Яқинда “Эрк” партиясининг сайтида
“...лақаблар” номли мақола берилди. Мақола жуда қизиқарли эди. Аммо,
Ислом Каримов номзодини президентликка қўйилишидан бошлаб то
сайлангандан кейин ҳам ноқонуний деган “Эрк”чилар эндиликда ўзлари:
“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов унга хизмат қилаётган шахсларга
нисбатан қўлланган лақаблар”
(http://uzbekerk.com/detayhaber.asp?id=353 ) – деб ёзаётганидан, яъни
Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти дея катта ҳарфларда ёзаётганидан
ўта таажжубландик. Демак мухолифатчилар эндиликда Ислом Каримовни
президентлигини тан олишибди-да?! Акс ҳолда: “Ислом Каримов ўз
хизматчиларига қўйган лақаблар,” – дея қисқа ва лўнда ёзишлари ҳам
мумкин эди-ку!
Бу фикрдан кейин бошқа сайтларга ҳам назар ташладик.
Воажабки, “Бирлик” партиясининг “Харакат” сайтида ҳам: “...Бу воқеа
президент Ислом Карим АҚШлик дипломат Ричард Баучер билан учрашувга
тайёрланаётганини ҳам кўрсатиши мумкин”:
(http://harakat.net/el_news.php?id=1349 ) – деб ёзилади “Эзгулик”
жамияти матбуот маркази: “Мўътабар Тожибоева озодликка чиқарилди” номли
хабарда.
Ўзбек тили қонунларига кўпинча эътибор бермаётган
“Понауз.инфо” интернет таҳририяти ҳам “янада” сўзини бир жумлада икки
маротаба қўллаган ҳолда: “...Унинг бу фаолияти эса Андижонда 2005 йил
13 майда юз берган қонли қирғиндан кейин янада қутурган президент Ислом
Каримов режими учун янада нафратли
эди.”(http://ponauz.info/news/2008-06-03-788 ) - деб ёзади, Мўътабар
Тожибоеванинг қамоқхонадан озод этилиши муносабати билан берилган
хабарда.
“Узбекистoн президенти Финляндия ташки ишлар вазири
билан учрашди...” – деб ёзаркан “mediauz.ucoz.ru”:
(http://mediauz.ucoz.ru/) Ислом Каримовнинг каттакон расмини юзидан нур
ёғилаётгандай қилиб ўртага қўйиб қўйган. Гўё булар нафақат Ислом
Каримовни президент деб эътироф этмоқда, балки Ўзбекистон ички матбуоти
каби юртбошисининг расмини кўз-кўзлаётгандай туюлади.
Том
маънодаги шоир Юсуф Жума, Ўзбекистон Махфий Хизматининг бир бўлими деб
таърифлаган “Би-би-си” ва “Озодлик” радиоларининг эшиттиришларида ҳам
деярли ҳар куни Ислом Каримовни президент деб гапираётганини ва
сайтларида ҳам шундай ёзаётганини гувоҳи бўлдик. Хатто бир ҳамкасб
укамизнинг 1 сахифалик мақоласида Ислом Каримовнинг номи 11 маротаба
зикр этилади ва уни президентлиги 4 маротаба таъкидланади. Атиги 1
саҳифада! Вахолангки, бу радиолардаги ҳамкасбларимиз ҳам бир пайтлар
Ислом Каримовни ноқонуний сайланганини айтиб дунёга бонг урган эди...
Мақолани шу жойга келганида тўхтатиб кўйгандик. Нима қиламан ўзимга
душман орттириб деган мулохаза устун келганди. Чунки кўплаб воқеалар
гувоҳ, муҳолифатдагиларга озгина айбини айтсангиз, худди (айнан!) Ислом
Каримов каби гап кўтара олмаётганини сездик. Нафақат гап кўтара
олмайди, балки Анвар Бўронов Дилсора Фозиловага ёзганидай усулларда
хужумга ўтишади. Лекин орадан озгина вақт ўтиб, бари бир мақолани эълон
қилишга журъат этдик. Боиси биз ҳам Ислом Каримов режимини гапириб
Ватандан қувилганмиз ва мухолифатчилар биз учун бегона эмас. Шунинг
учун:”айтсам тилим, айтмасам дилим куяди,” – дея тинч тура олмаяпмиз.
Шу ўринда бир гап чала қолмасин – бу Ислом Каримовни фотоларини эълон
қилаётган сайтлар ҳақида. Тажриба учун бир қараб чиқинг, Ислом
Каримовни диктатор деб ёзаётганлардан тортиб, президент деб
айтаётганларгача – жуда кўпчилиги унинг расмини бот-бот, турли
кўринишларда намойиш қилишмоқда. Хусусан “Эрк” сайтидаги “Son Haberler”
сахифасининг ўзида 7 хабарнинг иккитасига Каримовнинг расми қўйилганини
кўрдик. Бир танишимиз, буларда шундай касаллик бор, Каримовнинг расмини
кўриб турмаса кимлигини унутиб қўйишади, дея хазиллашди. Бошқа бир
танишимиз эса мен уларнинг ўрнида бўлсам шу жойга тўнканинг суратини
қўярдим, Муҳаммад Солиҳдек нозиктаб шоир нахотки шу нарсаларга эътибор
бермаса деди. Дарқақиқат, ўша жойга тўнканинг расмини қўйса қандай
бўлади?
Ғафур Йўлдошев
Манба: “munosabat”