Қозоғистондан Ўзбекистонлик уч қочқинни ушлаб кетишди Комила Собирова
Нашр қилинди: 31 май, 2008 йил
29 май куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Олмаота
шаҳрида ўзбекистонлик уч қочқинни ушлаб кетиб, уларни ватанига қайтариб
юбориш билан таҳдид қилди.
Қочқинлардан бирининг сўзларига кўра,
улар тушга яқин БМТ қочқинлар идораси ваколатхонасидан чиқиб келаётган
вақтда фуқаро кийимидаги олти киши ҳеч қандай гап-сўзсиз уларнинг
қўлларини қайириб, кишан солиб машинада ички ишлар департаментига олиб
кетган.
“У ерда биздан ҳужжат талаб қилишди. Ҳужжатларни
кўрсатганимиздан сўнг прокуратуранинг қамоққа олиш тўғрисидаги қоғозини
кўрсатиб, бизни қамоққа олишга ҳақлари борлигини айтишди. Ҳар икки
гапнинг бирида Ўзбекистонга топшириб юбориш билан таҳдид қилди”, -
дейди қочқин.
У ўзбекистонлик қочқинларнинг аксарияти
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан кўпинча террорчи ёки
экстремист сифатида қабул қилинаётганини билдирди.
“Нега қочиб
келганимизни сўрайди, айтсак ишонмайди. Бўлмаган гап, сен террорчисан,
бекорга сени қидирувга бермайди, дейди. Урмади, фақат сўкиш, ҳақоратлаш
бўлди. Террорчи, ваҳҳобий, акрамий, ҳизбчи, хоҳлаган нарсасини
гапираверди”, - дейди ўзбек қочқини.
Қочқинлар бу каби
ҳолатлар Қозоғистондан бошпана топган ўзбекистонликларнинг руҳий
ҳолатига салбий таъсир кўрсатмай қолмаётганини таъкидлади.
Бироқ
Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живаго маҳаллий полициянинг
ўзбек қочқинларини маълум вақт сўроқ қилгани қочқинлар учун ҳеч қандай
хавф туғдирмаслигини айтди.
“Бу ҳолат қочқинлар билан эмас, балки кўпроқ ноқонуний миграция муаммолари билан боғлиқ бўлса керак”, - деди Д. Живаго.
Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти эса ўзбек қочқинлари билан содир бўлган мазкур ҳолатни изоҳлашдан бош тортди.
Эслатиш
жоизки, жорий ҳафта бошида Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир
Матлубов Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Заутбек Турисбеков билан
учрашиб, икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасида вакил алмашиш
масаласини муҳокама қилганди.
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ
ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ўзбек ва қозоқ
милицияси ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кучайиши сиёсий ва диний
сабаблар билан юртини тарк этиб, қўшни давлатга ўтган
ўзбекистонликларни овлашни янада авж олдиришини билдирди.
Манба: «Озодлик»
|