Тошкентда ОИнинг матбуот анжумани бўлиб ўтади
|
|
Тошкентдаги матбуот семинари Ўзбекистон ҳукумати томонидан ён бериш, сифатида кўрилган |
9-10 июн кунлари Тошкентда халқаро матбуот семинари бўлиб ўтиши эълон қилинган. Семинар ташкилотчилари Ўзбекистон ҳукумати ва Оврўпо Иттифоқи.
Оврўпо Иттифоқи Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга қарши киритилган жазо чораларини яқинда яна олти ойга музлатиб қўяр
экан, ушбу қадамни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида силжишлар бўлаётгани билан изоҳлаганди.
Иттифоқ Ташқи ишлар вазирларининг Ўзбекистон борасида қабул қилган сўнгги қарорида Тошкентда халқаро матбуот семинарини ўтказиш
режаси ҳам эълон қилинган.
Май ойи охирида ўтиши режаланган семинарнинг номаълум муддатга кечиктирилгани ҳақида хабар қилинганди.
Оврўпо Иттифоқидаги манбаъларнинг билдиришича, шу кунларда Ўзбекистон ҳукумати семинарни 9-10 июн кунлари ўтказишни таклиф
қилган.
Би-би-си Оврўподан семинарга таклиф этилган вакиллардан бири, Брюсселда жойлашган Халқаро инқироз гуруҳининг матбуот директори
Андрю Стролайн билан суҳбатлашган ва аввалига анжуманга яна кимлар таклиф этилгани ҳақида сўраган.
Андрю Стролайн:
Менинг билишимча, семинарга Ўзбекистон томони ўн беш киши ва Оврўпо
Иттифоқи ўн беш кишини таклиф қилган. Ўзбек ҳукумати кимларни
чақирганини мен билмайман. Оврўпо Иттифоқи томонидан ўзимдан бошқа яна
бир неча кишининг таклиф қилинганини биламан, булар - Хьюман Райтс
Вотч, Халқаро Амнистия, Уруш ва Тинчликни Ёритиш Институти, Чегара
Билмас Мухбирлар, Очиқ Жамият институти ва бошқалар.
|
Агар
биз Тошкентга бориб, ўзбек мухбирлари учун ёритишнинг имкони бўлмаган
нарсалар ҳақида гапира олсак, ана шунинг ўзи Ўзбекистондаги матбуот
эркинлиги учун кичик ғалаба бўлади
Андрю Стролайн, Халқаро Инқироз гуруҳи
|
Би-би-си: Семинарда нимани муҳокама қилишни режалаяпсизлар?
Андрю Стролайн:
Бу семинарга "Оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш" дея ном
берилган. Ўзбекистондаги матбуотнинг бугунги аҳволи назарда тутилса, бу
каби ном анча қизиқ туюлади. Ўзбекистон ичида, умуман мустақил матбуот
йўқ. "Эркинлаштириш" деган ном, балки нимадир ўзгариши мумкинлигига
ишора берар. Семинарда муҳокама қилинадиган мавзулар орасида
журналистиканинг халқаро меъёрлари, матбуотдаги кўпфикрлилик, сўз
эркинлиги, интернет устидан назорат каби мавзулар бор. Кун тартибини
Ўзбекистон ва Оврўпо Иттифоқи биргаликда ишлаб чиқишган.
Би-би-си: Бу каби мавзулар ўзбек матбуоти учун ёт. Уларни Тошкентга бориб, мухокама этиш билан вақтингизни бекорга сарфлайман, деб
ўйламайсизми?
Андрю Стролайн:
Тошкентга бориб, вақтни бекор кетказаман, деб ўйламайман. Мен у ерга
бориб, кўпгина ўзбек журналистлари айтолмаётган нарсаларни очиқча айта
оламан. Улар мутлақ цензура остида, хоҳлаган мавзуларини кўтара
олишмайди. Андижон каби мавзулар борасида маҳаллий матбуотда бир
томонлама ахборот тарқатилган. Ёки пахта далаларидаги болалар меҳнати.
Бу каби мавзулар холисона ёритилмайди. Агар биз Тошкентга бориб, ўзбек
мухбирлари учун ёритишнинг имкони бўлмаган нарсалар ҳақида гапира
олсак, ана шунинг ўзи Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги учун кичик
ғалаба бўлади.
Би-би-си: Семинар 9-10 июн куни бўлиб ўтиши айтилмоқда. Унга тайёргарлик учун вақт етарлими?
Андрю Стролайн:
Улар қатнашчиларга тайёргарлик учун икки ҳафта беришди. Бу жуда ҳам кам
вақт дегани, чунки мен ўз оилавий режаларимни бекор қилишимга тўғри
келди, бошқалар хам оилавий ва касбий режаларини ўзгартиришди. Халқаро
матбуот семинарига тайёргарлик учун, ўта ғайриоддий равишда, кам вақт
берилаяпти. Балки ўзбек ҳукумати буни атайин қилмоқда, балки улар
қатнашчилар вақт тиғизлиги учун келолмай қолишар, деб умид
қилишаётгандир. Аммо, йўқ, биз семинарга борамиз ва айтилиши керак
бўлган сўзларни айтамиз.
|