Саволларингизга ёзувчи Тоҳир Малик жавоблари
|
|
Тоҳир Маликнинг "Шайтанат" асари ўзбек тилида энг кўп сотилган китоб бўлган |
Таниқли ўзбек адиби Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрда Тошкентда туғилган.
Тошкент Давлат университетининг Журналистика факультетини тугатган.
Тоҳир Малик Ўзбекистон радиосининг Адабий-драматик эшиттиришлар муҳарририятида, рўзнома ва журналлар таҳририятларида ишлаган.
Ёзувчининг дастлабки фантастик қиссаси - "Ҳикмат афандининг ўлими" 1971 йилда чоп этилган.
Тоҳир
Малик ҳақида Wikipedia интернетдаги очиқ энциклопедияда мақола эълон
қилинган, унда ёзилишича, "ёзувчи ХХ асрдаги ҳаётни, кишилар тақдирини
гоҳ тахайюл, гоҳ изчил холис, гоҳ детектив йўсинда тасвирлайди. У қисса
жанри имкониятларини узлуксиз бойитиб бормоқда".
Тоҳир Маликнинг йигирмадан ортиқ асарлари нашр этилган.
Тоҳир Маликнинг "Шайтанат" асари ўзбек тилидаги bestseller - энг кўп сотилган китобга айланган.
"Шайтанат" романи асосида бир неча қисмли видеофильм тасвирга олинган.
Тоҳир Малик атоқли ўзбек адиби Мирзакалон Исмоилийнинг жияни.
У уч фарзанднинг отаси.
Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг саволларга жавоблари
Komil,
O'zbekiston: Hurmatli domla, siz o'zbek adabiyotida o'ziga xos ovoz va
betakror uslub yaratgan ijodkorsiz. Sizning asarlaringiz - "Devona",
"Shaytanat", "Ov", "Alvido, bolalik"ni o'qib, asarlaringizda odamlar
orasida iymon ko'tarilsa, odamlar Yaratgandan qo'rqmay qolsa qanday
illatlar vujudga kelishi asosiy g'oya qilib olingan, degan xulosaga
keldim. Savolim: 1) Shu xulosam to'g'rimi, ya'ni o'zingiz ham
asarlaringizni yozayotganda shu g'oyani nazarda tutganmisiz? 2) Nega
ko'pincha asarlaringizda, xoh tarixiy, xoh detektiv yoki boshqa janrda
bo'lsin, fantastika elementlariga - o'zga sayyoraliklar, oliy
mavjudotlar obrazlariga murojaat qilasiz? 3) Bir o'rtog'im kino olamiga
endi kirib kelyapti, shu sohaga qo'l urib ko'rmoqchi. Unda sizning
"Alvido, bolalik" asaringizni ekranga ko'chirish fikri bor, lekin
mualliflik huquqini to'lashga imkoniyati yo'q. Yosh ijodkorlarni
qo'llab-quvvatlash yo'lida qandaydir beg'araz hamkorlikka rozi
bo'larmidingiz? Hurmat bilan, muxlisingiz.
Тоҳир Малик:
Аввало Комилжоннинг эътиборлари учун миннатдорлик билдираман. Анча
диққат билан кузатар эканлар. Биринчи саволга ўзлари жавоб бериптилар.
Чунки дунёдаги ҳар бир зулм, ҳар бир ёмон нарса ўша имонсизлик,
виждонсизлик, инсофсизликнинг фарзандлари ҳисобланади. Бу ерда диний
нуқтаи назар, диний қарашни четга олиб қўйиб қараган тақдиримизда ҳам,
ҳамма динларда ҳам тўғри яшашга даъват этилади, айниқса Ислом динида.
Демак биз ўша яшаётган пайтимизда қилаётган ёмон ишларимизни оқибатини
ўйламаймиз-да, ҳар бир одам. Баъзилар ўйлаши мумкин, аммо юзаки
ўйлайди. Шунинг оқибатида катта-катта жиноятлар келиб чиқади. Масалан,
битта шахснинг жиноятларидан бошланади кичкина нарса. Бу энди
катта-катта жамиятларнинг жиноятларига ҳам олиб боради. Бир одамнинг
иккинчи одамнинг юзига тарсаки уришини кичкина жиноят дейдиган бўлсак,
мамлкатлар орасидаги урушлар, фитналар ва бошқалар - катта жиноятларга
киради. Буларнинг оқибатини эса мана тарих кўрсатиб турипти. Шунинг
учун ҳам одам виждони билан, инсофи билан, имони билан яшаса, бу дунё
ниҳоятда гўзал бўлиб кетарди. Биз мана шуни ҳам ўйлаб қўйсак, ёмон
бўлмас эди. Энди
иккинчи саволлари - мен ижодни фантастикадан бошлаганим учун
фатнастикадан детектив жанрига ўтгандан кейин ўша олдинги, нима деймиз,
қизиқишим, агар ҳазил тариқасида айтсак, ўша биринчи муҳаббат,
адабиётдаги биринчи муҳаббатдан бутунлай воз кечмасдан, асарларнинг
қизиқарли бўлишини таъминлаш учун ва одамларни турли йўналишларда
фикрлашга даъват қилиш учун ҳам мен фантастикадан бутунлай воз кечганим
йўқ. ва бундан кейин ҳам мана шу услубни ушлаб тураман, деб ўйлайман. 3.Беғараз
ёрдамим шу пайтгача ҳам бўлиб келди, бундан кейин ҳам бўлаверади. Жуда
кўп бўлмаган тақдирда ҳам ҳар ҳолда бир неча китобларни муаллифлик
ҳуқуқи, яъни қалам ҳақи олмасдан ўша нашриётларга ёрдам маъносида
бердик. Бемалол, агар гап шу моддий томон, пулга тақалаётган бўлса, бу
ёш биродаримиз, дўстимизнинг ҳаваслари шунчалик баланд бўладиган бўлса,
бемалол. Агар керак бўлса оғзаки, керак бўлса, ёзма ана шу маблағдан
воз кечиш ҳақида тилхат беришимиз мумкин.
Olim Sharipov, AQSH: "Shaytanat" yana qaysi tillarda targima qilingan?
Тоҳир Малик:
"Шайтанат" ҳеч қайси тилга таржима қилингани йўқ. Чунки ўзбек
адабиётида ҳозир ўзбек асарларини ҳатто рус тилига таржима қилиш ҳам
катта муаммо бўлиб қолган. Илгариги Совет даврида биз ўзимизнинг
асаримизни сўзма-сўз таржима қилдириб, кейинга Москвага олиб борардик.
У ерда умуман ўзбекчани билмайдиган бир одам таржима қиларди. Ҳамма
ёзувчилар мана шундай усулдан фойдаланишарди. Ҳозир энди бу нарсалар
йўқ. Айниқса, ўзбекчадан, айтайлик, немисча ёки инглизчага таржима
қиладиган таржимонлар йўқ. Шунга Ёзувчилар уюшмасида ёки Жаҳон тиллари
университетида бир ҳаракат қилиб юришипти. Ҳеч қанақа натижа йўқ
ҳозирча.
Musofirbek,
Malaysia: “Shaytanat” romani haqiqatlari ham bormi, unda hammasi
uydirma deyishgan. Lekin O’zbekistondagi haqiqatlarga ham o’xshab
ketmaydimi? “Shaytanat” romanini mustaqillikdan keyingi qismlarini ham
davom ettirish mumkinmi, agar mumkin bo’lsa qachon bo’ladi?
Тоҳир Малик:
Агар бир асар фақат уйдирмадан иборат бўлса, одамлар ҳам қўполроқ қилиб
айтганда аҳмоқ эмас-да, ҳамма нарсага ишонавермайди, ҳамма нарсага
қизиқавермайди. Бадиий асарда уйдирма эмас, бадиий тўқима бўлади. Лекин
бадиий тўқима ўзи айтиб туриптики, бир нарсани тўқиш учун ё ипак бўлиши
керак, ёки бошқа бир ип бўлиши керак-да, тўғрими? Демак, бадиий тўқима
учун ҳам ҳаётда қандайдир ўзининг асоси бўлиши керак. Фақат озгина
ўзгартирилган ҳолда. Масалан, ўша Элчин образини оладиган бўлсак,
қиморда хотинини ютқазиб қўйиб, оқибатда хотинини ўлдирган. Худди шунга
ўхшаган бир воқеа бўлган, фақат у санъаткор эмас, тижорат аҳлидан
бўлган. Мана шунга ўхшаган жузъий, қисман ўзгаришлар билан, тўғри
баъзан тўқималар билан асар яратилади. Агар асарда ўша ҳаётийлик бадиий
тўқимадан устун бўлса, демак бу асарни ўқувчилар яхши қабул қилишади.
2. Ҳар бир
нарсани чеки-чегараси бўлади, мақсади бўлади. “Шайтанат” романининг
мақсад, чегараси - мустақиллик арафасидаги ва мустақилликнинг эҳтимол
дастлабки ойларигача бўлган вақт қамраб олинади. Масалан, ҳозир 5-китоб
ёзилаяпти. Олдинги қисмларида Фарғонадаги фожеалар, Фарғонадаги турклар
билан ўзбеклар орасидаги тўқнашувлар, Москва томонидан уюштирилган
воқеалар бор. Биз аввалдан Ўшдаги воқеаларни ҳам асарга киритишга
ҳаракат қилган эдик, лекин олдинги тўртта қисмига сиғмай қолди. Мана шу
бешинчи қисмида ўша Москва томонидан уюштирилган қирғиз-ўзбек
тўқнашувлари ҳақиқатда қандай бўлгани ҳақидаги маълумотлар билан
бойитмоқчимиз. Ва шу билан ҳозирги фикримиз бўйича асар якунига етса
керак. Лекин турли фикрлар, таклифларни эшитаяпмиз, энди буёғига, нима
деймиз, Худо пошшо, Худо соғлик-саломатлик, қуват берса, буёғини ҳам
яна кўрамиз.
Ilkhom: Xalqimiz siznig diniy-ma'rifiy asarlaringizni sevib o'qimoqda. Xalqimizn diniy savodxonligini qanday baxolaysiz?
Тоҳир Малик:
Халқнинг диний саводхонлигини агар мактаб баҳоси билан баҳолайдиган
бўлсак, 2 билан 3 баҳонинг ўртасида. Ҳалқда диний-маърифий аҳвол унча
яхшимас, буни жоҳиллик ҳам деймиз. Илм олишга интилиш ҳам унчалик кучли
эмас. Шунинг учун ҳам масалан турли оқимларнинг пайдо бўлиши ҳам асосан
ўша жоҳилликдан. Яъни, халқнинг диний илмдан узоқлигидан келиб чиқади.
Ким нима деса ишонаверади, ким қаёққа юр, деса юриб кетаверади. Илмли
одам бунақа бўлмайди. Мана кичкинагина мисол айтишим мумкин: Масалан
муҳтарам шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири Ҳилол”лари
ёки бошқа уламоларимизнинг чиқаётган китобларини олиб қарайдиган
бўлсак, ниҳоятда оз нусхада чиқаяпти. Айтайлик, бизда 20 миллион
мусулмон бўладиган бўлса, боринг ана 1 миллионини доимий намозхон деб
ҳисоблайдиган бўлсак, ўша бир миллион халққа 5 минг-10 минг китобни
чиқариш. Ва бу китобни баъзан бир неча ой давомида сотилиши мана шу
диний-маърифий аҳволни аниқ кўрсатиб турипти.
Би-би-си: Британиянинг Лондон шаҳридан Шуҳрат саволи: Оxирги пайтда қандай асарларингиз дунё юзини кўрди ва қандай мавзуларда?
Тоҳир Малик:
Кейинги пайтда “Талваса” деган романни нашр қилдирдик, Худога шукур.
Буям ўсмир йигитларни жиноятга кириб кетиш ҳолатлари ва жамиятнинг бу
масалага диққатини тортадиган гапларни айтишга ҳаракат қилдим. Бебош
болаларнинг оқибатда нимага учрашларини. Ҳозирча яна “Одамийлик мулки”
асарининг иккинчи китоби нашрини кутаяпмиз ва учинчи китоб ёзилаяпти.
Abdu Rashid: 1. Andijon fojealarida sizningcha nima bo'ldi? 2. Siz I.Karimovning olib borayotgan siyosatiga qo'shilasizmi?
3. Siz buyuk yozuvchi Mamadali Mahmudovning hibsda saqlanayotganini nima deb o'ylaysiz?
Тоҳир Малик:
1.Андижон воқеалари пайтида тобим йўқ эди. Мен бу воқеаларни кўрганим
ҳам йўқ, деярли эшитганим ҳам йўқ. Ўшандан кейин Андижонга бориш
имкониятларим ҳам бўлгани йўқ улар билан танишиш учун. Фақат узуқ-юлуқ
гаплар билан кифояландим. Энди битта ривоят бор: Бир подшо кийикни
қувлаб кетаётганда, кийик қочиб кетади, бир киши кўриб қолади. Ўша
кишидан подшо сўрайди, “Шу ердан бир кийик ўтдими?” Энди ўтмади, деса
ёлғон гапирган бўлади. Ўтди, деса кийикка жабр бўлади, етиб олиб унинг
жонини олиши мумкин. Шунинг учун у одам айтган экан: “Кийикни менинг
кўзим кўрди-ю, лекин кўзим гапиролмайди. Тилим гапиролади-ю, лекин
тилим кўргани йўқ”, деган экан. Шунинг учун бу масалалар билан вақти
келганда биз ҳам баъзи бир фикрларимизни айтармиз, энди бадиий
адабиётнинг публицистикадан фарқи шундаки, ўша заҳотиёқ фикр
билдирилмайди. Қачондир ўзининг аксини топади.
2.Энди олиб
борилаётган сиёсатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, сиёсат кичкина тушунча
эмас-да. Ниҳоятда кенг тушунча. Турли йўналишларда турли ирмоқлари бор,
турли ўзанлари бор. Шунинг учун баъзи бир ирмоқларга нисбатан фикр
билдириш мумкин, айримлари яхши оқаётган бўлиши мумкин. Мен сиёсатчи
эмасман ва сиёсат ҳақида аниқ бир ўзимнинг фикрларимни билдиришга
ожизман. Чунки сиёсатдаги айнан мана шу нарса нотўғри дейиш учун,
айтайлик, иқтисод жиҳатдан ёки ҳуқуқий жиҳатлардан, бу нарсаларни одам
ўзи билиши керак олдин. Билгандан кейин ўзининг фикрини айтиши керак.
Агар мен сизга ҳозир “мана бу сиёсат ёқмаяпти” десам, бу чойхондаги
гапга айланиб қолади. Сиёсат ҳақида фикр билдирадиган одамнинг ўзи
сиёсатчи бўлиши керак. Сиёсатчи бўлиш – бу алоҳида бир илмга, алоҳида
бир тайёргарликка эга бўлиш дегани.
3. Бунинг
учун ҳам ўша жиноий ишга доир нарсаларни ўрганиш керак-да. Биз мутлақо
билмаймиз нима учунлигини. Қандай айблар қўйилган, дейлик масалан у
судда айбини олганми-олмаганми, бу нарсаларни биз билмаймиз-да.
Албатта, ёзувчи сифатида, ҳамкасбимиз сифатида шунақа аҳволга тушиб
қолганидан биз афсусланамиз. У яхши ёзувчи эди. Лекин қайси бир айби
билан ўтирганини шахсан мен ўзим билмайман.
Би-би-си:
Ўзининг мактубига “Аксилавторитет” деб имзо чекипти бир ўқувчимиз. У
киши Сиз Ўзбекистондаги ўғрибошилар деб бир неча исмларни келтириб,
“Сиз Ўзбекистондаги ўғрибошилар ... ва бошқаларни романтиклаштириб,
уларга обрў олиб берганингиздан уялмайсизми?”, деган саволни қўйипти.
Тоҳир Малик:
Демак, бу саволни берган укамиз китобни ўқимаптилар, кинони кўриб туриб
шундай фикрга келганлар. Кино санъати бутунлай бошқа. Кино
санъаткорларимиз чиндан ҳам озгина романтиклаштириб қўйишган. Лекин
китобда Асадбек, Ҳосилбойвачча ва буларнинг кимлиги, қандай зулм
эгалари эканлиги очиқ-ойдин баён қилинган. Мен уялмайман бу
нарсалардан. Мен буларнинг келиб чиқиш илдизларини кўрсатиб берганман.
Қаердан келиб чиқади булар, қаердан сув ичишади? Энди бу кишини китобни
ўқимаганлар, деганимга бир далилим бор. Ўша китобнинг бошидаёқ
айтганманки, бировга ўхшатманглар! Булар айнан фалончи, пистончи, деган
гап эмас. У киши тилга олмоқчи бўлган одамларни
ишонсанглар-ишонмасанглар, мен танимайман. Кўришмаганман ҳам ҳатто.
Ёлғон бўлмасин, биттаси билан эрталабки ошда таништириб қўйишган,
кўришганман холос. Мен уларни олдин ҳам билмасдим, ҳозир ҳам билмайман.
Farhod
Abdurahimov, UK: Tohir aka, aytingchi, "Shaytanat" asari qanchalik
haqiqatga yaqin qissa? Chunki, xalqda yurgan mish-mishlarga qaraganda,
bu kitobga prototip sifatida, mafiaga aloqasi bor deb bilinadigan,
hozirda katta davlat mansablarini egallab turgan shaxslar olingan
deyiladi. Hattokim, shu asarni yozganingiz uchun ulardan biri, sizga
bitta qora jip sovga qilgan deb eshitganmiz... Bu gaplar naqadar
haqiqatga yaqin?
Тоҳир Малик:
Энди битта мақол бор ўзбекларда: элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Мен
ҳам эшитиб юраман шунга ўхшаган нарсаларни. Ҳозир мана қора жип
дейишипти. Қаранг, мартабамиз йилдан-йилга ошиб бораяпти. Чунки
дастлабки миш-мишларда “Волга” эди. “Волга”дан кейин “Мерседес”га
ўтишувди, мана энди жипга келишипти. Энди баъзи бирлари эса бутунлай
тескари миш-миш тарқатишади. Яъни, уларга ёқмагани учун ёзувчини
ўлдиртириб юборишипти, деган хабарлар ҳам тарқади, ҳатто бизникига
фотиҳага келган одамлар ҳам бўлди. Тоҳир Маликни ўлдириб кетиши
муносабати билан фотиҳага ҳам келишган бизнинг уйимизга. Лекин олдинги
саволга ҳам жавоб бердим. Мен у одамларни умуман танимайман, билмадим
улар мени қанчалик танишади. Шунинг учун адабиётга ҳар хил нарсаларни
тақаш унча яхшимас. Кимдир хаёлоти, фантазияси кучли одамлар тўқиб
чиқараверишади бундай нарсаларни. Баъзилар Тоҳир Маликни “тан
соқчилари” – “телохранител”лари ҳам бор дейишаркан. Буларни ҳаммаси
бўлмаган гап. Шунинг учун бирор миш-миш чиқиб ўйланиб қолишадиган
бўлишса, тўғри мен билан боғланишсин, тўғрисини ўзиб айтиб бераман.
(давоми бор)
|