Якшанба, 22.12.2024, 13:26
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 26 » Сенат қабул қилган қонун фақат қоғозда қолиб кетяпти
02:42
Сенат қабул қилган қонун фақат қоғозда қолиб кетяпти

Сенат қабул қилган қонун фақат қоғозда қолиб кетяпти

Садриддин

АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро болалар фестивалида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этиб, унда ўзбек болалари ясаган сопол буюмлар, Самарқанд, Бухоро зардўзлиги ва сўзаналари намуналари ҳамда расмлар намойиш этилди.

Албатта, АҚШда ўзбекистонлик болалар ижод намуналарининг намойиш қилиниши, бу фестивалда минглаб америкаликларнинг иштирок этиши ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган хабар ҳар бир ўзбекистонлик қалбида илиқ туйғулар пайдо қилади. Зеро, ўзбек болалари фақат пахта чопиш ва териш билан эмас, балки мана бундай санъат асарларини ҳам яратишга қодир, деган фикр пайдо бўлади.

Яқинда Ўзбекистон Сенати болалар меҳнатини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни маъқуллагандан кейин кузатувчилар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ниҳоят ҳукумат бу муаммога эътибор берди, болалар энди оғир меҳнатдан қутуладиган бўлди, деб ишонган эди. Лекин Сенатнинг бу қонуни ҳали ҳам жойларга етиб бормаган, шекилли, Ўзбекистонда болалар ҳунузгача оғир ишларга жалб қилинмоқда.

Сурхондарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев вилоятда ҳали ҳам болалар оғир ишларни бажараётганини тасдиқлади.

“Масалан, бозорларда ҳали ҳам болалар арава тортмоқда, фермер хўжаликларида ишламоқда. Ўтган йили бир фермер хўжалигида мактаб болалари ишчи бўлиб ишлаган. Лекин иш ҳақини ололмади. Иш ҳақи устидан жанжал чиқди. 12 яшар бола 40 ëшга кирган йигитни уриб ўлдирди, ишонасизми. Чунки бу бола шу ерда ишлаб мактабга керакли бўлган ўқув қуролларини олмоқчи бўлган. Аҳвол ҳозиргача шунақа”,- деди Ф.Тиллаев.

Унинг сўзларига кўра, чекка туманлар ва қишлоқларда болалар ҳозир ҳам далага, пахта яганаси ва чопиққа чиқарилмоқда.

Наманганлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зоҳиджон Зокиров ҳам бундай ҳолатга ўзи гувоҳ бўлганини гапирди.

“Бирдамлик” ҳаракатининг фарғоналик фаоли Аҳаджон Набиев эса болалар мактабга бормай қўйиб, жуда кўпчилиги мардикорлик қилаётганини билдирди.

“Ҳозир имтиҳонлар бошланди. Болалар аллақаерлардан топиб келиниб, ўқимаса ҳам баҳо қўйиб бериляпти”,- деди А.Набиев.

У ҳам болалар ҳунузгача пахта чопиғи, яганага олиб чиқилаётгани, маҳаллий ҳокимиятлар болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисидаги қонунга эътибор бермаётганини таъкидлади.

Просмотров: 818 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей