Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси олдидаги пикет пайтида кўнглимдан кечган ўйлар…
Бахтиёр Ҳасан, Украина.
Ҳаёт ўтаяпти. 2005 йилнинг, 13 майи табиат қонунларига мунғайибгина
бўйсуниб, бизнинг бугунги кунимиздан тоборо узоқлашмокда. Бироқ,
юрагимизнинг, қонимизнинг, шууримизнинг қат-қатига ўрнашиб қолган
Бобир майдонини тутган аччиқ дуд, автоматларнинг одамлар фарёдига
қоришган ваҳшиёна қичқириғи, ҳаммаси, ҳаммаси ҳар қандай табиат
қонунларига зид равишда вужудимизга сингийверади, сингийверади.
Инсон туғилибдики, тинчлик ва дуст қидиради. Лекин, тоборо
олислаётган 13 май, Андижон фожеаси бор экан, бу фожеанинг айбдорлари
ҳалигача баланд курсиларда ўтиришиб, бутун дунёни устидан кулишаётган
экан, Сизга, бизга, умуман ўзбекман деганга тинчлик келмайди.
Қачонки, ўзини тараққий этган мамлакат лидерлари деб
ҳисоблаётганлар, Андижон халқининг қотилларига ўз юртининг,
банкларининг ва бошқа қулайликларининг эшигини очиб қўйибдими, улар
орасидан дўст қидиришимизнинг ўзи кулгули.
“Андижоним, гўзал шаҳрим, гулларга бойсан”. Бу бир қўшиқ эди. Ҳамма
севиб куйлайдиган. Энди-чи? Сен не деб куйлайсан, Андижоним? Бобир
майдонини ўз қонлари билан бўяган халқим, сенинг мунгли куйларингни
бугун
эшитгувчи борми? Сенинг қалбингга қулоқ тутувчилар қаерда ҳозир?
Мустақилликнинг 14 - йилида, ўз шаҳрингда сени қиймалаганларга наҳот айтар сўзинг йўқ?
Бугун яна ўша кун келди. 13-май. Қонли фожеани ёдлаш учун, ўртоқлар
билан йиғилдик. Ҳаммамизнинг бўйнимизда қочоқлик жандаси. “Андижонни
унитманг!”, “Зўравонликка йўл йўқ!” каби оташин сўзлар ёзилган
плакатлар билан Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида тўпландик.
Қани энди мана шундай
тадбирларни Ватанда ўтказа олсак.
Кўнглимда оғир бир тош ётибди. Бошқаларнинг ҳам. Бу тошни кўтариб
олиб ташлаш имкони бўлганида эди.. Имкон эса мендан ва мен кабилардан
йироқда. Унга ета олмаяпмиз.
Кизик. Бегона бир юртда Андижонни эслаяпмиз.. Элчихона ходимлари
дардимизга қулоқ солишмайди. АҚШ ва Европа эшитадими? Эшитишади. Фақат
бугун. Юзларига ғамгин тус беришади, ҳамдардлик билдиришади ва бўлди.
Эртасига яна унутишади. Каримовнинг юргурдаклари уюштирган турли
маросим-у, тадбирларга чопқилаб қолишади ва кўчада титилиб ётган
мурдаларнинг акси ҳали ўчмаган кўзингизга қараб “Мана, Каримов билан
мулоқотга борса бўларкан-ку, уни кўп хафа қилмайлик” дейишади
тиржайишиб.
Бу - уларнинг фалсафаси. Тўғрироғи, уларнинг геосиёсий ўйини ва
ҳийласи. Уларинг фикрича, бунақа нарсаларга бизнинг ақлимиз етмайди.
Бугунги намоишимизда қатнашган ўзбек мухолифати аҳлига раҳмат. Улар
охиригача туришди. Андижон фожеаси бўйича ўз бирдамликларини кўрсатишди.
Лекин Ватанимда-чи, Андижонда-чи?
Мен элчихона олдида турар эканман, ич-ичимдан йиғладим, томирларим
қалбимнинг энг тубида ётган аламларни кўтариб олиб чиқди. Ўша машъум
воқеадан сўнги, кўчаларда сочилиб ётган ватандошларимнинг ички
аъзолари, кўлмакка айланган қонлар, фарёдлар, ҳаммаси яна бир бор
онгимда ярақлади, жаранглади. Каримовга, унинг тузумига лаънатлар
айтдим.
Ватандошлар, ҳаммангиз кўргансиз, халққа қараб виззилаб учаётган
ўқларни. Қулоқларингиз эшитган Андижонлик оталар, оналар ва болаларнинг
жон талвасасидаги қичқириқларини. Энди нима қиламиз? Ҳар куни ичингизда
миллион марталаб диктатор ва унинг ялоқхурларига қараб айтадиган,
такрорлайдиган калималарни тилингизга чиқаришга қачон куч топасиз?
Биз, мухолифатчилар кучни хорижий мамлакатлардан эмас, Сиздан
олишимиз керак! Бизга Сизнинг мададингиз керак! Биз ҳам Сизнинг
фарзандингизмиз.
ВАТАНД0ШИНГИЗ БАХТИЕР ҲАСАН УКРАИНА, КИЕВ.
13 05 2008 ЙИЛ.
|