Якшанба, 22.12.2024, 13:12
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 10 » Андижон хунрезлиги
06:46
Андижон хунрезлиги
Андижон хунрезлиги

Андижон хунрезлиги Андижон шаҳрида 2005 йил 13 май, жума куни ҳукумат қўшинларининг асосан тинч намойишчиларни қақшатқич ўққа тутиши оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлганди. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти "Human Rights Watch" Андижондаги 13 май хунрезлигини "қирғин", деб таърифлаганди."BBC News" интернет саҳифаси матбуот хабарлари, шоҳидлар ва расмийларнинг баёнотлари асосида Андижон хунрезлигининг силсиласини яратган. Воқеалар ривожи билан қуйида танишиш мумкин.

12 МАЙ, ПАЙШАНБА

Айбланаётганларнинг яқинлари уларнинг айбсиз эканликлари ва ноҳақ ҳибсга олинганликларини айтишган. Би-би-си мухбири Жени Нортон норозилик қатнашчиларини тинч, тартибли ва уюшган, деб тасвирлаган.

Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Ўзбекистондаги лойиҳаси раҳбари Галима Бухарбаевага кўра, пайшанба куни кечга томон намойишчилардан баъзилари ҳибсга олиниб, шаҳар қамоқхонасига олиб кетилган.

13 МАЙ, ЖУМА

Қуролланган кишилар шаҳардаги қамоқхонага ҳужум қилиб, 23 нафар айбланувчи ва яна кўплаб маҳбусларни озод этишади. Тўқнашувлар чоғида бир неча киши ҳалок бўлган. Тонгга яқин шаҳарнинг асосий майдонида минглаб одамлар тўпланишган.

Галима Бухарбаеванинг айтишича, кўчаларда Калашников автоматлари билан қуролланган одамларни кўриш мумкин, аммо умумий вазият осойишта эди. "Одамлар намойиш қилишмоқда, нутқ сўзлаётганлар адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гапиришмоқда. Бу-фақат сиёсий эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий норозилик ҳамдир", деб айтган Галима Бухарбаева.

Шаҳар марказига олиб борувчи йўллар ёпиб қўйилган, намойишчилар ҳукумат биноларини назорат қилмоқдалар. Атрофда хавфсизлик кучлари кўринмайди, аммо Андижон аэропортида ҳукумат кучлари ва танкларнинг тўпланаётгани айтилган.

Ferghana.ru ахборот агентлиги мухбири маҳаллий вақт билан 14 дан 46 дақиқа ўтганда Андижон вилоят ҳокимияти биноси олдидаги марказий майдонда тўпланганлар сони 10 минг атрофида экани ҳақида хабар берган. Намойишчилар майдонда ўрнатилган микрофонда иқтисодий қийинчиликлар ҳақида гапиришади. Президент Ислом Каримов ва ҳукуматга қарши шиорлар янграган.

Ўзбекистондаги "Арена" номли сўз эркинлиги ташкилоти мухбиридан иқтибос келтирган Ferghana.ru агентлиги ҳукумат кучлари қамоқхона ва ҳокимият биноларига ҳужум уюштирган гуруҳни "йўқ қилиш" ҳақида махфий буйруқ олганини айтади. Маҳаллий вақт билан 18 лар атрофида ҳукумат кучлари ҳокимият биносига ҳужум қилади.

Ҳужум зирҳли машиналар конвойининг намойишчиларга ўт очиши билан бошланади. Одамлар қоча бошлайдилар.

Бошқа бир аёл Би-би-сига қуйидагиларни айтган: "Биз аёллар ва болаларни отишларини ҳечам кутмагандик. Мен учта болам билан эдим, уларни тўсиб олишга уринар ва "болаларимни отма, мени отинглар керак бўлса", деб бақирардим".

Рейтерс агентлиги гувоҳларга таяниб хабар беришича, катта сондаги намойишчилар қуроллилар ва гаровга олинган 10 нафар милиция ходимлари билан бирга бир километр наридаги мактаб томон юра бошлайдилар.

Зирҳли машиналар мактаб ташқарисида тўпланганларга қарата ўт очади.

Гулбаҳор исмли андижонлик шифокор аёл кейинроқ Би-би-сига мактабнинг вақтинчалик ўликхонага айланган ҳовлисида "камида 500 жасадни" кўрганини айтади. Ўлганларнинг кўпчилиги эркаклар ва ҳаммаси ёш йигитлар.

Қуролли аскарлар мактаб ҳовлисини қўриқламоқда, аммо улар жасадларни таниб олиш учун борган яқинларини ичкарига қўйишади.

Кейинроқ ярадорларнинг отиб ташлангани ҳақида хабарлар олинади. Галима Бухарбаевага кўра, кўпгина жасадлар, хусусан, аёллар ва болаларнинг жасадлари олиб кетилиб, яширилади.

Ҳукумат кучлари оммани ўққа тутиб бўлганидан кейин ҳам фуқароларни ўлдиришда давом этганига оид далиллар келтирилади.

Ўзини Муқадас деб таништирган ўрта ёшли аёл IWPRга маҳаллий вақт билан соат 21да ҳам ҳарбийлар ўрнидан қўзғалган ҳар бир кишини отаётганини айтган.

"Мен ҳужумлардан олдин бир юк машинасида аскарларга ароқ олиб келиб тарқатилганини ўз кўзим билан кўрдим",- деган у. Уларнинг ҳаммаси маст эди ва шу алфозда одамларни отишди ва ярадорларни ўлдирдилар. Менинг шундоққина кўз ўнгимда улар бир аёлни иккита кичкина боласи билан отиб ташлашди".

14 МАЙ, ШАНБА

Гувоҳларга кўра, шанба куни тонгда расмийлар учта юк машинаси ва автобусга жасадларни юклаб, номаълум жойга олиб кетишган.

Шаҳардаги ўрта мактаб, техник коллеж ва парклар ўликхонага айланган. Юзлаб андижонликлар ўлган яқинларини қидиришмоқда.

Мактабда фақат эркакларнинг жасадлари қолган. Аёллар ва болаларнинг жасадлари кўринмайди, гувоҳлар уларнинг қурилиш-саноат коллежи яқинидаги бир жойда яшириб қўйилганини айтишади. Эркаклар жасадлари яқинларига қайтарилмоқда, аёллар ва болаларники эса йўқ.

Президент Каримов Тошкентда матбуот анжумани ўтказиб, воқеаларда исломий экстиремистларни айблайди, унга кўра, жангарилар аёллар ва болаларни тирик қалқон сифатида ишлатишган. У ўнта ҳукумат аскари ва "бошқа кўплаб" кишиларнинг ҳалок бўлганини айтади.

15 МАЙ, ЯКШАНБА

Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Шарифжон Аҳмедов Андижондаги вазиятни шундай тасвирлайди:

"Мен атрофимдаги кўчаларда қон изларини кўраяпман. Улар қонларни ювиб тозалашмоқда, аммо қон изларини ҳали ҳам кўриш мумкин. Электр устунлари ва дарахтларни ўқлар тешиб ўтганини кўрасиз".

Ўғли бедарак йўқолган 50 ёшли ота шундай дейди: "Каримовнинг одамлари аёллар ва болаларни отди. Мен қўлларини кўтариб, "отманглар", дея бақираётган ёш йигитларни ўз кўзим билан кўрдим, аммо уларни отиб ташлашди".

16 МАЙ, ДУШАНБА

540 нафар деб айтилган қочқинлар,улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор, ўзбек- қирғиз чегарасида паноҳ топишган.

Би-би-си билан суҳбатда улар қочаётиб, ҳукумат кучларининг ҳужумига учрашганини айтишган.

17 МАЙ, СЕШАНБА

Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодиров Андижонда ҳалок бўлганлар сонининг 169 киши эканини айтади.

Бош прокурорга кўра, биронта ҳам тинч фуқаро қурбон бўлмаган.

Бош прокуратура биносига кутилмаганда кириб келган Президент Ислом Каримов хориж оммавий ахборот воситалари воқеаларни нотўғри ёритаётганлигидан норозилик билдиради.

Президент Андижонда тинч намойишчиларни отишга буйруқ бермагани, у ерда ҳеч қандай тинч намойишнинг бўлмаганини ҳам айтади.

18 МАЙ, ЧОРШАНБА

"Бизни ҳукумат аввалдан белгилаган йўналиш бўйича олиб юришди ва одамлар билан гаплашишга қўйишмади" дейди мухбиримиз Бахтиёр Имомов.

Дипломатларга кўра, улар Андижонда нималар бўлганини ўз кўзлари билан кўриб, хулоса чиқариш имконига эга бўлмаганлар.

АҚШ элчиси ҳукумат уюштирган сафарни "экскурсия" деб атаган.

Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасидаги Қорасув шаҳрини назорат остига олган маҳаллий аҳоли раҳбари экани айтилган Бахтиёр Раҳимов ҳукумат кучлари ҳужум қилгани тақдирда, ҳужумни қайтаришга тайёр эканликларини айтади.

19 МАЙ, ПАЙШАНБА

Ҳукумат кучлари тунда Қорасув шаҳрига ҳужум қилиб, шаҳарни қайтадан қўлга олади.

Маҳаллий аҳоли раҳбарлари ҳибсга олинади.


Прикрепления: Расм 1
Просмотров: 2630 | Добавил: Rashid | Рейтинг: 1.5/2
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей