Ўзбекистонлик фаолларни озод этишга чақириқ
|
|
Amnesty International Ўзбекистондаги қамоқхоналарда ҳамон инсон ҳуқуқлари фаоллари қолишаётганига Оврўпо эътиборини қаратмоқчи |
Amnesty International Ўзбекистонни икки нафар виждон тутқунини зудлик билан озод этишга чақирмоқда.
Ташкилотга кўра, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматовлар 2006 йил ёзидаги адолатсиз
маҳкамада узоқ йилларга ҳукм этилганлар.
Amnesty International ўз ўрнида бу икки маҳбуснинг ҳамон қамоқхонада қийноққа тутилаётганини ҳам айтаётир.
Маълум
бўлишича, Аъзам Фармонов Устюртдаги аксар сиёсий маҳбуслар сақланадиган
ва халқаро миқёсда танқид қилиб келинадиган "Жаслиқ" қамоқхонасида
қолмоқда ва рафиқаси билан учрашганида ўзининг ҳамон қийноққа
тутилаётганини билдирган.
Мазкур чақириқ Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши киритган ва қисман тўхтатган жазо чораларини олиб ташлаш масаласини муҳокама
этиши олдидан янграмоқда.
Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлари келаси ҳафта Андижон хунрезлигини мустақил текширишга рози бўлмагани туфайли Ўзбекистонга қарши
қўллаган ўз жазо чоралари тақдирини кўриб чиқадилар.
Андижон воқеаларига алоқадорликда кўрилган бир неча ўзбек мулозимининг Оврўпо Иттифоқи ҳудудларига сафар қилишини чекловчи
жазо чораси ўтган октябрда вақтинча тўхтатилганди.
Аммо Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси кучида.
Хабар агентликларига кўра, Оврўпо Иттифоқи вазирлари бу галги учрашувда агар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланмаса,
жазо чоралари қайтадан жорий этилади, дея огоҳлантиришмоқчи.
Amnesty International ўз чақириғи билан Ўзбекистонда ҳали барча инсон ҳуқуқлари фаоллари қамоқхоналардан озод этилмаганини
таъкидламоқчи эканлигини айтади.
Ташкилот
чақириғида қайд этилишича, Оврўпо Иттифоқи жазо чораларини кўриб
чиққанида, уларнинг бош сабаби - Ўзбекистон раҳбарияти Андижон
хунрезлигини мустақил текширишга рози бўлмагани эканлигини назарда
тутиши лозим.
Amnesty
International Ўзбекистон ҳамон мустақил текширув талабини бажармаганини
ва шу боис Оврўпо Иттифоқи ҳам Тошкентга нисбатан мавқеини ўзгартириши
керак эмаслигини урғулайди.
Бироқ сўнгги йиллар ичида Оврўпо Иттифоқи ўзининг энергетика, хусусан, газ таъминоти манбаларини ранг-баранглаштириш устида
жиддий ўйламоқда.
|
|
Ғарб Андижон хунрезлигини мустақил текширишни талаб қилиши биланоқ Ўзбекистон Россия тарафга юзланганди |
Негаки, асосий газ етказувчи мамлакат бўлмиш Россия сиёсий масалаларда газ таъминотини восита сифатида ишлатади ва қаттиқ
совуқ паллаларида бир неча Оврўпо давлатларига газ узатишни тўхтатиб қўйганди.
Эндиликда газга бой Туркманистоннинг янги раҳбари Ғарбга кетадиган газ қувурларига қизиқиш билдирмоқда ва Оврўпо Иттифоқи
Марказий Осиё бўйича янгича стратегия ҳам ишлаб чиқди.
Совет давридан мерос қувурлардан ташқари, Хитой аллақачон Қозоғистон нефтини олиш учун янги қувур ётқизди.
Айни дамда эса Пекин Туркманистон гази оқадиган қувур қурилишига киришаяпти.
Жанубда эса Ҳиндистон ва Покистон ҳам Марказий Осиё нефть-газидан баҳраманд бўлиш иштиёқида жиддий ҳаракатларни бошлашган.
Шу асно Оврўпо Иттифоқи ҳам бу минтақа бойликларидан бенасиб қолмоқчи эмас.
Аммо Марказий Осиё билан муносабатларда энг катта аҳолига эга ва минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон билан алоқаларни
тутиб туриш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ аксар авторитар бошқарув усуллари туфайли ном чиқарган Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни йўлга қўйиш Оврўпо
Иттифоқини мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Аввало, Оврўпо ўз демократик қадриятларига содиқ қолиб, бу давлатлардан сиёсий ҳамда иқтисодий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқларини
ҳурмат қилишни талаб қилиш мажбурияти остидадир.
Бироқ
Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистон билан Ғарб ўртасида юзага чиққан
муносабатлар шуни кўрсатмоқдаки, Оврўпо ўзининг инсон ҳуқуқлари ва
демократия масалаларини кескин қўйса, Марказий Осиё давлатлари Россия
ва Хитой тарафга юзланишлари эҳтимоли ҳам катта экан.
Шу боис
Оврўпо дипломатлари бу давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларни
буткул узиб ташлагандан кўра, аста-секин мулоқотни йўлга қўйиш зарурати
ҳақида гапира бошладилар
|