Пайшанба, 25.04.2024, 10:22
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 4 » Freedom House: Собиқ Иттифоқ давлатларида матбуот ҳануз эркин эмас
00:30
Freedom House: Собиқ Иттифоқ давлатларида матбуот ҳануз эркин эмас
Freedom House: Собиқ Иттифоқ давлатларида матбуот ҳануз эркин эмас
 
Freedom House собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги матбуотнинг аҳволидан хавотирда

Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида Американинг Freedom House ташкилоти чиқарган ҳисоботида айтилишича, сўнгги 12 ой мобайнида собиқ Шўролар Иттифоқи, Осиё ва Африка мамлакатларида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият янада ёмонлашган.

Жаҳон мамлакатлари бўйлаб ўтказилган тадқиқотлар натижасида Freedom House матбуот эркинлиги даражасини кўрсатувчи рўйхатни тузиб чиққан.

Рўйхатга киритилган 195 мамлакат орасида Ўзбекистон 189-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон матбуотига ушбу ҳисоботда берилган тасниф - "озод эмас ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ аҳвол энг ёмонларидан бири"дир. Би-би-си Freedom Houseнинг тадқиқотлар бўлими раҳбари Крис Уолкердан рўйхат таснифлари қайси кўрсаткичлар асосида ишлаб чиқарилгани ҳақида сўраган:

Крис Уолкер: Ўзбекистон бўйича тадқиқот олиб борганимизда, биз бу мамлакатдаги матбуот эркинлигини ифодаловчи иқтисодий, қонуний ва сиёсий жиҳатларни ўрганиб чиқдик. Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги бўйича "энг ёмон" давлатлар рўйхатига киритилгани сабаби бу мамлакатда танқидий назарлар, сиёсий мафкурага доир ғояларни изҳор қила олувчи овозлар йўқлигидадир. Сўнгги йилларда биз гувоҳ бўлаётган сиёсий манзара ўта хавотирли даражада. Матбуот эркинлиги баъзи жойларда бир қадар сақланиб қолган бўлса-да, лекин манзара шу қадар ўзгарганки, ҳатто мамлакат ташқарисида журналистик фаолият олиб борган журналист, масалан Алишер Соипов ўлдирилади ва шу орқали танқидий овозлар ўчирилади.

Би-би-си: Сиз ўшлик журналист Алишер Соиповдан ташқари мамлакат ичкарисида айрим журналистларнинг тақдири ҳақида ўз хавотирларингизни билдиргансиз, ана шуларга тўхталиб ўтсангиз.

Крис Уолкер: Биз сўнгги пайтларда Ўзбекистонда матбуот соҳаси қақраб қолаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. У ерда ўз вазифаларини бажараётган кам сонли журналистлар ўз исмларини ошкор этмай, аноним тарзда хабар беришга мажбурлар. Мамлакат ичида бўлиб туриб мустақил хабарларни бериш жуда қийин. Бир неча йил муқаддам ҳам матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмон эди, бироқ сўнгги вақтда шу қадар ёмонлашиб кетдики, Ўзбекистонда муҳим муаммоларни ёки жараёнларни ёритадиган журналистлар деярли қолмади. Бу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон "вазият ўта ёмон" мамлакатлар қаторига киритилган.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонда бир қатор хорижий ахборот агентликлари вакиллари фаолият юргизишади, шундай эмасми?

Крис Уолкер: Сизнинг саволингиздан жавобнинг ўзини топиш мумкин. Гап шундаки, мустақил фаолият юритаётган кам сонли шахслар ёки ташкилотлар Ўзбекистондек йирик мамлакат учун хавотирли даражада кам деб ўйлайман. Уларнинг озлиги ҳукумат қанчалик матбуот ва сўз эркинлигига қарши курашаётганидан далолат беради. Ва бизнинг баҳоларимизга кўра, бундай шахсларнинг ва ташкилотларнинг кам сонда бўлгани бутун муҳитга салбий таъсир қилмоқда, бутун вазият назаримизда, эркин эмас.

Би-би-си: Ҳисоботингизда айтилишича, минтақада истиқомат қилаётган аксар аҳоли озод бўлмаган муҳитда яшайди, улардан фақат 18 фоизигина эркин матбуотга эга экан. Сиз учун бу рақамлар не қадар аянчли?

Крис Уолкер: Бу ҳолатни жуда ҳам аянчли деб биламиз. Тўғри, агар сиз Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари собиқ Совет Иттифоқининг бошқа мамлакатларига назар ташласангиз, аҳолининг саксон уч фоизи эркин бўлмаган ҳудудларда яшайди. Болтиқбўйидан ташқари Украина ва Гуржистонда матбуот эркинлигига оид вазият ёмонлашган бўлиб, бу икки ҳудуд "қисман эркин" ва "эркин эмас" мамлакатлар ўртасидаги ўринни эгаллаганлар. Бу бизда катта хавотирларни уйғотади, жўғрофий нуқтаи назардан бир-бирига яқин жойлашган бу мамлакатларда нуфузли шахслар ва ҳокимиятга яқин бўлган таниқли одамлар жамиятда ғоялар ва фикларнинг эркин алмашинувига тўсқинлик қилмоқдалар.

Би-би-си: Матбуот эркинлиги "энг ёмон" давлатлар қаторига киритилган давлатлардаги аҳоли учун ҳисоботингиз қандай умидлар бериши мумкин?

Крис Уолкер: Бу мамлкатларда одамлар дуч келаётган муаммоларни ҳеч ким рад этолмайди. Сўз эркинлигини қуруқ ерда яратиб бўлмайди. Том маънодаги сўз эркинлиги вазиятини вужудга келтириш учун жамиятда адлия тизими ривожланиши керак, фуқаровий жамият ва ноҳукумат ташкилотлари ўз фаолиятларини юргизишларига имкон берилиши керак, жамиятда эркин ва озод диалогда иштирок этиш жараёни бошланиши керак. "Энг ёмон" давлатлар рўйхатига киритилган давлатларда мен санаб ўтган кўринишлар катта босим остидадир. Ўзбекистон бу каби таърифга сазовор кўрилган экан, у ерда нафақат матбуот воситалари эркин эмаслигини, балки бир неча йил давомида фуқаровий жамият мисли кўрилмаган ҳужумларни бошдан кечираётганини айтсак бўлади.

Просмотров: 796 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей