Адвокатлар палатага тиқилади
Меҳрибон
Ўзбекистонда Адвокатлар уюшмаси негизида Адвокатлар палатаси ташкил
қилинади. Президент фармонига кўра, мамлакатдаги барча адвокатлар ушбу
ташкилотга мажбурий тарзда аъзо қилиниб, адвокатлар нуфузини кўтариш
мақсад қилинган.
Бугунги кунда Адвокатлар уюшмасининг мамлакат бўйича 2000га яқин аъзоси
фаолият кўрсатмоқда. Фауд Рўзиев ҳам Тошкент шаҳри адвокатлар уюшмаси
аъзоси бўлган.
Фауд Рўзиев мафия бошлиғи сифатида қораланиб, 20 йилша қамалган
хоразмлик Худойберган Нафуллаевга ҳимоячилик қилаётган пайти
безориликда айбланиб, ҳибсга олинган ва кейинчалик адвокатлик
лицензиясидан маҳрум қилинганди.
“Қонунда ëзилган, Олий суд қарорларида тасдиқланган талабларни
бузиб суд ўтказилгани учун мен қонуний талабларни кўтараверганимдан
кейин мени атайлабдан шунақа қилиб қамаб қўйишди”,- деди Фауд Рўзиев.
Фауд Рўзиев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида шаклланган ўзбошимчалик қурбони бўлганини таъкидланади.
Ўзбекистонда судья ва прокурорлар ноғорасига ўйнамайдиган адвокатларнинг барчасига нисбатан шу каби муносабатлар кузатилади.
Янги фармон бу ҳолатга барҳам бера оладими? Яъни куни-кеча
Ўзбекистон президенти имзолаган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура
институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон
ҳақиқатдан ҳам адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар қилишга қодирми? Адвокат Руҳиддин Комилов бу саволга йўқ, дея жавоб берди.
“Фармон ва қарорлар билан адвокатура тизимини ислоҳ қилиб
бўлмайди. Бунақа фармонлардан 10.000 та, 15.000 та чиқсин, барибир
адвокатнинг ваколати ҳам кўпаймайди, обрўси ҳам ошмайди. Шакл ўзгарган
билан мазмун яна жойида қолаверади. Адвокатнинг юзта қонуний талабидан
биттаси ҳам инобатга олинмаяпти. Эҳтимоллар назарияси бўйича ҳам
оладиган бўлсак, юзта ишдан бўлмадим деганда 10 таси оқлов ҳукми билан
чиқиши керакда. Бизда бунақа ҳолат ҳеч мавжуд эмас”,- деди Р.Комилов.
Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси ходими Сафар Пардаев эса Адвокатлар палатаси ташкил қилинишининг фойдали томонларига тўхталди.
“Афзаллиги, биринчидан, бутун республикадаги адвокатларнинг
корпоратив бирлиги таминланади. Улар кўрсатган юридик ëрдамини амалга
ошириш имконияти пайдо бўлади. Кейин палата адвокатура манфаатларидан
давлат органларида фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шунақа ваколат
берилади”,- деди С.Пардаев.
Адвокат Рустам Тўлаганов фикрича, адвокатларни мажбурий тарзда
Адвокатлар палатасига аъзо қилдириш улар фаолиятини юқоридан бошқариб
туришнинг бир кўриниши, холос.
“Палатага кирганимиз билан бизни биров ҳимоя қилмаса, унинг ҳеч
кераги йўқ. Сифат ҳам, иш ҳам ўзгармайди. Чунки ном ўзгарган билан
адвокат ўзи бориб, индамасдан қўл қўйиб бераверса, бу нима натижага
олиб келади? Ҳеч қанақа яхшилик томонга ўзгармайди-ку. Биз бориб талаб
қиламиз. Иш исботланмаган, терговга қайтаришимиз керак, деганимизда
аксинча биз келтирган далилларни инобатга олишмайди ва терговга
қайтариш ўрнига ҳукм чиқаряпти. Мана Бухородаги иш бунга битта мисол.
12 та одамнинг айби исботланмаган, лекин терговга қайтарилиш ўрнига
ҳукм ўз кучида қолди. Оқлов ҳукми чиқмаса, тергов олиб борилмаган,
исботи йўқ, деб қайтариш институтлари тикланмаса, бу бефойда нарса”,-
деди Р.Тўлаганов.
Бир неча бор судга тортилиб, адвокатлар фаолиятига гувоҳ бўлган
қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ёдгор Турлибеков ўзбекистонлик адвокатларни
воситачиликда айблади.
“Адвокатлар судя билан жабрланувчилар орасидаги воситачидир.
Судга қанча пул бериш керак, қанча пул бера олади? Мана шундай
даллоллик вазифасини, афсуски, ўтаб келишга хизмат қиляпти.
Ўзбекистонда адвокатлардан 95 фоизининг фаолияти йўқ, деб
ҳисоблайман”,- деди Ё,Турлибеков.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 5000дан зиёд
адвокат фаолият кўрсатмоқда. Ҳозир уларнинг 40 фоизи Адвокатлар
уюшмасига аъзо. Эндиликда уларнинг барчаси Адвокатлар палатасига
бирлаштирилади.
|