Нукусдаги маҳкама мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновни ҳибсга олишга буйруқ берган.
Халқаро "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Солижон Абдураҳмоновнинг тақдиридан хавотир изҳор этган.
Унинг ҳибсга олиниши Тошкентда матбуот эркинлиги мавзусидаги анжумандан олдин юз берган.
Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаолини гиёҳванд моддани сақлашда айблаб ҳибсга олишган.
Укаси ва ҳимоячиси Баҳром Абдураҳмоновнинг билдиришича, Нукус милицияси Солижон Абдураҳмоновнинг автомобилини тўхтатган ва ёқилғи баки ёнидан гиёҳванд модда топилган.
Ҳам журналистнинг ўзи, ҳам ҳимоячиси гиёҳванд модда милиция ходимлари томонидан ташлаб қўйилганига ишонишларини айтишган.
Сўнг Солижон Абдураҳмонов хонадонида тинтув ўтказилган, журналистнинг касбий фаолиятига тегишли компютер ва принтер, адабиёт ва ҳужжатлар мусодара қилинган.
Шу боис кўпчилик Солижон Абдураҳмонов журналистлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун ҳибсга олинган, деб билишмоқда.
Эллик саккиз ёшли журналист Солижон Абдураҳмонов "Озодлик" ва "Америка овози" радиоларининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири сифатида фаолият юритган.
Британиянинг Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти, Uznews.net мустақил ахборот хизмати билан ҳамкорлик қилган.
Солижон Абдураҳмонов Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қорақлпоғистон бўлими раҳбари сифатида фаолият юритган.
|