Бухоро: 13 киши устидан ҳукм ўз кучида қолдирилди
|
|
Айбланувчилар тергов жараёнида қийноққа солинганликларини айтишган |
Бухоро маҳкамаси ваҳҳобийлик, терроризм ва "давлат тузумини ағдаришга уриниш"да айбланган 13 кишига нисбатан узоқ йиллик қамоқ
жазоларини ўз кучида қолдирган.
Судланувчиларнинг
барчаси шаҳрисабзлик тадбиркорлар бўлиб, улар ўзларига қўйилган
айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар.
Бухоро вилоят суди шу йил февралида уларни Жиноят кодексининг 8 банди бўйича айбдор, деб топиб, 15-20 йиллик қамоқ жазоларига
маҳкум этган эди.
22 апрел куни эълон қилиниши кутилган аппеляция маҳкамасиниг қарори кечиктирилган эди.
Айбланувчилар яқинларидан бирининг Би-би-сига маълум қилишича, қарор Бухоро шаҳридаги маҳбуслар сақланаётган 3-сонли ҳибсхонада
фақатгина маҳбусларнинг ўзларига ўқиб эшиттирилган.
Ҳукмнинг ўз кучида қолдириши судланувчилар яқинларининг норозилигига сабаб бўлган.
Айбланувчи Аъзам Қораевнинг опаси Инобат Хуррамованинг Би-би-сига айтишича, маҳкама уларга қўйилган айбларнинг "биронтасини
ҳам исботлаб беролмаган".
"Уларнинг бор айби "гаштак" ўйнашгани ва намоз ўқиганлари, холос", -деб айтди у.
Ҳимоячи Рустам Тўлаганов маҳкамани "Сталин қатағонлари давридаги маҳкама"га ўхшатди.
'Уюшган жиноий гуруҳ'
Маҳкама тафсилотларидан англашилишича, айбланувчилардан саккиз нафари вақти-вақти билан чойхонада йиғилиб турганлар ва ош
устида кундалик юмушлар, тадбиркорлик масалаларини муҳокама қилишган.
Маҳкамани кузатган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, Миллий хавфсизлик хизмати бу йиғилишларда "террорчилар
фитнаси"ни кўрган.
"Аммо тергов чоғида айблар исботланмаган ва жиноят-процессуал кодекс қоидалари бузилган", - дейилади гуруҳ тарқатган хабарда.
Маҳкама жараёнида улар қолган беш киши билан умуман таниш бўлмаганликларини айтишган.
Барча айбланувчилар тергов чоғида қийноққа солинганликлари ҳақида кўрсатма берганлар.
'37-йил маҳкамаси'
Аппеляция маҳкамасининг қарорига муносабат билдираркан, ҳимоячи Рустам Тўлаганов маҳкама ишини Сталин қатағонларига ўхшатди.
"37-йилда ҳам бунчалик бўлмаган",-деб айтди ҳимоячи Би-би-си билан суҳбатда.
"Олдинги
маҳкамаларда, ҳеч бўлмаса, айбланувчининг ёнидан варақа "топишарди", бу
ерда эса ҳатто варақа ҳам топишмаган. Келтирилган адабиётлар -Қурони
Карим ва давлат нашриётлари томонидан чоп этилган адабиётлар. Уларни
ҳар битта ўзбекнинг уйидан топиш мумкин. Ахир, намоз ўқиш жиноят
эмас-ку?!", - дейди у.
Ҳимоячининг айтишича, айбланувчиларнинг "уюшган жиноий гуруҳ аъзолари" экани на тергов ва на маҳкама жараёнида ўз исботини
топмаган.
Маҳкама қийноқлар ҳақидаги кўрсатмаларни инобатга олмаган.
Ҳимоячи аппеляция маҳкамаси ҳукмидан шикоят қилишларини билдирди.
Ўзбекистон қамоқхоналаридаги минглаб сиёсий маҳбусларнинг аскариятини диний эътиқод учун қамалганлар ташкил этиши айтилади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ислом Каримов ҳукуматини мусулмонларга нисбатан тоқатсизликда айблаб келадилар
|