Якшанба, 22.12.2024, 13:21
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Июн » 4 » Толиб Ёқубов: БАЛИҚ КИМ, НАҲАНГ КИМ?
03:03
Толиб Ёқубов: БАЛИҚ КИМ, НАҲАНГ КИМ?

Толиб Ёқубов

Зарбдор туманида 20.000 тонна бўғдойни "ДАВЛАТ КАЛАМУШЛАРИ" еб кетибди

Жиззах вилоятидан келаётган хабарларга қараганда ғалла ва ғалла маҳсулотларини ўта катта миқдорда талон-тарож қилинганлиги фактлари бўйича вилоятда катта текшириш ишлари кетмоқда. Айтишларича, биргина Зарбдор туман дон маҳсулотлари комбинатида 20 000 тонна бўғдой камомат чиққан. Бу кичикроқ туманнинг давлатга топшираётган бир йиллик ғалласини ташкил этади.

Ҳозирги кунда бу комбинатнинг директори Қодиров Абдураҳмон қамоқда, Ҳамид, Фахриддин, Ориф ва Ваҳоб исмли омбор мудирлари қочиб кетишган, маълумотларга қараганда эса яширинишган. Умуман, ўн бешдан зиёд одам сўроқ қилинмоқда. Ҳозир магазинларда ун йўқ, одамлар уйида қурган тегирмончалардан чиқарилаётган (сифатсиз) уннинг килоси 1100 сўм, бўғдойнинг бозордаги нархи 850 сўм.

Бундан икки йил илгари ўтказилган умумий тафтиш натижасига кўра «ҳамма нарса жойида бўлган». Ҳамма нарсани жойига туширганлар эса вилоят прокуратураси ходимлари бўлишган. Шулардан бири Шойимов Бахтиёр ҳибсга олинган бўлиб, бироқ тез орада озодликка қўйиб юборилди. «Ишнинг» бошқа қатнашчилари ҳақида вилоятда турли гап-сўзлар юрибди. Масалан, вилоят прокуратураси ички ишлар органларида қонунларнинг бажарилишини назорат қилувчи бўлим ходими

Умурқулов Шодмон ўн беш кунлар олдин инфаркт бўлиб оламдан ўтди. Кўпчилик одамлар – бу катта жиноятлар очилганлигига боғлиқ, дейишмоқда.

Жиззах вилояти аҳолиси сохта президент Ислом Каримовнинг 2007 йил ғалла кампанияси якунлари бўйича кўтаринки рўхда: «Ўзбек ғаллакорларининг мардонавор меҳнати туфайли мамлакатимиз ғалла мустакиллигига эришди» дея сўзлаган нутқи ва табригини ҳали эсларидан чиқариб улгурганлари йўққа ўхшайди. Одамлар бир-бирларига ажабланган ҳолда, бироқ асосли равишда: «Ғалла мустақиллигига эришиш – бу, халқ ҳеч қийналмасдан, ҳеч бўлмаганда, кейинги ҳосилгача нонга зориқмай яшаши керак, дегани эмасми?!» деган саволни бераётганларини ҳар қадамда эшитиш мумкин. 2007 йилининг кузида «Президент» тайёрланган улкан ғалла ҳосили ҳақида оғиз кўпиртириб гапирган пайтда Ўзбекистон бозорларида ун ва нон нархи кескин кутарила бошлади, бироқ биз бир неча манбаъдан: «Жиззах шаҳридаги 8-чи ун комбинатида ун чиқариш тўхтатилди, чунки қўядиган жой йўқ, ун солинган қоплар омборлар шифтига тегиб турибди, бироқ уннинг бир қопини ҳам сотишга чиқармайсанлар, деган буйруқ келган» қаблида маълумот олган эдик. Бундай маълумотлар мамлакатнинг турли бошқа ҳудудларидан ҳам келган эди. Баъзилар бу ҳолни: «Ислом Каримов халқ орасида ўз обрўсини кўтариш учун сайловолди кампанияси даври ва ундан кейин унни магазинларга босиб ташлайди» дея баҳолашди. Бироқ ун магазинларда босилиб кетмади, аксинча ун ва ёғ бўйича 90-чи йиллар бошидаги эски карточка системасига қайтилди. Хўш, 2007 йили йиғилган Каримов «ғалласи» қаёққа кетди? Ким уни еб тугатди? Фақатгина Ҳамид, Ориф, Воҳид, Фахриддин каби омбор мудирлари, ҳамда Қодиров Абдураҳмон каби комбинат директорлари шунча ун ва ғаллани ҳеч кимга билдирмасдан гумдон қилишганми?

Шу ўринда «балиқ ким, наҳанг ким?» деган табиий савол туғилади. Зўравонликка асосланган авторитар сиёсий системалардаги ҳаёт денгиздаги ҳаётга ўхшайди: денгиздаги балиқлар денгиз ўтлари ва майда-чуйда денгиз ҳашаротларини еса, наҳанглар эса ҳамма нарсани, хусусан ўзларининг яқинлари бўлган балиқларни ҳам аёвсиз ейишади.

Авторитар системаларнинг ажралмас сояси - коррупциядир. Бу – асосий аксиома. Коррупциядан холи қилинган сиёсий системада авторитарликдан асар ҳам қолмайди. Шу сабабли унинг «гавдаси» - асоси пастда, учи эса юқорида бўлган - пирамида (ёки конус) шаклида бўлиб, пирамида учида (яъни, ҳокимият тепасида) давлат бошлиғи, ундан пастда давлатнинг турли бошқа структуралари (вакиллари), энг пастда (пирамида асосида) эса оддий халқ жойлашган бўлади. Бундай мамлакатдаги инсонларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларининг «гавдаси» ҳам пирамида кўринишида бўлиб, бироқ у ҳокимият пирамидасидан фарқли тескари ҳолатда эканлигини кўрамиз: оддий инсон, оддий халқнинг деярли барча ҳуқуқ ва имтиёзлари тортиб олинган ёки топталган [«яқинда бу ҳукумат одамларга нафас олишни ҳам таъқиқлаб қўяди» деб инсонлар чуқур қайғу-ўкинч билан гапиришади], давлат бошлиғи эса барча ҳуқуқ ва имтиёзлар соҳиби, яъни мутлоқ ҳокимга айланган бўлади. Қизиғи, демократик ва авторитар мамлакатлар конституцияларида халқ ҳақида бирхил, яъни: «Халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаъсидир» деган фикр айтилганини кўриш мумкин. Бу жумлани, масалан, Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддасида ҳам учратасиз. Демократик ва авторитар системаларнинг асосий фарқи ҳам шунда-ки, демократик мамлакатларда қонуннинг ана шу моддаси тўлиқ амал қилади, авторитар мамлакатларда эса мазкур моддани ҳукумат одамларига айтсангиз, уларнинг лабига учуқ тошади.

Мен бу гапларни нима сабабдан ёзаётирман? Мен бу билан зўравонликка асосланган авторитар давлат тузумларида ҳаёт денгиздагидек шафқатсиз ва ваҳшиёна бўлишини айтмоқчиман, холос. Бундай давлат вакиллари ҳаётидаги ўзаро муносабатлар қароқчилар тўдасидаги муносабатларни эслатади: ҳар қандай йўл (қонунларни менсимаслик, ошна-оғайничилик, талаш, талон-тарож қилиш, алдаш, ўғирликлар, одам ўлдириш ва ҳоказо) лар билан бойиш бўлиб, бироқ халқ олдида ўз жиноятларини яшириш учун гуноҳсиз ёки ўз сафдошларидан баъзиларини қурбон қилиш. Мен буни бир мисолда кўрсатаман.

Бу муайян воқеа Жиззахда содир бўлиб, айнан ғалла масаласи билан боғлиқ бўлган. Жиззах вилоят прокуратураси 2002 йил апрель ойида номи юқорида келтирилган Жиззах шаҳридаги 8-ун комбинатининг 2000 ва 2001 йилларда ғалла қабул қилиш фаолиятини текширган ва комбинатнинг бир гуруҳ ходимлари устидан жиноий иш (ж/и) қўзғатган. Тергов дам тўхтатилиб, дам юритилиб 2003 йил 18 майгача олиб борилган. Негадир, ҳеч қандай зарурий асос кўрсатилмай, шу куни иш вилоят Миллий хавфсизлик хизматига ўтказилган. Ўтган бир йилдан ортиқ вақт оралигида айбланувчилар очиқда юришган, бироқ улар ўша куниёқ қамоққа олинган. Иш юритиш вилоят МХХ тергов бўлими бошлиғи Музаффар Сайидқуловга топширилган. Айбланувчилар орасида комбинатнинг тайёр маҳсулотлар омбори мудири Шароф (фамилияси эсимда йўқ) исмли йигит ҳам бўлган. Мен унинг оила аъзоларининг илтимосига кўра ж/и да 2003 йил 30 июльдан бошлаб ҳимоячи сифатида қатнаша бошладим. Ж/и 48 жилд (том) дан иборат бўлиб, унинг 6 жилди жиноят иши бўйича, қолганлари ревизия, аудит ташкилотлар текширувлари ҳужжатларидан иборат эди. Мен ҳар куни (шанба ва яешанбадан ташқари) эрталаб соат 9-00 дан кеч соат 18-00 га қадар ҳимоям остидаги Шароф билан биргаликда ж/и материаллари билан таниша ва улардан керакли кўчирмалар ола бошладим. Мен 1-жилднинг ярмини ўқиганимдаёқ воқеани тўлиқ тушундим. Шароф тахминан 300 млн. (аниқ рақам эсимда йўқ) сўмлик (тахминан 4000 тонна) ғаллани талон-тарож қилганликда айбланаётган бўлиб, бу – бошқаларга қўйилган айбларнинг энг жўни эди. Масалан, Тошкент шаҳар прокурори Мэлс Наимовнинг укаси Акмалга 900 млн. сўмдан ортиқ турадиган ғаллани ўзлаштирганлик айби қўйилган эди. 8-ун комбинатига ғалла Пахтакор ва бошқа туманлардаги ғалла топшириш пунктларидан вагонлар ва автотранспортларда ташилган. Ғаллани қабул қилиб олиш ҳужжат (накладной ва ҳоказо) ларида ҳеч қандай жиддий камчиликлар йўқ эди. Бироқ, комбинатга ғалла кириб келмаганини тушуниш учун юрист бўлиш шарт эмас эди. Шароф иккаламиз ишлаётган кичик хонада бизнинг олдимизда МХХнинг бир ходими муттасил ўтирар ва бизни кузатар эди. Атрофимизда гапларимизни ёзиб олувчи «қўнғизчалар» қўйилгани ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Шароф иккаламизни ҳеч қачон ёлғиз қолдиришмаганликлари, тушликни бирга қилдиришмаганликлари сабабли мен у билан МХХ вакили олдида гаплашишимга, ундан баъзи маълумотларни сўраб олишимга ва, ҳатто, келажакдаги ҳатти-ҳаракатларимизни назоратчи олдида келишиб олишишимизга тўғри келарди. Бошқача айтганда, М.Сайидқулов ходими орқали биз нима қилаётганимиз, иш материаллари моҳиятига тушунаяпмизми-йўқми, мен Шарофдан воқеаларнинг асл йўналишини қай даражада билиб олаётганим, хуллас, ҳамма-ҳаммасини ҳар куни билиб турарди. Вазиятни ўзгартиришнинг иложи йўқ эди.

Бошида М.Сайидқулов: «Толиб ака юрист эмас, у қонун-қоидани билмайди, иқтисодчи эмас, бу ишнинг моҳиятига ета олмайди» деб ўйлаган ва, балки, мени ж/и га ҳимоячи бўлиб ўтишимга деярли монеълик қилмаган бўлиши мумкин. Бироқ мен ж/и бошдан-оёқ сохта эканлигининг 2-3 та инкор этиб бўлмас исботини топдим. Шулардан биттаси.

Ж/и да бир неча ҳужжатлар мавжуд ва уларда узундан-узоқ рўйхатлар келтирилган бўлиб, бу рўйхатлар вагонларнинг номерлари ва улар қайси саналарда ғалла ташишга жалб этилгани ҳақида эди. Биз Жиззах шаҳар темирйўл депосига сўров бериб, рўйхатда кўрсатилган вагонлар кўрсатилган саналарда ғалла ташишга жалб қилинган-қилинмаганлигини аниқладик. Деподан келган жавобга кўра бу вагонлар ғалла ташишга жалб қилинмаган экан. Ҳужжатлар бўйича автотранспорт воситасида ташилган ғалла кам миқдорни ташкил қилгани учун катта миқдордаги ғалла комбинатга кирмаганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, комбинатга кирган ғалла қандайдир кўринишда (ун, кепак, комбикорм ва ҳоказо) комбинатдан чиқиб кетиши ва у ҳужжатлантирилган бўлиши керак. Ҳатто, тайёр маҳсулот ноқонуний (ўғирланаётган) йўл билан чиқиб кетган бўлса-да, унинг учун сохта ҳужжатлар тайёрланган бўлиши ва уларни комбинатнинг камида 6 та лавозимли ходими (тайёр маҳсулот, тара (қоп-халта ва ҳоказо) омборлари мудирлари, дирекция, бухгалтерия ва лаборатория ходимлари ва навбатчи қоровул имзолаши керак. Бироқ, ж/и материаллари орасида кириш ҳужжатларидан фарқли ўлароқ бирорта чиқиш ҳужжатлари йўқ эди. Тўғри-да, кирмаган ғалладан нима чиқиб кетиши мумкин?

М.Сайидқулов саросимага тушиб қолди. Бир кун мен вилоят прокуратурасига шикоят топширгани бордим ва шикоятларни қабул қилиш бўлимининг бошлиғи Людмила Аркадьевна (фамилияси ёдимда йўқ) деган рус аёлга вилоят прокурори Равшан Муҳитдинов билан учрашишим зарурлигини айтдим. У менга: «Негадир у бир ҳафтадан бери эрталабдан кечгача вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқулов олдида ўтирибди, у билан бугун-эрта учраша олмайсиз, шекилли» деб жавоб берди. Эртаси куни, 15 августда, навбатдаги марта иш билан танишиш учун МХХ биносига келганимда мени ранги-қути ўзгарган ҳолда М.Сайидқулов бир неча ходимлари билан кутиб олди ва қўлимга бир ҳужжат тутқазди ва: «Биз сизни ҳимоячиликдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилдик, чунки сиз юрист эмассиз ва Шарофни судда ҳимоя қила олмайсиз. Ҳозир ёнингиздаги қоғозларни бизга ўз ихтиёрингиз билан топширасиз, акс ҳолда, мана гувоҳлар ҳам бор, шулар олдида мажбурий тортиб оламиз» деди. Менинг қонунларни рўкач қилиб айтган гапларимнинг барчаси бекор кетди, вилоят ва Бош прокурорга ёзган шикоятларимнинг бирортасига ҳам жавоб олмадим. Суд менинг иштирокимсиз ўтди ва Шароф ва бошқалар (Тошкент шаҳар прокурорининг укасидан ташқари) қамалиб кетишди.

(Давоми бор)


Просмотров: 1004 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей