Якшанба, 22.12.2024, 13:00
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 18 » Майкл Андерсен:"Андижон: башорат қилиш мумкин бўлган қирғин"
23:07
Майкл Андерсен:"Андижон: башорат қилиш мумкин бўлган қирғин"

Майкл Андерсен:

"Андижон: башорат қилиш мумкин бўлган қирғин"

Андижон ҳақидаги филм муаллифи - Майкл Андерсен
"Андижон: башорат қилиш мумкин бўлган қирғин" номли филмида Майкл Андерсен, ўз таъбирича, Андижон қирғинида ғарбнинг масъулиятини тадқиқ этишга уринади.

"Таҳлилчилар ўзбек диктатори Ислом Каримовнинг шафқатсизлиги ҳақида узоқ вақт бонг уриб келишган, аммо ғарб огоҳларга қулоқ тутгани йўқ ва у билан "террорга қарши уруш"да яқин ҳамкорлик қилишда давом этди", - дейилади филмнинг муқаддимасида.

Муаллифнинг айтишича, филмда, шунингдек, "Ўзбекистонда давом этаётган репрессиялар ва тузумнинг Андижон қирғини ҳақида ҳақиқатни айтишга журъат этган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишда давом этаётгани ҳужжатлаштирилган".

Андижондаги воқеларнинг ҳозирга қадар билинган ягона тасвири "жангарилар видеоси" деб аталган қуролли шахслар томонидан суратга туширилгани ишониладиган тасвирлардир.

Вашингтондаги Карнеги маркази 2006 йил июнида намойиш этган тасвирларда қирғиндан олдинги лаҳзалар акс этган.

Карнеги маркази 109 дақиқалик ушбу тасвирларнинг таҳрир қилинганини айтган.

Ҳукумат кучлари тинч намойишчиларга қарата ўт очгани туширилган видеотасвирлар борлигига ишонилади, аммо улар ҳозиргача қўлга киритилган эмас.

Ўзбек хавфсизлик кучлари 13 май куни Андижондаги воқеаларни суратга туширган журналистларнинг фото ва видеокамераларини мусодара қилган.

Майкл Андерсен "Андижон воқеаларидан бир неча кун аввал туширилган ва қирғинга бевосита алоқадор" тасвирларни қўлга киритганини айтмоқда.

Бу даниялик журналистнинг Андижон воқеалари ҳақидаги иккинчи филмидир.

Ўтган йили инглиз тилидаги "Ал-жазира" телеканали унинг айни воқеаларга бағишланган 25 дақиқалик филмини намойиш этган.

Янги филмда Майкл Андерсен 1989 йил Хитойнинг Тянанмен майдонидаги воқеалардан кейин юз берган энг йирик қирғин, деб таърифланган Андижон хунрезлиги арафасидаги воқеалар ривожи, ғарбнинг Каримов билан муносабатлари ва қонли воқеаларга гувоҳ бўлган шахсларнинг ҳикоялари орқали "2005 йилнинг 13 май куни Андижонда нима бўлган эди?" деган саволга жавоб топишга уринганини айтмоқда.

Филмда интервью қилинган Британиянинг собиқ Халқаро тараққиёт вазири Клейр Шорт ғарбнинг Каримовга дастаги ҳақида гапираркан, "Биз иблис билан ҳамтовоқ тутинган эдик", дейди.

Журналист тадқиқотлари сўнггида Андижонда ҳукумат кучларининг намойишчиларни ўққа тутиши натижасида 1000 киши қурбон бўлганини даъво қилган.

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз Андижон воқеалари ҳақидаги ҳужжатли филмингизнинг қачон ва қаерда намойиш этилишини сўрашган.

Майкл Андерсен: Биз филм устидаги ишларни шу ҳафта ниҳоясига етказаямиз. Шундан сўнг уни телекомпанияларга сотишга ҳаракат қиламиз. Уларни қизиқтириш, ҳужжатли филмни эфирга беришга ишонтиришга уринамиз.

Би-би-си: Телекомпаниялар орасида Андижон воқеаларига қизиқиш катта, деб ўйлайсизми?

Майкл Андерсен: Йўқ. Андижон воқеалари, умуман, Ўзбекистонга қизиқиш катта, деб айта олмайман. Аммо биз Андижондаги қирғинга қадар ва ундан сўнг юз берган воқеаларни, уларнинг иштирокчилари, табиий, президент Каримовдан ташқари - гувоҳлар, мутахассислар ва ғарбдаги сиёсатчилар тилидан ҳикоя қилиш орқали Ўзбекистондаги вазият билан боғлиқ каттароқ манзарани чизишга ҳарақат қилганмиз. Шу маънода Андижон воқеаларига яна бир марта эътибор қаратишга эриша оламиз, деб умид қиламан.

Би-би-си: Англиядан Улуғбек Назаров ва Оврўподан ёзганини айтган Тоҳир исмли тингловчиларимиз филмни интернетда ҳам томоша қилиш мумкин бўладими, деб сўрашган.

Майкл Андерсен: Ҳа. Биз филмни суратга олган студиянинг интернет саҳифаси бор ва филм намойиш этилганидан сўнг уни студиянинг саҳифасида кўриш мумкин бўлади. Линкларни биз кейинроқ эълон қиламиз. Шунингдек, Марказий Осиё ҳақида ёзадиган бошқа бир қатор сайтлар, жумладан, Фергана. ру саҳифаси ҳужжатли филмга қизиқиш билдирган ва унинг трейлерини саҳифада жойлаштиришга рози бўлган.

Би-би-си: Ўзбекистонлик тингловчимиз сўраган: "нима учун Андижон воқеалари ҳақида ҳужжатли филм олишга қарор қилдингиз?".

Майкл Андерсен: Бу саволга жавобим оддий. Мен Андижон ҳақида филм қилмасдан туролмадим. Мен бир неча йиллар Ўзбекистонда, Марказий Осиёда яшадим. Менинг баъзи дўстларим, журналистлар қамоқда ўтиришибди ёки мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар. Ўзбекистонда яшаб туриб, Андижон воқеаларига гувоҳ бўлган ҳолда, айниқса, журналист бўла туриб, бу воқеалар ҳақида ёзмаслик мумкин эмас. Андижон воқеалари юз берган кун мен Ўзбекистонга йўл олган эдим. Воқеалар ҳақида эшитганим ҳамоно Ўш-Андижон чегарасига етиб бордим. Аммо ўзбек чегарачилари менинг визам бўлишига қарамай, Андижонга қўйишгани йўқ. Турли баҳоналар билан анча муддат ўзим ва паспортимни ушлаб туришди. Менинг олдимда ҳеч қандай танлов йўқ эди. Мен Андижонда нималар бўлаётгани ҳақида ташқи дунёга гапириб беришга қарор қилган эдим.

Би-би-си: Айни тингловчимиз "ўзи Андижонда бирон марта бўлганмисиз?", деб сўраган.

Майкл Андерсен: Мен Андижонда қирқ-эллик маротаба бўлганман. Андижонга қўшни Ўшда қарийб уч йил яшадим. Ўшдан Тошкентга бораркан, биласиз, Андижон шаҳридан ўтилади. Мен шаҳарни, Бобур майдонини, Андижондаги ҳаёт, одамларни яхши биламан, деб айта оламан.

Би-би-си: "Сезишимча, сиз айнан Ўзбекистонга кириб бора олмагансиз. Аммо Қирғизистондаги ўзбеклар билан бўлган мулоқотингизда бу халққа нисбатан ғарблик инсон нуқтаи назаридан сизда қандай тасаввур ҳосил бўлди?" деб сўрабди "А" деб исм қўйган веб саҳифамиз ўқувчиси.

Майкл Андерсен: Мен Ўзбекистон, унинг одамларини яхши кўраман. Хали айтганимдай, мен маълум муддат Ўзбекистонда оилам билан яшадим. Ўзбекларнинг самимийлиги, анъаналари, уларнинг, айниқса, меҳмонга эшик очиши бизни ҳайратда қолдирган. Биз Ўзбекистонда узоқроқ қолишни истаган эдик. Афсуски, менинг журналистик фаолиятим туфайли бунга изн беришмади. Биз Қирғизистонга кўчиб ўтишимизга тўғри келди. Қирғизистонда ҳам Ўшда қўним топдик. Ўшда, биласиз, ўзбеклар кўп яшашади. Мен учун Қирғизистондаги ўзбекларнинг Ўзбекистондаги ўзбеклардан кўра қанчалик эркин яшашларини кўриш, кузатиш қизиқ эди. Филмнинг кўпроқ Қирғизистонда олинганига келсак, афсуски, Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни ёпиб олди. Журналистлар учун Ўзбекистонга сафар қилиш имконсиз бир нарса бўлиб қолди. Менинг ўзим ўн мартадан кўп ўзбек визасини сўраб мурожаат қилдим, беришмади. Аммо бизнинг Ўзбекистон, унинг ичидаги одамлар билан алоқаларимиз сақланиб қолган. Уларнинг ёрдами билан биз кўпгина материалларни қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Уларни филмга ҳам киритганмиз. Баъзи одамларни Қирғизистонга таклиф қилиб, ўша ерда ёзиб олганмиз. Уларнинг кўпчилиги исм-шарифлари ва юзларини ошкор этишмаган, аммо филмда сиз уларни кўрасиз.

Би-би-си: Айни тингловчимиз халқаро ташкилотларни Андижон борасида етарлича иш қилмаганлик, Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатларни эса Ўзбекистондаги вазиятга кўз юмаётганликда айблаган. Сиз унинг фикрига қўшиласизми?

Майкл Андерсен: Бу ерда "халқаро ташкилотлар" деганда кимни назарда тутишга боғлиқ. Агар сиз Хюман Райтс Вотч, Халқаро Амнистия ёки Инқироз гуруҳи сингари йирик нодавлат ташкилотлари ҳақида гапираётган бўлсангиз, улар жуда ҳам фаол иш олиб боришмоқда. Мен Андижондаги қирғиндан кейиноқ бу ташкилотлар вакилларининг кўпчилиги билан Ўш, Жалолободдаги қочқинлар жамлоғида учрашганман. Улар Андижонда нималар бўлгани ҳақидаги ҳаққоний ахборот, маълумотларни тўплашга, воқеаларни ҳужжатлаштиришга уринишарди. Агар дунёда Андижон ҳақидаги ҳақиқатни озми-кўпми билишса, бу ана шу ташкилотлар, одамларнинг фаолияти натижаси, деб ўйлайман. Бошқа халқаро ташкилотлар, Оврўпо Иттифоқи, Нато ва ғарб ҳукуматларига келсак, ҳа, мен бу борада тингловчингизнинг фикрларига қўшиламан. Мен оврўполикман, у ерда солиқ тўлайман, сайловларда овоз бераман. Мен Оврўпо ҳукуматларининг Андижон борасида ўзларини тутишларидан уяламан, буни шармандали, деб қабул қиламан. Чунки биз оврўполиклар Андижондаги фожиадан кўра кўпроқ Оврўпонинг манфаатлари, ҳарбий ва геосиёсий манфаатлар ҳақида ўйладик ва ҳозир ҳам ўйлаяпмиз. Оврўпо Иттифоқи киритган жазо чоралари бунинг яққол мисоли бўла олади. Андижон воқеаларидан кейиноқ, у ерда қирғин юз бергани аниқ кўриниб турган эса-да, ОИ жазо чораларини киритиши учун олти ой вақт керак бўлди. Энди бўлса, шундоқ ҳам заиф бўлган бу жазо чоралари тўхтатилди. Мен бу саволни Оврўпо Иттифоқи раҳбарларига бердим. "Нима учун жазо чораларини тўхтатаяпмиз, нима учун ўзбек ҳукуматига унинг ҳаракатлари қабул қилиб бўлмаслигини айтмаяпмиз?" деб сўрадим. Уларнинг жавоби мени даҳшатга солди. Улар "биз жазони чораларини тўхтатаяпмиз, чунки Каримовнинг бундан жаҳли чиқмоқда ва Оврўпо билан алоқаларни узиб қўймоқчи " деб жавоб беришди. Мен бу жавобдан том маънода даҳшатга тушдим. Мен Оврўпо ва АҚШ расмийларининг Ўзбекистонга кўплаб сафарларини ёритганман. Тошкентдаги матбуот анжуманларида улар Каримовни мақташар, "оқил, доно раҳбар" деб аташарди. Менинг ёнимда ўтирган ўзбекистонлик ҳамкабсларим эса "булар нима деяпти Ўзбекистонни биладими ўзи?" дегандек менга савол оҳангида қарашарди. Афсуски, Ғарб ҳозирда Россия ва Хитойга қарши геосиёсий ўйинда ютқазмаслик ҳақида кўпроқ ўйламоқда. Ва бу йўлда жаноб Каримов билан яхши муносабатларни ушлаб турмоқчи. Афсуски, ҳақиқий воқеълик шу.

Би-би-си: "Водийлик" деб исм қўйган тингловчимиз ёзаяпти: "Андижондаги воқеага нисбатан Америка тўлиқ сиёсатини кўрсатмади. Шунинг учун ҳозирги сайлов олдидан Барак Обама ва Маккейнга шу ҳақда савол беришимиз керак". Сизнинг-ча, АҚШнинг янги президенти Ўзбекистонга нисбатан сиёсатни ўзгартирадими?

Майкл Андерсен: Жуда ҳам яхши савол. Доналд Рамсфелд ёки Колин Пауэл сингари Америка мулозимларининг Ўзбекистонга ташрифлари, уларнинг Каримов ҳақида қанчалик яхши нарсаларни гапиришгани, "Правда востока" ёки "Халқ
сўзи" рўзномаларининг бош саҳифаларидаги Каримов билан жилмайиб, қўл сиқишиб тушган расмларини, менимча, ўзбекистонликларнинг яхши эслашади. Мен шахсан Барак Обаманинг Ўзбекистон ҳақида бирон нарса деганини эшитмадим. У ташқи сиёсат ҳақида кўп нарса гапиргани йўқ. Аммо бу борада Маккейннинг шахсияти жуда қизиқ. Жон Маккейн Каримов режимини очиқдан-очиқ танқид қилган саноқли Америка сиёсатчиларидан бири. Ёдингизда бўлса, Маккейн Андижон воқеаларидан кўп ўтмай, Ўзбекистонга ташриф буюрган ва Каримов билан учрашишга ҳаракат қилган эди. Аммо Президент Каримов уни қабул қилмади, тўғриси, уни менсимади. Бу, шубҳасиз, Маккейнни ғазабга солган. Мен Обама ёки Маккейндан қайси бирига овоз берган бўлишим ҳақида гапирмаган бўлардим, аммо Маккейн ҳокимиятга келадиган бўлса, унинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати аллақачон тайёр, деб ўйлайман. Жон Маккейн Каримов ҳукуматига нисбатан анча қаттиқ ва принципиал мавқеъни эгаллайди, деб ишонаман.

Би-би-си: Сарбон исмли тингловчимиз "сиз шунчалик адолатпеша экансиз, Ироқ ва Афғонистондаги Ғарб кучлари содир этаётган қирғин ҳақида ҳам филм қила оласизми?" деб сўрабди.

Майкл Андерсен: Авваламбор, мен ўзимни жасур журналист, деб тақдим этаётганим йўқ. Ўзбекистонда мендан ҳам жасурроқ журналистлар қамоқда ўтиришибди. Бу сифат уларга кўпроқ ярашади. Мен Ироқ ва Афғонистон ҳақида бажонидил филм олган бўлардим. Аммо мен у ердаги маҳаллий тил, шароитларни унчалик яхши билмайман. Бунинг учун минтақани кўпроқ ўрганишим керак бўлади. Мен Марказий Осиё билан кўпроқ қизиқаман.

Би-би-си: Исми-шарифини қолдирмаган бошқа бир тингловчимиз эса, сизни Ўзбекистонннинг "ички ишлари"га аралашмаслик ҳақида огоҳлантирибди...

Майкл Андерсен: Мен мингта одамни ўлдириш ёки ўн минг одамни қамоққа ташлаш у ёки бу давлатнинг ички иши, деб ўйламайман. Жаноб Каримов ва дунёдаги бошқа диктаторларнинг ҳаммаси БМТнинг кўплаб ҳужжатларига қўл қўйишган. Бу ҳужжатларнинг барчасида инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ бандлар бор. Жаноб Каримов "инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиламан" деган ваъдалар билан Америка ва Оврўпо Иттифоқи, бошқа халқаро ташкилотлардан миллионлаб долларларни олган. Шундай экан, уни танқид қилган пайт "бу менинг ички ишим" дейишга ҳаққи йўқ. Агар эртага Данияда қирғин содир бўлса, мен дунёдаги бошқа давлатлар, жумладан, Россия ва Ўзбекистон ҳам сукут сақламайди, норозилик билдиради, деб умид қиламан. Гап оммавий қотиллик ёки қирғин ҳақида борар экан, бу ҳеч кимнинг "ички иши" бўлмаслиги керак.

Би-би-си: Ва ниҳоят, Ҳиндистондан "Талаба" деб имзо қўйган тингловчимиз сизнинг даниялик эканингизни билиб, хурсанд бўлганини ёзибди. "Чунки, дейди у, - данияликлар, асосан, мусулмонларга қарши бўлган ишларда аралашиб юришади". Муҳаммад Пайғамбар ҳақидаги карикатураларни мисол қилиб келтирган тингловчимиз сизнинг холландалик миллатчи сиёсатчи Герт Вилдерснинг "Фитна" филми ҳақидаги фикрларингизни ҳам сўраган.

Майкл Андерсен: Биринчидан, мен Андижон ҳақидаги филмни у ерда ўлдирилганлар мусулмонлар бўлгани учун эмас, балки улар, умуман, инсон боласи бўлгани учун суратга олдим. Мен Вилдерснинг филми ҳақида гапиришга ваколатли бир шахс эмасман, аммо Даниядаги карикатуралар масаласига келсак, мен буни сўз эркинлиги ҳақида баҳс қўзғашнинг маъқул йўли, деб айтмаган бўлардим. Афсуски, Дания ва Оврўподаги сиёсатчилар карикатуралардан сиёсий мақсадда фойдаланишди. Аммо яна афсуслар бўлсинким, мусулмон дунёсида ҳам бундан сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланиб қолмоқчи бўлганлар бўлди

Просмотров: 1080 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей