Тақдирлар
ББСрадиосидан
Ўзбекистонликлар мустақилликдан аввал ҳеч қачон миллионлаб сонда ва бутун бошли оиласи билан муҳожиротда кун кечиришмаган. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кузатилган оғир иқтисодий шароит сабаб юз минглаб фуқаролар ўз оилаларини боқиш учун бирор бир иш топиш илинжида муҳожиротга юз тутишмоқда. 2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлийлар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган. Шундай экан, мажбурий муҳожирот ортидан ўзбекистонлик муҳожирларнинг йўқотганларию топганлари нима бўлди? Муҳожирлик ҳаёти уларнинг оилаларию фарзандларининг тақдирида қандай акс этмоқда? Уларнинг бугунги кечмишларию эртанги кунга бўлган умидлари қандай? “Тақдирлар” рукнимиз ўзбекистонлик ана шундай турфа тоифа муҳожирларнинг ҳикояларига асосланган. Навбатдаги қаҳрамонимиз бир неча йилдан буён Украинада муҳожиротда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Исҳоқжон Зокиров:
Мен инсон ҳуқуқлари фаоли, ота ва бир оиланинг фарзанди сифатида Ўзбекистонни тарк этиб, йўқотган асосий нарсам - бу Ватанимни йўқотдим, бой берганим эса, мен Ўзбекистонда ортиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғуллана олмаяпман. Яқинларимнинг тўй, азасига бора олмайман, агарда Ўзбекистонга қайтиб борсам, мени дарҳол халқ душмани сифатида қамоққа ташлашлари аниқ, деб ўйлайман. Касбий режаларимдан энг асосийси эса, охиригача сиёсат билан шуғуллансам дейман. Ҳаётий режаларимга келсак, мен Ўзбекистоннинг чин маънода мустақил бўлишини орзу қиламан. Ва ҳақиқий мустақилликка эришишни - ҳаётий режаларимдан бири бўлиб қолишини истайман. Мен Ўзбекистонни тарк этганимдан фақат бир нарсага афсусланаман, холос, у ҳам бўлса, яна ўша ўзим орзу қилган озодликни Ўзбекистонда кўра олмаганим. Мен Ватанимиз эркин бўлса, халқимиз фаравон ҳаёт кечиради деб ўйлагандим, афсус, биз ҳаммамиз бу мустақилликни кўриб, жуда афсус чекмоқдамиз. Дейлик, Ҳиндистон мустақил бўлганида, Покистон мустақил бўлганида, Туркия мустақил бўлганида бутун халқнинг қувончи ичига сиғмаган эди. Бизда эса, бунинг акси бўлди...Мустақиллик ортидан халқнинг иқтисодий аҳволи ниҳоятда оғирлашди. Яъни бойлар камбағал, камбағаллар қашшоқ, қашшоқлар эса ғариб бўлишди. Бугунга келиб эса, Ўзбекистонда қашшоқ ва ғарибларнинг сони кўпайиб кетди. Ишсизлик ниҳоятда авж олди. Бундай мустақилликни ким орзу қилган – менимча, ҳеч ким!...Ўзбекистонда ҳамон сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўлда-жўлдалигича қолмоқда. Ҳар қандай мустақил бўлган давлатда эса, энг аввало сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилади...
Агар Украинани яқин хориж деб оладиган бўлсак, хорижий давлатга келиб, мен арзигулик деярли ҳеч нарса топмадим. Украинада ҳамон Совет тузумининг сарқитлари сақланиб қолган. Хориж менга нима берар эдики, ҳамон менинг сиёсий қочқинлигимни тан олмаган бўлса. Уларга сиёсий қочқин эканимни таъкидлаб келаётганимга ҳам уч йилдан ортди. Украинадаги қочқинлар бўйича Олий комиссарлик бошқармаси ҳамон уйқуда. Орадан шунча йил ўтиб, энди, жорий ой бошидагина мени қабул қилди. Шу пайтга қадар турли хил чақириқларга умуман қулоқ солмай келаётган эди. Ўтган декабр ойида сўнгги маҳкамамга ариза берганман, энди маҳкамам бўлиши керак. Украина шундай жойки, маҳкамалар ҳеч тугамайди, юраверасиз, уч йиллаб, беш йиллаб, ўн йиллаб....Украинада мукаммал бир қонун ишлаб чиқилмагани учун қочқинлар бу ерда ниҳоятда кўп азоб чекишяпти....Уларни уйқудан уйғотувчи катта куч керак. Мен хорижнинг озгина бўлса-да, демократиясидан мамнунман, аммо бу – Украина демократик давлат дегани эмас. Украина ҳукумати ҳар қачон, ўзи истаган пайтда сиёсий қочқинни экстрадиция этиши мумкин. Масалан, яқинда шри-ланкалик ўндан ортиқ сиёсий қочқинни маҳкаманинг қарорисиз ортга экстрадиция қилди. Масалан, мени ҳам Украина ҳукумати Ўзбекистонга топшириб юбориш хавфи йўқ эмас.... Агар Украинада менга сиёсий қочқин мақомини беришмаса, у ердан чиқиб кетишга мажбурман, лекин қаёққа боришимни билмайман....Менга Украинада ҳамон Шўролар сарқитлари, Ленин ҳайкалининг сақланиб қолгани, кўплаб лавозимларда бўлган ўша эски совет раҳбарларининг бугун тўннинг бошқа томонини кийиб олиб, мен демократман, дейишлари умуман ёқмади.
Мана, 2004 йилда Украинада “Норинж” инқилоби бўлиб, ҳукумат тепасига Виктор Юшченко келди. Буни деярли бутун дунё олқишлаб, мана, энди Украина демократик давлат бўлади, сиёсати, иқтисоди яхши бўлади, деб ўйлаганди. Афсуски, “Норинж” инқилобининг сири тезда фош бўлди. Мана, 2006 11 та ўзбекистонлик сиёсий қочқинни ортга қайтариб юборганидан кейин “Норинж” инқилобчиларини умуман топиб бўлмади. Яқинда, 2008 йилда шри-ланкалик сиёсий қочқинларнинг мисолида ҳам худди шундай бўлди. Яъни, Украинадаги “Норинж” инқилобчиларининг юзи кўриниб қолди. Украинада ўзбекистонлик сиёсий қочқинларнинг яшаш аҳволлари ниҳоятда оғир. Украинадаги Қочқинлар бўйича Олий комиссарлик идораси ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олсак, ишлашга ҳаққимиз борлигини айтади. Яъни, қонун бўйича албатта, ишлашга ҳаққимиз бор. Бирор бир завод, корхона ёки фабрикага ишга фақатгина ана шу меҳнат шартномаси орқали олинади. Демак, бундан кўриниб турибдики, улар бизга ўхшаган қочинларни вақтинчалик ишга олмайди, яъни доимий ишга олади. Сизни доимий ишга олгудек бўлса эса, сиз сиёсат оламидан ажралиб қоласиз. Ахир биз қочқинлар Украинага доимий эмас, вақтинчалик яшаш учун келганмиз. Масалан, мен Украинада ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат билан меҳнат қилаётган бирорта ҳам қочқинни учратмадим. Кўплаб давлатлардан келган қочқинлар бозорларда, қурилишларда, қаҳвахоналарда ва яна ҳоказо ерларда тирикчилик қилишади. Яъни биз уларнинг талаблари билан ишлай олмаймиз. Биринчидан, биз сиёсат оламидан узилиб қоламиз, иккинчидан берадиган маоши ҳам ниҳоятда кам....
Бизга ўхшаган қочқинларнинг қурилиш, бозор ва қаҳвахоналарда ишлашлари, масъуллар тили билан айтганда, албатта ноқонуний. Лекин ана шундай йўл билан тирикчилик қилиб, ҳаёт кечиришга мажбурмиз. Масалан, Киев шаҳрида бир хоналик хонадоннинг ойлик ижара ҳаққи 400-500 доллар атрофида. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Киев шаҳрида бунча пулни ишлаб топиш осон эмас. Бутун топган пулингиз ижара ҳаққини тўлашга кетаяпти, агар ўшанда ҳам шунча пулни топа олсангиз! Бундан ташқари, еб-ичишингиз, транспорт ҳақларини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу Олий комиссарликнинг қочқинларга бўлган муносабатига ҳам бир далолатдир. Шахсан ўзимга келсак, мен ҳам яқинда бир ошхонага бош ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишга кирдим. Тежамкор одам бўлганим учун топаётган пулимни учма-уч бўлса-да, ҳамма нарсага етказишга ҳаракат қиламан. Шунда ҳам, бир танишимнинг уйида ижарага турганим учун....Украинада бир ўзим яшайман, оилам ва фарзандларим Ўзбекистонда қолишган. Бунга ҳам сабаб, Украинадаги иқтисодий шароитнинг енгил эмаслиги, шундай дейману, лекин бундай олиб қарасангиз, уларга Ўзбекистонда ҳам осон эмас. Оилам, қизим чеварчилик билан шуғулланишади. Ана шунинг ҳисобига яшаб туришибди-да....Менинг эса, уларга деярли пул жўнатиш имконим йўқ. Бошқа томондан ҳаётлари ҳам хавфсиз эмас. Чунки Ўзбекистонда бирор бир баҳона билан жиноий иш қўзғаш қийин иш эмас. Ўзбекистондаги аҳволни кўраяпсиз, жуда оғир....Мен биринчи навбатда Ватанимнинг ҳақиқий маънода эркин ва мустақил бўлиши йўлида қайғураяпман. Агар Ўзбекистон том маънода мустақил бўладиган бўлсагина, мен балки шу сиёсатдан четлаб, бошқа бир иш қиларман, деган ниятим бор. Ҳозир эса, биринчи галда Ватанни ўйлаяпман, чунки ўзингиз кўриб турибсиз Ўзбекистоннинг қанчалик озодлигини... Лекин ҳозир Ўзбекистонга қайта олмайман. Сабаби, мен у ерда на сиёсат ва на инсон ҳуқуқларини ҳимоя қила оламан. Менинг назаримда, биз мухолифатчилар Ўзбекистонга қайтиб боришдан аввал жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Яъни, Ўзбекистонга демократия олиб кирмагунча ёки ҳозирги диктутура тузумини ўзгартирмагунча, менимча, Ўзбекистонга бора олмаймиз. Биз мухолифатчилар Ўзбекистонда адолатли тузум ўрнатилишини истаймиз. Мен Украинада ноиложликдан яшаяпман. Чунки Украина мен учун хавфли, менга ўхшаган сиёсий қочқинлар учун хавфли ҳудуд....Агарда Ўзбекистонда тузум ўзгарса, эркинликлар ва демократия тикланса, мен ҳам у ерда барибир сиёсат билан шуғулланган бўлардим. Биз хоҳлаймизми, йўқми барибир ҳаётимиз сиёсатга боғлиқ. Кимки сиёсат билан шуғулланмаса, у билан сиёсат шуғулланади. Мен умид қиламанки, барибир қачонлардир, балки тез орада Ўзбекистон ҳукумати ўзининг сиёсатини ўзгартиришга мажбур бўлади. Негаки, кўплаб давлатлар Ўзбекистонда тузумнинг яхши томонга ўзгаришини исташади. Ўзбекистоннинг ҳақиқий, чин маънодаги мустақилликка эришиши учун шахсан мен ўзим айни масалага бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратмоқчиман. Бутун элчихона, халқаро ташкилот ва турли хил жамиятларга Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни ёзма баён қилиш ва бунга кўплаб мухолифатчиларни ҳам жалб этишни истайман. Менимча, бу жуда ҳам муҳим масала.
|