналардаман.

МО тақдирини ўзгартирадиган лидер чиқиши учун авваламбор ўсиб келаëтган ëш авлодни, мен бекорга гапни узоқроқдан бошламадим¸ Туркистонни тарихини биладиган қилиб тарбиялашимиз керакда. Биз аввал Туркистон деган давлат бўлганини¸Ўзбекистон деган давлат бўлмаганини биламиз. Лекин ҳозир бизни давларчилигимиз 1000 йилларга боради, деб Туркистон тарихи айтилаяпти-ю, лекин у Ўзбекистон тарихи, деб кўрсатиляпти. Ваҳоланки Ўзбекистон деган муқим бир давлат 1991 йил декабрь ойида бўлди. Биз мустақилликни эълон қилганимизда ҳали СССР бор эди. Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати шундай сиëсат олиб бориши керакки, болаларни ўқитишимиз керак. Мен кўчада 4-5 та болани ўраб олсам ҳам “Биз турклармиз”, деб гап бошлайман. Чунки ўзбек деган миллат турк миллатининг бир қавми, холос.Энг ачинадиганим, мана, ҳозир футбол бўйича Европа чемпионати бўляпти. Мени ҳайрон қолдиргани ўзбекларимиз Россия командасини айтиб: “Бизнинг командамиз бугун Греция билан ўйнайди”, дейди. Мен ëниб кетдим. “Ҳей биродарлар. Мен Туркияни қўллаб-қувватлаяпман. Турклар менинг қондошларим, миллатдошларим. Агар Россия билан Туркия футбол ўйнаса ëру дўстларим, оила аъзоларим билан Туркия тарафда бўламан, дедим. Мана шундан ҳам билиш мумкинки, халқнинг кўпчилиги Туркистон деган давлат бўлганини билмайди. Биз ўшаларга тушунтириб, биз ҳақиқатдан турк миллати эканлигимизни, Туркистон тикланмагунча озод одамга айланмаслигимизни айтиб секин-секин тарбияласак, Чингиз Айтматовлар чиқади. Ҳозирги сиëсат юриб турса Чингиз Айтматовлар чиқмайди. Эркин Воҳидов Туркистонни билмайдими? Ўзи шеърларида ëзган-ку. У билади. Туркистон тикланмагунча ҳеч қанақа яхшилик бўлмаслигини ҳам билади. Лекин гапирмайди.

Ботир Норбоев: Туркистон ғоясини амалга ошириш учун бутун юраги, вужуди билан туркий халқларни, умуман инсониятни яхши кўрадиган одам бўлиши керак. Чингиз Айтматов худди шундай одам эди. Ўш-Ўзган воқеаси юз берганда биринчилардан бўлиб етиб келган одам бу. Ўш-Ўзган фожеасини кўриб ҳўнг-ҳўнг йиғлаганини ўша пайтда ўзбек матбуоти ҳам ëзган эди. Иккинчи бир фазилати уни ижодида фақат манқурт образи эмас¸ зурриëдсиз одам образи ҳам яратилган. Зурриëд деган асарида кўчага ташлаб кетилган болани инсонлар бошига ниҳоятда кўп фожеалар олиб келиши даҳшатли бир шаклда олиб берилган. Мана шу томонини айтиб кетиш керак эди. Мен Носир Зокирнинг гапларига қўшиламан. Шароит етилмаса, бунақа буюк зотлар етишиб чиқмайди. Менинг умидим бор, миллатпараст, тор миллатчи бўлмаган ëзувчилар етишиб чиқса, Қозоғистондан, Қирғизистондан етишиб чиқиши мумкин. Худди шундай одамлар бу халқларнинг бошини қовуштириши мумкин. Бундай одамларни Ўзбекистонни ичида туриб етишиб чиқиши қийин.

Толиб Ëқубов: Одатда шиддатли, зилзилали, машаққатли даврни бошидан кечирган халқ, давлатдан Чингиз Айтматов қатори адиб ва сиëсатчилар етишиб чиқади. Ўзбекистон халқи ҳозир шунақа шиддатли, машаққатли даврни бошидан кечиряпти. Бу ўзидан ўзи адабиëтга, давлат бошига буюк одамларни суради.

Озодлик: Ўзбекистон замини минг-минглаб кўз ëшлар билан суғорилган. Мана шу шўр кўзëшлари билан суғорилган заминдан умид чечаклари ўсиб чиқадими?

Ëдгор Обид: Албатта. Бу Туркистон ғоясини, байроғини, мен боя эслатиб ўтдим, Мустафо Чўқаев қўлидан олиб Боймирза Ҳайит давом эттирди. Бу байроқни у Чингиз Айтматовга қадар кўтариб келди ва Чингиз Айтматовдан биз айрилдик. Лекин Чингиз Айтматов Туркистон байроғини ўзи билан олиб кетгани йўқ. Бу байроқни кўтариб Туркистон ғоясини олдинга суриб борадиган одамлар бор ва албатта чиқади. Чингиз Айтматовга қадар Боймирза Ҳайит қадар, Мустафо Чўқаев қадар кўзга ташланадиган шахслар бугун кўринмаëтган бўлса, бу деган гап Туркистон байроғи ғояси эгасиз қолди, дегани эмас. Ҳали юзлаб ажойиб байроқдорлар чиқади. Мен бунга ишонаман.

Просмотров: 925 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей