Якшанба, 22.12.2024, 13:11
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 7 » Қирғиз парламенти раиси Ўзбекистонни айблади
03:21
Қирғиз парламенти раиси Ўзбекистонни айблади
Қирғиз парламенти раиси Ўзбекистонни айблади

Элмурод

Қирғиз парламенти раиси Адахон Мадумаров Ўзбекистон Қирғизистонда кутилаётган энергетик бўҳроннинг сабабчиси экани тўғрисида баёнот берди. Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қирғиз тарафи сув захираларини тежай олмаган.

Натижада 2008 йилда камсувлик даври бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон сувсиз, Қирғизистон эса электр энергиясисиз қолиши мумкин. Фақат қурғоқчилик хавфи пайдо бўлгачгина Ўзбекистон Қирғизистоннинг сув-энергетика захираларидан ҳамкорликда фойдаланиш таклифларини қабул қилишга мажбур бўлаётир.

А.Мадумаровнинг билдиришича, бугунги кунда Тўқтўғул сув омборида 6,5 миллиард куб метр сув қолган. Бу эса захирада фақат 1 миллиард куб метр сув бор, демакдир. Агар Тўқтўғулда сув миқдори 5,5 миллиард куб метрдан пасайиб кетса, Қирғизистон энергетик бўҳронга дучор бўлади.

Қирғиз парламенти раиси бундай вазият сувдан унумли фойдаланиш таклифлари Ўзбекистон томонидан узоқ йиллар рад этилиб келингани туфайли пайдо бўлганини айтди.

“Энди вазиятни ўзимиз назорат қилишимиз зарур. Узоқ йиллар биз қўшниларимиз талабларини тўғри тушуниб келдик. Энди қўшниларимиз бизни тушуниши лозим. Агар улар буни хоҳламаса, бу уларнинг фожеасидир”,- деди Адахон Мадумаров.

Май ойи бошида Бишкекда сувни тақсимлаш борасида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Музокараларда сувни тақсимлаш механизми 15 майдан бошлаб кучга кириши тўғрисида келишиб олинди. Бу механизмни амалга киритиш тўғрисидаги музокара эса 14 майда Бишкекда бўлиб ўтади. Қўшни давлатларнинг бундай якдил қарорга келишига Қирғизистон томонидан сувнинг беркитиб қўйилиши сабаб бўлган.

“Айни пайтда биз фақат ички эҳтиёжимиз учунгина сув чиқармоқдамиз. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан тўрт томонлама шартномалар имзоланмагунига қадар уларга сув берилиши тўхтатилган. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам биз бу йил қўшниларимизни юз фоиз сув билан таъминлай олмаймиз”,- деди Қирғизистон бош вазири Игорь Чудинов.

Расмий Бишкек фикрича, биргина Ўзбекистоннинг ўзигина бу йил Қирғизистондан 4,5 миллиард куб метр сув берилишини сўрамоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Тожикистоннинг бир қисмига ҳам Қирғизистон томонидан сув берилиши керак. Бироқ Қирғизистон бу йил қўшниларига бор-йўғи 2,5 миллиард куб метр сув бера олишини билдирган. Бу эса минтақада сувга бўлган эҳтиёжнинг 50 фоизини қоплаши мумкин.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, қишда энергетик бўҳроннинг олдини олиш учун Қирғизистон захирада 5,5 миллиард куб метр сувни сақлаб қолиши зарур.

“Агар Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдори ҳозиргидан камайиб кетса, бу қўшни давлатлар учун чинакам ҳалокат бўлади”,- деди энергетика вазири ўринбосари Туманбоев.

“Бундай вазият 2007 йил қишининг оғир келиши билан боғлиқ бўлди. Қишда қўшниларнинг 2 миллиард киловатт соат электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида 4 миллиард куб метр сувни ошиқча ишлатганмиз”,- деди Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Бозорбой Мамбетов.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти раиси сув омборлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи гуруҳ ташкил этишга кўрсатма берганини айтди. Адахон Мадумаров бу қонун лойиҳасида қўшни давлатлар сув учун Қирғизистонга ҳақ тўлаши шартлиги белгиланишини маълум қилди.

Парламент депутати Усмонали Аттоқуровнинг таъкидлашича, сувни бошқариш орқали Қирғизистон энергетика тармоғига катта сармояларни жалб қилса бўлади. Шунинг учун бу борада қатъий сиёсат юритмоқ зарур
Просмотров: 885 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей