Ботир Норбоев: “Ташқаридаги ўзбеклар Ўзбекистон раҳбариятидан мурувват кутмай қўйган”
Сарвар Усмон
“Ўзбек дунёси” эшиттиришининг бу галги сони географияси: Ўзбекистон
ва Қозоғистон. Унда тилга олинадиган ўзбеклар: шоира Гулчеҳра
Нуруллаева, филология фанлари доктори Ботир Норбоев ва Тошкентни
кўрмаган аёллар.
Уйғоқ қалбли ўзбек нидоси
Бундай баландпарвоз сарлавҳадан кейин қора сўзга ўрин қолмайди.
Бундай баландпарвоз сарлавҳадан кейин фақат нафис сўз эшитиш мумкин.
Шеърдан бошлагимиз келди.
Tақдир судралади, шошмайди тақдир,
Ситам сўқмоқлари узундан-узун.
Донишманд сўзлари эҳтимол, ҳақдир
Қандайин халқ бўлса, ўшандай тузум.
Кўравериб бўлди хаëлларим талх,
Одамхўр, фирибгар юҳо касларни.
Сўрамай ҳаддим йўқ, онажоним, халқ,
Қачон туға қолдинг бундай пастларни?!
Қачон туға қолдинг отабезори,
Онабезорилар сулоласини?
Ҳароми кимсалар макри, озори
Юртнинг булғади-ку пиëласини.
Шу боис бизлардан юз бурмиш барор,
Шу боис Ҳуррият очмагай талъат.
Шикаста Ватаннинг корига ярар
Алплар ўстирмаган аëлга лаънат!
Гулчеҳра Нуриллаева
Доктор Норбоевнинг ситам сўқмоқлари
“Ўзбек дунёси” меҳмони – филология фанлари доктори Ботир Норбоев.
Ботир Норбоев 1947 йили Хивада туғилган. Тошкент давлат
университетининг филология факультетини битирган. Нашриётларда
муҳаррирлик, ўқув юртларида ўқитувчилик қилган. Докторлик
диссертациясини 1996 йилда ёқлаган. Бир неча китоб, қатор илмий ва
публицистик мақолалар муаллифи. Уйланган, бир қизи, беш ўғли бор. 10
йилдан бери Жанубий Қозоғистондаги ўқув юртларида ўқитувчилик қилади.
Озодлик: Одатда эшиттиришимизнинг бу саҳифасига Ўзбекистондан
чиқиб кетишга мажбур бўлган шоир ва ëзувчилар, сизга ўзшаган олимларни
таклиф қиламиз. Сиз қўшни Қозоғистондасиз. Сиз мажбур бўлганмисиз ëки
ўз хоҳишингиз билан келганмисиз?
Ботир Норбоев: Мен бу ерга келишдан олдин Тошкент педиатрия
медицина институтида кафедра мудири эдим. Бу ерга келиб бўш пайтларимда
ярим ставка ишладим. Ўша бўш пайтларимда олган ойлигим мудирлигимда
олган ойлигимдан 3 баробар кўп бўлди.
Озодлик: Энди ойликка ўтамиз.Сиз филология фанлари доктори эмасмисиз?
Ботир Норбоев: Ҳа.
Озодлик: Унда педиатрияда нима қиляпсиз, демоқчи эдим.
Ботир Норбоев: Ўша жойда ўзбек тили ва адабиëти кафедраси очилди. 1991 йилда ўша ëққа бориб қолганман.
Озодлик: Демак, ўқитувчининг Ўзбекистонда оладиган ойлиги билан
Қозоғистондаги оладиган ойлиги орасидаги фарқ сизни Ўзбекистондан
Қозоғистонга кўчишга мажбур қилдими?
Ботир Норбоев: Фақат у эмас. Мен табиатан озгина нопокликни,
ғирромликни кўрсам, ўзимни тута олмайман. Гапириб, қўшилиб, аралашиб
кетаман.
Озодлик: Қозоғистонда ноҳақлик йўқми?
Ботир Норбоев: Бор. Мен мудир бўлсам, масалан, мафкура бўйича
бош вазир ўринбосари бор эди Алишер Аббосович деган. Ўша одам
телевидениега келиб маҳаллийчилик маъносида бир-икки гапларни гапирган.
У очиқдан- очиқ телевидениега бориб: “Қани, вилоятлардан келганлар қўл
кўтаринглар”, деган. Жуда кўпчилик қўл кўтарган. Кўпчилик вилоятдан
келган экан-да. Тошкентликлар қўл кўтарса, улар озчилик бўлган. Шунда
у: “Ҳамманг ëт элларнинг боғи билан боғчаси ўз элимнинг янтоғича
кўринмас, дейсизлар-у, ҳаммаларинг Тошкентга келиб оласиз. Кетинглар
ҳаммаларинг вилоятларингга. Ҳаммангни ҳайдаб юбораман”, дебди. Бу бундан 11 йил аввал, 1997 йили бўлган гап. Ўшанда бош
вазирнинг маданият ва маориф масалалари бўйича ўринбосари бўлиб турган
Алишер Азизхўжаев ТВнинг вилоятлардан келган ходимларини Тошкентдан
ҳайдамоқчи бўлган экан, худди шундай гапни Тошкентга Самарқанддан
келган президент Каримовга ҳам айта олганми, ё айтишдан қўрққанми, буни
Ботир Норбоев билмайди.
Билгани шуки, тошкентпарвар бош вазир ўринбосарининг ТВда
қилган дағдағаси бошқа ташкилот, муассаса, ўқув юртлари раҳбарларига
ҳам амалий дастур бўлди. Балки махсус кўрсатма ҳам берилгандир.
Ҳар ҳолда орадан кўп ўтмай Педиатрия институти ректори вилоятлардан келган мутахассисларни ишдан ҳайдай бошлади.
Ботир Норбоев: Вилоятдан келган ëш муаллимлар оилавий ëтоқхонада
турар эди. Ректоримиз ҳамманг кўч-кўронингни кўтариб кетинглар, деди.
“Ҳамманг ҳайдалган ҳисобланасизлар. Агар кетмасангиз, милиция чақириб
ҳайдаб юбораман”, деган.
Педиатрия институти ректори тошкентлик бўлмаган ёш
ўқитувчиларни Тошкентдан итни ҳайдагандай ҳайдамоқчи бўлаётган кунларда
илмий кенгашнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.
Ботир Норбоев: Илмий кенгашда мен у кишига қаттиқ гапирдим. “Бу
институт илгари Ўрта Осиë педиатрия медицина институти, ҳозир Тошкент
педиатрия медицина институти бўлишига қарамай, бу фақат
тошкентликларнинг институти эмас. Нега шунақа ишлар қиляпсиз”, деб
савол бердим. У киши маҳаллийчилик қила бошлади.
Ректор билан кафедра мудири ўртасидаги тортишув узоққа
чўзилмади. Чунки филология фанлари доктори Ботир Норбоевнинг иккита
“айби” бор эди. Бири тошкентлик эмаслиги, иккинчиси бирликчи экани.
Ботир Норбоев: Дастлабки пайтлардан бошлаб “Бирлик” фаолларидан
эдим. Газета чиқаришга ëрдам бериб юрдим. Анча югур-югур, у ëққа бу
ëққа бориб келишларни бажарар эдим. Ўшандан кейин ректоримиз
яккама-якка суҳбатда менга: “Сизни биламан. Сиз ҳар хил жойларда ҳар
хил нарсаларни гапириб юрасиз. Сиз бу ерда ишлашингиз шарт эмас”,
дегандай гап қилди. Хоразмлик бирликчига Тошкентдаги педиатрия институтининг
кафедрасини ишониб бўлмас эди ва тошкентпарвар ректор хоразмлик Ботир
Норбоевни ишдан бўшатди-қўйди. Доктор Норбоев Қозоғистонга кетди.
Ватан жуда кетди торайиб,
Марду майдонсиз, аҳли иймонсиз,
Тахтдан забонсиз
Ва яна курмаклар боис,
Ҳадеб қопаверар кўппаклар боис.
Ватан жуда кетди кенгайиб,
Ëлғонлар билан
Армонлар билан
Нолонлар билан.
Ва яна
Қулликлар билан,
Бизлар ҳеч кутмаган
Пулликлар билан.
Гулчеҳра Нуруллаева
Шундай қилиб Тошкент педиатрия институтидан бўшатилган доктор
Норбоев 10 йилдан бери Қозоғистонда, бу мамлакатдаги олий ўқув
юртларида домлалик қилиб юрибди.
Мана 10 йилдирки, бу мамлакатдаги миллатдошларининг келажаги тўғрисидаги ташвишлари тинчлик бермайди унга.
Ботир Норбоев: Муаммоларнинг биттаси олий ўқув юртларида ўқиш
муаммоси. 140 та мактаб бор. Шундан 80 таси тоза ўзбек мактаби. Қолгани
қозоқ, ўзбек, рус аралаш. Ўшаларга ҳеч ким табел тўғрилаëтгани йўқ.
Ўзбекистонга бориб ўқиб мутахассис бўлай, деса улар қўймайди.
Қозоғистонда ҳеч қанақа ўзбек тилида ўқитадиган факултетлар йўқ. Ўзбек
тили ва адабиëти, деган факультет умуман йўқ. Мана, мактабларда кимё,
биология, математика ўзбек тилида ўқитилиши керак-ку. Лекин ҳеч ким
ўзбекча ўқитаëтгани йўқ. Қозоқча ўқиб келиб ўзбеклар дарс бериши керак
экан. Бу жуда ғалати нарса.
Бу гапларни айтар экан, суҳбатдошимиз Қозоғистон ҳукумати
дунёдаги қозоқларга кўрсатаётган мурувват тўғрисида ҳавас билан
гапирди. Афсуски, дейди у, Ўзбекистон ҳукуматидан ташқаридаги, хусусан,
Қозоғистондаги ўзбеклар мурувват кутмай қўйган.
Ботир Норбоев: Ўзбекистонга шу ердаги 500.000 ўзбекдан
баъзилари: “Ўзимнинг юртим-ку, ватаним. Ҳар ҳолда ўзбек тилида
гаплашаман-ку. Ўша ëққа бориб ўқий қолай”, деб ҳужжат топширишга борса,
улардан ҳужжат топшириш жараëнида расмий равишда 2000 доллар талаб
қилган. Чунки сен бошқа мамлакат фуқаросисан, қонун бўйича сен пул
тўлашинг керак, деб қайтарган. Бир хиллари энди бир амаллаб Тошкентдан
рўйхатдан ўтиб топширади. Лекин ўшаларни билиб қолса, албатта, чиқариб
юборади.
Озодлик: Нимага шундай?
Ботир Норбоев: Раҳбариятнинг четдаги ўзбекларга эмас, умуман
ўзбек халқига муносабати шундайга ўхшайди. Эсимда бор, Тожикистонда
фуқаролар уруши бўлди. Ўша пайтда автобусга чиқиб ўзбеклар Қашқадарëга
келган. Ўшанда маҳаллий раҳбарият, албатта, юқори билан келишган ҳолда,
келган одамларни қайтадан автобусга тиқиб чегарадан чиқариб юборди.
Ичкаридаги ўзбекларга шу даража паст назар билан қарашяпти, четдагилар
нима кутсин...
Тошкент кўрмаган хотин
Тошкентга бир боришни орзу қиладиган ўзбек аёли дунёсига
кирмоқчимиз навбатдаги лавҳамизда. Оддий қишлоқ аёллари исмларини
айтишга уялди. Майли, уялсалар, айтмай қўяқолсинлар, дедик. Зеро,
уларнинг гапларини бошқа минглаб ўзбек аёллари оғзидан ҳам эшитиш
мумкин.
“Ўлмай бир Тошкентни кўриб келсак армон йўқ. Шу Тошкентни
мақташади. Телевизорларда кўрамиз. Биз ҳам энди бир кўриб келсак,
деймиз. Насиб қилса қаригунча борамиз. Энди ҳаëт қийинчилик бўлса ҳам
бола-чақа, деб қиламизда. Кечалари ухламай тоғларга борамиз. Эркаклар
энди Россияга боради. Бормаганлари деҳқончилик қилади. Россияга борса
ҳам қоплаб пул олиб келмайди-ку. Ўзларингиз кўриб турибсизлар, унақа
ясан-тусан қилмаймиз. Биз пардоз қилмаймиз. Бизнинг ўзи бўлишимиз шу.
Гул совға қилишгани йўғ-у, лекин келин бўлганимизда қилишган. Биринчиси
ҳам охиргиси ҳам шу. Ҳамма меҳнат билан. Шаҳарликлар сингари орзу-ҳавас
билан яшай олмаймиз. Ота-онамизнинг уйига бориб бир кун дам олиб
келамиз. Шу бизга дам. Одамлар кулмайдиган даражада бўлса, бола-чақамиз
яхши кийинса, яхши еса бўлди-да. Ўзи кам топамиз, уни ҳам еб-ичиб
юборамиз. Биз ҳам шаҳарларга бориб санаторийларда бир ой дам олсак,
қани эди. Иложи бўлса-ку яхши. Пул ортмайди-да. Тирикчиликка ишлатамиз.
Эл қатори бўлиб яшайлик, деймиз. Одамзод тирикчилик, деб ўтиб кетар
эканда.
|