Ўзбекистонда яна бир маҳбус 'қийноқдан вафот этган'
|
|
Ўзбекистондаги "Жаслиқ" қамоқхонаси маҳбусларга шафқатсиз муносабат билан бутун дунёга танилган |
Ўзбекистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, "Жаслиқ" қамоқхонасидан жазо муддатини ўтаётган қўқонлик маҳбуснинг
жасади яқинларига қайтарилган.
Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарда айтилишича, "Ҳизбут-таҳрир" диний фирқасига
аъзоликда Ўзбекистон маҳкамаси айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этган 25 ёшли Одил Азизовнинг "Жаслиқ" қамоқхонасида қийноқлар натижасида ҳалок бўлгани ойдинлашган.
4 майдан 5 майга ўтар кечаси Одил Азизовнинг жасади Қўқон шаҳридаги яқинларига қайтарилган.
Милиция ходимлари марҳумни зудлик билан кўмишни талаб қилганлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 5 май куни эрталаб Одил Азизов
Қўқон шаҳридаги қабристонлардан бирига дафн қилинганини хабар қилганлар.
Марҳум оиласининг хонадонини милиция ходимлари ўраб олганлар.
Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи хабар қилишича, Одил Азизов Тошкент Кимё-технология институтининг 1-курсида таҳсил олаётган
пайтида "Ҳизбут-таҳрир" фирқасига аъзоликда гумон этилиб ҳибсга олинган.
2001 йил августида Тошкентдаги маҳкама уни сохта айбловлар билан 15 йилга озодликдан маҳрум этган, деб хабар қилади ташаббус
гуруҳи.
Қорақлпоғистондаги "Жаслиқ" қамоқхонаси назоратчилари томонидан қийноққа солинган, дейилади Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари
ташаббус гуруҳи ахборотида.
Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръатбек Икромовнинг айтишича, мамлакатда диний айбловлар билан қамалганларга қарши қийноқлар ва
таъқиблар кучаймоқда.
Суръатбек
Икромовнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг жасади
қайтарилган маҳбуслар оиласига босим ўтказилиб, қўрқитилиши оқибатида
бундай ҳодисалардан мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари
бехабар қолмоқдалар
|