Якшанба, 22.12.2024, 13:11
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Июн » 4 » БАЛИҚ КИМ, НАҲАНГ КИМ? (Давоми)
03:06
БАЛИҚ КИМ, НАҲАНГ КИМ? (Давоми)

Толиб Ёқубов

Зарбдор туманида 20.000 тонна бўғдойни "ДАВЛАТ КАЛАМУШЛАРИ" еб кетибди

Камомад аниқланган йилларда вилоятга Шавкат Мирзиёев ҳокимлик қилган, У.Ёмонқулов ғалланинг асосий қисми «жўнатилган» Пахтакор туманининг ҳокими бўлган. Ўша пайтларда (2000 йил) Пахтакор тумани ҳокими вилоят ҳокимининг биринчи муовинлигига асосий даъвогар бўлган. Маълум-ки, Ўзбекистонда ҳар бир катта-ю кичик лавозим сотилади, шу туфайли У.Ёмонқуловнинг катта маблағга эҳтиёжи бўлган.

«Нега комбинат ходимлари йўқ ғаллани «қабул қилишган?» деган савол туғилади. Бу саволга ж/и материаллари орасида жавоблар бисёр. Деярли барча айбланувчилар бунинг сабабини бир хил тушунтириб кўргазма беришган. Кўргазмаларга асосан вилоят дон маҳсулотлари бошқармасининг бошлиғи (Султоновми? - аниқ эсимда йўқ, мендаги ҳужжатларни кўриш керак) комбинат раҳбарияти, омбор мудирларини ва бошқа масъул ходимларни тўплаб, уларга тайёр ҳужжатларни берган ва имзо чекишга буюрган. Хонада ғала-ғовур, норозилик бошланган. Шунда келган бошлиқ уларни қуйидагича тинчлантирган:

- бу, биринчидан, ҳокимнинг талаби;

- иккинчидан, йил охирида, «нольга тозалаш» [комбинатларда шундай термин ишлатилади, яъни, ғалланинг кириши ва тайёр махсулотнинг чиқишини мувозанатлаштириш] пайтида камомадни ёпиб юборишга ўзимиз ёрдам берамиз;

- ва ниҳоят, ким бу талабни бажармаса, унинг энг осон қутилиши ишдан бўшаш бўлади.

Кўз юммаслик керак, комбинатларда директордан қоровулгача шу ердан доми-ризқ қилади, яъни оммавий ўғирликда қатнашади. Комбинат ходимлари бошлиқ тушунтиришларини эшитгач, тахминан қуйидагича фикрлай бошлаган: «Бошлиқ ёпиб юборамиз, деб кафиллик бераяпти-ку! Мен қилмасам, менинг ўрнимга қўйиладиган одам қилади. Нега мен доми-ризқимдан ажралишим ва қамалиб кетишим керак?». Бирин-кетин ҳамма ҳужжатларга имзо чеккан. Бироқ, 2000 йил охирида ғалла камомади ёпиб юборилмаган ва шунинг учун «нольга тозалаш ўтказилмаган. Норозиликларга Султонов (?) яна ваъдалар билан жавоб берган, бироқ ваъда 2001 йили ҳам бажарилмаган. Катта миқдордаги ғалла камомади осилган ҳолда қолиб кетаверган. Бундай пайтда жиноятга тенг шерик бўлган прокуратура «балиқларни» қийратишга киришади, яъни комбинат ходимлари устидан ж/и қўзғатади. Биринчидан, комбинатга «ёғли» ишга ўтиш орзўсида юрган одамлар мингта – буниси бўлмаса, бошқаси! Кейингисини ҳам худди шундай туширса бўлади. Иккинчидан, қачонлардир сур-сурга келганда асосий жиноятчилар шериги бўлмиш прокуратура ва МХХ: «Ҳақиқатан шу йилларда катта миқдорда ғалла талон-тарож қилинган. Биз айбдорларни топдик ва уларни суд орқали жазоладик. Уларнинг ж/и ни суддан олиб танишишингиз мумкин» деб тураверади. Бундай ишлар фақат сур-сурлар учун зарургина эмас, улар ҳар йиллик ҳисоботлар учун ҳам зарурлиги равшан.

Мен шундан сўнг қўл силтаб кетавердимми? Йўқ. 19 август куни мен МХХнинг Тошкент вилоят бўлимининг раиси Ғайрат Авлиёқулов (фамилияси сал бошқача бўлиши мумкин) билан учрашдим, - менинг президент аппаратига қилган мурожаатимга жавобан мени шу одамга йўллашди. Мен унга воқеани батафсил гапириб бердим ва ғаллани юқори лавозимли шахслар томонидан талон-тарож қилиш ҳамда қўшиб ёзиш (приписка) ҳоллари биргина Жиззах вилоятида эмас, бу иллат мамлакат миқёсида содир этилаётганини ҳукуматга етказишни сўрадим. 21 август куни мен «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази»нинг директори Акмал Саидов билан унинг кабинетида учрашиб, Ғ.Авлиёқуловга айтган гапларимни такрорладим. Ҳукумат томонидан ҳеч қандай реакция бўлмади. Улар ҳукуматга менинг гапларимни етказмаган бўлиши эҳтимоли кичик деб ўйлайман. Мен ҳукумат менинг маълумотларим бўйича ўзини эшитмаганга солганининг иккита сабаби бўлса керак деб ҳисобладим:

- Ш.Мирзиёев ва У.Ёмонқулов Жиззах вилоятида бундай ишларнинг бошида турганликлари ва улар давлат раҳбарига ҳар томонлама яқин одамлар бўлганликлари туфайли мазкур ишда ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолишини маъқул кўришган;

- мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шахс ва ташкилот рахбари бўлганим сабабли ғалла масаласида [айтиш лозим-ки, нафақат ғалла, балки кўпгина бошқа соҳаларда ҳам] талон-тарожликлар ва приписка ҳукумат даражасида уюштирилаётганини айнан шу ташкилот очганини тан олгиси келмади.

Назаримда, ҳукумат очиқ тан олмаган бўлса-да, бироқ тан олганлигини бир нарсада аниқ билдирди. Мана ўша нарса.

Мен юқорида баён этилган воқеа ҳақида ғалла талон-тарожига алоқадор барча одамлар (Ш.Мирзиёев, У.Ёмонқулов, Р.Муҳитдинов ва бошқалар) нинг фамилиясини келтирган ҳолда бир қатор мақолалар ёздим ва уларни Интернет-сайтларга қўйдим, электрон почта орқали юзлаб адресатларга жўнатдим, почта орқали «уведомление» тартибида кўпгина давлат ташкилотларига (президент девони, Бош прокурор, МХХ раиси, ИИ вазири, бир неча ҳокимлар ва ҳоказо) йўлладим. Ҳаммасидан хат қабул қилинганлиги ҳақида «уведомление» олинганига қарамасдан бирор одам ёки ташкилот менга: «Бу гапларни қаёқдан олдинг, қандай асосинг бор, нега давлат одамларига тўҳмат қилаяпсан?» дея савол бермади. Одатда, бундай пайтда, «сукут – тан олиш (розилик) аломати» дейишади.

Зўравонликка асосланган, Худони Худойбердича кўрмайдиган, яъни Худодан қўрқмайдиган авторитар тузумларнинг ҳар кунлик ҳолатини «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деган мақол энг яхши ифодалайди. Бундай тузумнинг катта лавозимли вакиллари ҳеч қачон тўймайдилар, улар очкўзлик касалига йўлиққан бўладилар. Луқмон-и-Ҳакимдан айтишларича, бандаларини синаш учун Аллоҳ уларга касалликлар юборар экан. Бироқ, ҳар бир касалликнинг давосини табиатнинг бирор жойига яшириб қўяр экан. Табибларнинг вазифаси шу дориларни топиш экан. Бироқ Аллоҳнинг одамларга юборадиган бир руҳий касаллигининг давоси йўқ бўлиб, агар шу дардга чалинган одам товба қилмаса, бу касаллик унинг ўлими билан ундан кетар экан. Бу касаллик – очкўзлик бўлиб, у ботқоқлик каби ўз қаърига тортиб, ўлимга олиб борар экан.

Қиссадан ҳисса: Ўзбекистондагидек тузумлар раҳбарлари товба қилишни ҳаёлларига ҳам келтираётганлари йўқ ва, демак, 2000-2004 йилларда Жиззах вилоятида содир бўлган воқеа такрорланаверади. Нафақат Жиззах вилоятида.

Ш.Мирзиёев тўғрисида икки оғиз сўз.

Таниқли ҳуқуқбон Елена Урлаева газ ва электр бўйича 48000 сўм қарз бўлиб қолган эмиш. Давлат қароқчилари газ ва электрни ўчириш учун дарҳол ўзларининг 7-8 та қароқчиларини унинг уйига жўнатишибди. Улар эса газ ва электрни ўчиргач, унинг уйидаги нарсаларини рўйхат қилишибди. Чамаси, бу ҳатти-ҳаракатлар Еленадан ўша 48000 сўмни ундириш учун қилинаётган бўлса керак. Бу воқеа шу кеча-ю кундузда Тошкентда бўлди. 2006 йил 29 апрель куни Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг икки вакили, - Азам Фармонов ва Алишер Караматов қамоққа олинди. Прокуратура уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) бўйича айб эълон қилди. Улар бир шахсдан 600.000 сўм пулни товламачилик йўли билан олмоқчи бўлган эмиш. Мен бу икки ҳуқуқбоннинг ж/и да ҳимоячи бўлганман ва уларни мазкур модда билан нафақат айблаш мумкин эмаслигини, уларга ҳатто бу моддани қўллаш мумкин эмаслигини тўлиқ исботлаганман. Бу исботни на Сирдарё вилояти прокурори, на Бош прокурор ва на Олий суд жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси Дилбар Суюнова рад эта олди. Ҳар икки ҳуқуқбон 9 йилдан озодликдан маҳрум этилди ва ҳозирги кунда бири Жаслик, бири Қарши қамоқхоналарида жазони ўтамоқда. Бу икки фактнинг Ш.Мирзиёевга қандай алоқаси бор, деб ҳурматли ўқувчи сўрашга ҳақли. Мана ўша алоқа.

1996 йил Ш.Мирзиёев Жиззах вилоятига ҳоким этиб тайинлангач, унинг биринчи навбатда қилган иши И.Каримовнинг кўнглини олиш учун «бетонка» деб аталувчи трассани вилоят ҳокимияти билан боғловчи, узунлиги 23 км бўлган йўлнинг икки четига баландлиги 1 м 20 см бўлган кўнгирали (декоратив) деворча қурдириш бўлди. 46 км.лик масофа вилоятнинг турли ташкилотларига бўлиб берилди (кимга 50 м, кимга 100 м, кимга 200 м ва ҳоказо). Бу ишга кўп автобазалар самосваллари сафарбар қилинди, тоғлардан тош ва шағал, Самарқанддан сифатли пишиқ ғишт ташиш бошланди. Ташкилотлар яхши ғишттерар усталарни мамлакатнинг турли жойларидан таклиф этишга мажбур бўлдилар. Халқ «Хитой девори» деб атаган девор битди, бироқ кўп ташкилотларнинг бели синди. Бу қурилишга биргина Республика давлат автомобиль назорати (ДАН) қаршилик билдирди. Тез орада қиш келди ва бирин-кетин бу йўлда автоавариялар содир бўла бошлади ва улар одамларнинг ўлимига сабаб бўлди. И.Каримовнинг кўнглини яшнатадиган декоратив девор кераксиз, зарарли матох эканлиги аниқ бўлди. Баҳор келиши билан атрофдаги одамлар деворни бузиб, ғишт, тош ва шағалларини уйларига таший бошладилар. Тез орада девордан ном-нишон қолмади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобича девор қурилишига 280 млн. сўмдан ортиқ пул кетган. Воқеа 1996 йилда юз берганини ва у пайтда ўзбек сўмининг салмоғи жуда юқори бўлганини инобатга олинса, ҳавога учирилган бу маблағ давлатга қанчалик зарар келтирганини сезиш қийин эмас.

Бу Ш.Мирзиёевга сабоқ бўлмади ва у иккинчи авантюрага қўл урди. Унинг кўз олдида энг гавжум жойда жойлашган бахайбат бозор гавдаланди.- миллион нима, бу бозордан миллиард-миллиард пул топиш мумкин! Жиззахнинг жойлашган географик нуқтаси ноёб – у Ўзбекистон ғарбини шарқи, Фарғона водийсини мамлакат ғарби билан боғлайди. Ҳар куни минглаб машиналар у ёққа ўтади, минглаб машиналар буёққа ўтади. Унинг ҳаёлидан «Агар Тошкент-Термиз ва Фарғона водийси-Термиз йўллари кесишган жойда «Осиё» бозори қурилса... Бир йилнинг ичида Ислом акам ва бошқа катталарга узатганимдан ташқари етти пуштимга етадиган бойлик ўз оёғи билан уйимга кириб келади!» деган фикр ўтганлиги тайин. Дабдабали бозор битди ва уни товар ва харидор билан тўлдириш қолди, холос. Жиззах шаҳри ичида иккита катта бозор бор ва улар аҳоли учун ҳар томонлама қулай (яқин, транспорт ҳар бир маҳалладан қатнаб туради ва ҳоказо), «Осиё» бозори эса шаҳардан хийла ташқарида, транспорт қатнови шаклланмаган, тўрт кило картошка ва иккита майка сотиб олиш учун «Осиё» бозорига ким боради? ! Осиё» бозорига харидор тугул, сотувчи ҳам йўламади. Ҳоким милицияни ишга солди: милиция бозор иқтисодига ўтишнинг ўзбек йўлига таянган ҳолда шаҳар ичидаги бозорларни бекитди, сотувчиларни куч билан «Осиё» бозорига ҳайдай бошлади, бироқ харидор оёқ босмади. Норозиликлар бошланди, одамлар ҳокимият томон оммавий юришлар уюштиришди. Секин-секин нафақат «Осиё» бозори ҳақидаги гаплар, балки бозорнинг ўзи ҳам тугади. Ҳозир ҳашаматли бозор қушлар маконига айланган, уни одамлар бузиб олиб кетаяпти. Минглаб уёққа ўтган, минглаб буёққа ўтган машиналардаги одамлар ҳар куни харобаликни кўради, холос. Мутахассисларнинг гапига қараганда, Ш.Мирзиёевнинг «Хитой девори»га сарфланган пул бозорга сарфланган пул олдида музқаймоққа сарфланган пулдай экан. Ш.Мирзиёев бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқди. Ўзбекистон ана шунуқа мамлакат! Ўзи емаса ҳам оғзидагини бировга берадиган Елена Урлаева давлатдан 48000 сўм қарз бўлиб қолган эмиш. Ёмон-да бу! Давлатга қанча зиён! Бундай пайтда давлат кескин ва дадил чоралар кўради: дарров унинг уйига ўзининг 7-8 та ити, э-э-э, кечирасиз, милициясини юбориб, газ трубалари ва электр симларини узиб ташлади. Ҳукуматга яқин бир танишимнинг гапига қараганда, ҳозир ҳукуматдагилар давлатга бениҳоя катта зарар етказгани учун Еленани Қаршидаги 49-чи зонага жўнатсакмикин ёки Жасликдаги 71-чи зонага жўнатсакмикин, деб ўйлашаётирлар экан. Азам Фармонов ва Алишер Караматов Даштобод халқи орасида «жирный каламуш» деб ном чиқарган ўғри Ўктам Маматқуловдан 600.000 сўм товламачилик қилмаганлиги тўла исботланган, бироқ улар ўзбек ҳукумати, хусусан давлатнинг биринчи душмани Ш.Мирзиёев томонидан мос равишда 71-чи ва 49-чи зоналарида сақланаяптилар. Ана шунақа, биродар! Бу – Ўзбекистон, И.Каримов ва Ш.Мирзиёев Ўзбекистони!

Жиззахнинг битта Зарбдор туманида 20.000 тонна Жиззахнинг битта Зарбдор туманида 20.000 тонна бўғдойни каламушлар еб кетибди. ДАВЛАТ КАЛАМУШЛАРИ.

Просмотров: 976 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 5.0/1
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей