Жума, 29.03.2024, 10:07
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 18 » “Эзгулик” президент фармонида таҳдидни кўряпти
10:37
“Эзгулик” президент фармонида таҳдидни кўряпти

“Эзгулик” президент фармонида таҳдидни кўряпти

Сарвар Усмон

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди адвокатура тизими ислоҳотига оид президент фармонини ревизиядан ўтказиб, конституциявий меъёрларга мослигини ўрганиб чиқиши лозим”.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг 13 май кунги баёноти мана шу талаб билан якунланади.

Эзгуликчилар фикрича, жорий йил 1 майида имзоланган фармони билан Ўзбекистон президенти бир қадам олға юргандай кўринади-ю, лекин аслида у икки қадам ортга чекинди.

Гап “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон устида кетяпти. Бу шунга ўхшаш бошқа барча фармонлар каби яхши ниятлар изҳори билан бошланган бир ҳужжат.

(Ахир ниятимиз ёмонлигидан қиляпмиз, деб бошланадиган бирор ҳужжат кўрганмисиз?!)

Бироқ “Эзгулик” жамияти фикрича, фармоннинг айрим бандлари адвокатура тўғрисидаги амалдаги қонунларга, Бош қонунга зиддир.

Жамият вакили Абдураҳмон Ташанов эътиборни фармоннинг биринчи бандига қаратди. Унда “адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқарадиган марказлаштирилган тизимини ташкил қилиш” лозимлиги уқтирилган.

А.Ташанов фармондаги бу бандни шарҳлар экан: “Бутун дунë ëки илғор мамлакатлар тажрибасида адвокатларнинг бунақа марказлашган тизими йўқ. Бу нарса маъмурий буйруқбозликка асосланган. Бу Совет Иттифоқи даврида бўлар эди. Марказлаштирилган тизим яратишдан асосий мақсад адвокатурани тўла ҳукумат назорати остига олишдир”,- деди.

Бу фармонгача мамлакатда хусусий адвокатуралар бор эди ва улар давлатга ëки бирор маъмурий ташкилотга бўйсунмас эди. Улар қонун асосида ишлаб, фаолият юритаверар эди.

Бундан буён адвокатлар марказлаштирилади, ҳаммаси Адвокатлар палатаси, деган ташкилотга аъзо бўлади, аъзо бўлмаса, адвокатлик фаолияти билан шуғуллана олмайди.

Фармоннинг “Эзгулик” жамиятини ташвишга солаётган яна бир меъёри будир:

“Ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларнинг суд ишида иштирок этишига йўл қўймасликка қаратилган тарафлар вакиллиги институтини босқичма-босқич такомиллаштириш”.

Фармонлар ёзиладиган тил қанчалик чигал бўлмасин, бу меъёр оддий фуқаро учун тўғридай кўринавериши мумкин.

Лекин Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу меъёр замирида, аслида катта таҳдид ётибди.

“Бундан кўзланган асосий мақсад - инсон ҳуқуқлари ва ноҳукумат ташкилотлар вакилларининг қонун асосида судда қатнашиши ва ахборотлар олишини тақиқлаш. Масалан, биргина “Эзгулик” кейинги 5 йилда 500дан ортиқ суд мажлисида иштирок этиб, у ердаги ноқонуний ҳолатлар, тергов пайтидаги қийноқлар бўйича маълумотлар тўплаган. Айнан бу нарсалар биз каби ноҳукумат ëки жамоат ташкилотлари фаолиятини жиловлашга, уларни судга қўймасликка қаратилган”,- деди А.Ташанов.

90-йилларнинг ўрталарида камина Ўшдаги бир жамоат ташкилотининг вакили – жамоатчи ҳимоячи сифатида икки ўшлик устидан Фарғона шаҳри судида кўрилган судлов жараёнида иштирок этган эдим. Камида 10 марта борганман судга. Менинг иштироким судланувчи ҳамюртларим устидан чиқарилган ҳукмнинг юмшоқроқ бўлишига таъсир ўтказган, деган ўй иззат-нафсимга ором бериб келади.

Абдураҳмон Ташанов сўзларига кўра, президент фармонидан ва унинг асосида қабул қилиниши кутилаётган қонунлардан сўнг шахсан менинг жамоатчи ҳимоячи сифатида Ўзбекистон судида иштирок этишим мутлақо имконсиз бўлиб қолади.

Хўш, бундай ўзига хос ислоҳотдан ким манфаатдор?

“Албатта, марказлаштирилган адвокатурадан биринчи навбатда Ўзбекистонда шаклланган тизим, яъни ҳукумат манфаатдор”,- деди Абдураҳмон Ташанов.

Жиззахлик адвокат Ғиёс Намозовнинг таъкидлашича, адвокатларнинг ягона тизим - Адвокатлар палатасига бирлашишининг ижобий томони кўпроқ. Палатага аъзо бўлса, адвокатнинг ҳуқуқлари чекланади, адвокатлар давлат томонидан жиловланади, деган талқинлар унчалик тўғри эмас.

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов эса адвокатлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳар қандай марказлашишни қўллаб-қувватлаши, лекин бу фармон асосида ҳам навбатдаги ўйин ётган бўлса, унга қарши эканини айтди.

Ғиёс Намозовнинг билдиришича, фармонда жамоатчи вакиллар фуқаролик ишида қатнашиши тақиқланмаган.

“Лекин фақат ҳимоячи ҳимоячи бўлиб қатнашсин. Фармонда жамоатчи вакил жиноят содир этганликда айбланаëтган шахснинг ҳимоячиси бўлиб қатнашиши бекор қилинган. Чунки давлат мажбурият олган”,- деди Ғиёс Намозов.

Руҳиддин Комилов ҳам нодавлат ва жамоат ташкилотларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги баъзи фаолияти чекланишини тан олди.

“Улар адвокат бўлмаса ҳам адвокат ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Янги фармон бўйича улар жараëнларда иштирок эта олмай қолади. Бу зарар. Чунки судда жамоатчилик иштирок этмайди. Агар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаса ва фақат мониторинг билан чекланиб қолса, нотижорат, нодавлат ташкилотлар тўғрисидаги қонунимиз нимага керак бўлади”,- деди Руҳиддин Комилов.

Просмотров: 899 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей