Жума, 29.03.2024, 15:00
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 3 » Эронлик режиссёр адашган насронийларни дуо қилади
10:00
Эронлик режиссёр адашган насронийларни дуо қилади

Эронлик режиссёр адашган насронийларни дуо қилади

Эронлик режиссёр Толибзода Исо алайҳиссалом ҳаётининг исломий талқинига асосланган филмни суратга олди. Унда христианлар Масиҳ ва Худонинг ўғли деб ҳисоблайдиган одам яҳудийларнинг таъқиб қилинаётган пайғамбари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келишлари тўғрисида башорат берувчи кўринишида гавдаланади. Бу ҳақда “Los Angeles Times” жаридаси хабар қилади.


Филм деярли 10 йил давомида суратга олинди. Сценарий учун Қуръон ва “Варнава инжили” - кўпчилик ғарблик олимлар ўрта аср фирибгарлиги деб ҳисоблайдиган ҳужжат асос бўлиб хизмат қилди. “Исо Худонинг руҳи” филмида айтилишича, Исо алайҳиссалом раҳм-шафқатга даъват қилган, мўъжизалар содир этган, аммо унинг қўл-оёқларини салбга тортиб михлашмаган ва у ўлиб яна қайта тирилмаган. Филмнинг асосий ғояси шундан иборатки, 2 миллиард эътиқод қилувчиларга эга ва асосий қонун-қоидалари аксарият ғарб фалсафавий таълимотлари асосида ётувчи христианлик дини янглиш фикрларга асосланган.

“Мен христианларни дуо қиламан. Уларни адаштиришган. Аммо бир кун келиб, улар ҳақиқатни тушуниб етадилар”, - дейди ишонч билан Толибзода. Унинг филми аллақачон халқаро кинофестивалларда намойиш қилинмоқда, тез орада у янада кенг тарқатувга чиқарилади.

“Кимлардир Эронни янада ёвузроқ қилиб кўрсатиш учун бу филмдан фойдаланиши мумкин, - дейди у. - Эҳтимол бунинг уддасидан чиқишар. Бироқ мен умид қиламанки, бир кун келиб, сизлар филмнинг илоҳий мақсадини кўрасизлар ва у ғолиб келади. Аввал эронликнинг Исо алайҳиссаломни улуғловчи филмни суратга олишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмаган”.

Шуни қайд этиш лозимки, филм муаллифи президент Маҳмуд Аҳмадийнажодни қўллаб-қувватлайди ва 11 сентябр террорчилик амалиётларига Америка ҳукумати қўл урган деб ҳисоблайди. “Кимдир ғараз билан ниманидир уюштирган, - дейди режиссёр. - ва бу нарса Американинг дунёнинг бизлар яшайдиган қисмида шунча ёвузликлар амалга оширишига сабаб бўлди”.

Шунингдек, яна бир истеҳзоли жиҳати бор. Исо алайҳиссалом ролини ўйновчи актёр Аҳмад Сулаймоний Ниа илгари Эрон армияси аскари бўлган, сўнг Буш маъмурияти ядровий қурол ишлаб чиқишга уринишда айблаётган Эроннинг атом қуввати бўйича агентлигида пайвандловчи бўлиб ишлаган. Бироқ иш Толибзодага дахлдор бўлганда бундай нарсалар бунақа ғалати бўлиб кўринмайди. Мисол учун, режиссёр Ниага Исо қиёфасида - узун соч ва соқол қўйган ҳолда етти йил давомида қолишни тайинлаган, чунки кейинги эпизодни қачон олишга муваффақ бўлишини билмаган.

“Исо Худонинг руҳи” Эрон экранларига Вашингтон ва Теҳрон муносабатларидаги сафсаталар кескинлашган, Ислом дунёси ва Ғарб ўртасидаги ихтилоф сабабли эса жиҳодий веб-сайтлар пайдо бўла бошлаган, яқинлашиб келаётган охир замон мавзусида DVDлар ва Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан карикатуралар эълон қилина бошлаган бир пайтда чиқмоқда. Яқинда эса Усома бин Лодин Рим Папаси Бенедикт XVIни Исломга қарши “янги салб юришида” айблаб чиққан кассета пайдо бўлди.

Дин аллақачондан бери Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муносабатларда қийнайдиган масала бўлмоқда, бироқ ҳозир интернетда, кино ва телевидениеда ундан-да кенгроқ миқёсда маданиятлар уруши авж олмоқда - унда томонлар диний рамзлар ва муқаддас матнларга хуруж қилмоқдалар, улар билан ҳийла-найранглар қилмоқдалар. Мисол учун, Голландиянинг ўнг радикал сиёсатчиси Гирт Вилдерс Қуръонни Адолф Гитлернинг “Майн кампф” (“Менинг курашим”) китоби билан тенглаштирди, Исломни эса зўравонлик дини кўринишида тасвирлади. Унга жавобан Саудия Арабистонидан бўлган бир блоггер интернетда ҳозирги Инжилни урушга чақириқ сифатида баҳолаш мумкинлиги таъкидланган видео жойлаштирди.

Толибзода ўзининг филми хавфли йўлга қадам қўйганини тушунади.

“Бу одам Исо ва христианликни мутлақо нотўғри қабул қилмоқда, - деб ёзади бир ғазабланган насроний блоггер интернетда авж олган Толибзоданинг филми тўғрисидаги баҳсда. - Бу ҳеч қачон муваффақият қозонмайдиган шайтоний тарғиботнинг навбатдаги намоён бўлишидир”.

Таҳрирдан чиқарилган 5 миллион долларлик бюджетли филм минг дақиқа давом этувчи сериалдан монтаж қилиб йиғилган. Тез орада унинг Эрон телевидениеси орқали намойиш қилиниши режалаштирилмоқда. Бу филмда Масиҳ рамзли ҳикоялар билан сўзлайди, атрофда зелотлар (грекча, таржимаси – “жонкуярлар”, эра бошида яҳудийлар орасидан чиққан Римга қарши курашган гуруҳ) ва фитначи форсийлар бир-бирлари билан жанжаллашаётган пайтда унинг ҳаракатларига мўътадил ёруғлик ва ёқимли куй жўр бўлади. Сценарий ва мулоқотлар Ислом таълимоти ва юқорида зикр этилганидек, Масиҳ издоши Варнавага нисбат берилаётган Инжил матнига асосланган. Режиссёр сўзларига кўра, Черков бу Инжилни ҳозирги христиан дини асосларига путур етказмаслик учун бекитиб келган.

Ҳозирги христиан мутахассислар фикрича, илк католик черкови томонидан муқаддас диний китоблар рўйхатига киритилмаган ушбу Инжил бир неча аср кечроқ ёзилган ва Варнавага тегишли эмас. Ушбу китобда қисса Матфей, Марк, Лука ва Иоаннлар томонидан ёзилган Инжиллар билан кесишади, бироқ унда Исо алайҳиссалом Худонинг ўғли сифатида ифодаланмаган. Варнаванинг қиссаси Исо алайҳиссаломни Қуръонга мувофиқ ҳолда Худо эмас, балки гарчи қиз томонидан туғилганлигини тан олишса-да, охирги буюк пайғамбарлардан бири деб ҳисобловчи мусулмонлар тушунчасини тасдиқлайди. Толибзода филмида Исо алайҳиссалом унинг ортидан Рим аскарлари етиб келишга улгурмасларидан аввал осмонга кўтарилади. Унга хоинлик қилган ўқувчи Иуданинг ўзи Масиҳ кўринишига ўхшаб қолади ва унинг қўл-оёқларини салбга тортиб михлашади. Ислом анъанасида Исо алайҳиссалом тирик ва ёвузликни мағлуб қилиш учун қайтади деб ҳисобланади.

“Варнава Инжили - дунё ҳали қабул қилишга тайёр бўлмаган етишмаётган ҳалқа. Бу адабий асарга эътибор қаратиш зарурдир”, - дейди жаридага оқ соқолли Толибзода.

Узун кийим кийган, худди медитация вақтидагидек, оёқларини қовуштирган ҳолатда ўтирган Ниа Толибзоданинг орқасидан жой олган. У худди 1970 йиллар рок-юлдузларига ўхшарди. Босиқ ва хотиржам, илгари у пайвандловчи бўлиб ишлаган, энди эса Қуръон ва Инжил ўзаро тўқнашган жойдаги ролни ўйнади. Бу вақтгача у ҳеч қачон актёрлик билан шуғулланмаган, бироқ унинг тиниқ териси ва қиррали юз тузилиши яқин шарқликларга хос вазминлик билан бирга мафтункор муҳит - ғарб нафосатининг шарқ маънавийлиги билан бирикмасини юзага келтиради.

“Мен Исо алайҳиссаломнинг қайси жиҳати шунчалик ўзига жалб қилганини ҳеч қачон тушунтириб беролмаганман”, - дейди Ниа. У Эрон ғарбидаги Ироқ Курдистонига яқин тоғли ноҳияда мусулмон оиласида туғилган. “Бу мен кичкина бола бўлганимда, 7 ёки 8 ёшлигимда бошланган. Мен Леонардо да Винчининг “Махфий кечки ибодат” суратини кўрдим ва ўзимни Исо алайҳиссалом билан ўхшаш деб тенглаштира бошладим. У доим мен билан бирга. Менинг ноҳиямда узун сочларим ва соқолим учун мени Исо деб чақиришади”.

Толибзода Эронда шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳукмронлиги вақтида ўсиб улғайди. 1970 йилда у АҚШга кўчиб борди, у ерда Вашингтондаги Америка университетида, сўнгра Нью-Йоркдаги Колумбия университетида ўқиди. У Вьетнамдаги урушга қарши норозилик акцияларига гувоҳ бўлди, Ричард Никсон истеъфосини кўрди.

Эрон бу даврнинг катта қисмида АҚШ билан иттифоқчи бўлган. Оятуллоҳ Ҳумайний Ислом инқилобига раҳбарлик қилиб шоҳни ҳокимиятдан ағдарган 1979 йилда ҳаммаси ўзгарди. Ўшанда 52 нафар америкалик гаровга тушишди ва 444 кунни асирда ўтказишди. “Мен Ғарбда менинг мамлакатимни мутлақо нотўғри тушунишаётганини ҳис қилган ҳолда Эронга қайтдим, - сўзлайди у. - Эронни ёвузлик тимсоли деб ҳисоблай бошлашди”.

Яқин ўтган замонда Толибзода Босниядаги можаро ва Эрон-Ироқ уруши тўғрисидаги филмлар сингари қатор ҳужжатли филмларни суратга олган. 1999 йилда у “Исо” филмини суратга олиш ишларига киришди. Бу мавзуга қизиқиш унда бир неча ўн йиллар аввал у Теҳронда христианлар билан бирга бир мактабга қатнаган вақтда туғилган, сўнгра Варнавага нисбат берилаётган Инжил матнлари билан танишганидан сўнг кучайган.

“Агар менинг ҳаётимда мен амалга оширишни хоҳлаган бир нарса бўлган бўлса, бу нарса - менинг филмимдир”, - дейди режиссёр. 2007 йилда унинг филми динлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаганлиги учун “Дин бугун” кинофестивали мукофотини олди. “Исонинг қўл-оёқларини бутга тортиб михлашмаган деб мен айтмадим, буни Аллоҳ айтган. Қуръонда шундай дейилган... Филм ишонч билан суратга олинди ва мен уни мумкин қадар чиройли қилишга ҳаракат қилдим”.

Муаллиф ўзининг 35 миллиметрли плёнкага суратга олинган филми икки дин мулоқотига асос солишига умид билдирди: “Ахборот кўз очиб юмгунча тарқалаётган XXI асрда санъат ва оммавий ахборот воситалари турли динларнинг маълум даражада дўстона мунозараси учун имкон яратиб бериши керак... Биз ихтилоф ва тушунмовчилик тарқатиш эмас, балки одамларни бирлаштиришимиз лозим. Биз ўзимизга савол беришимиз лозим: “Биз Исо алайҳиссалом тўғрисида ҳақиқатни билиш учун бу эшикка кириб чиқишга ҳаракат қилдикми?”

Баъзи америкаликлар ҳақиқатан ҳам Толибзоданинг эшигига тирқиш орқали қарашга ҳаракат қилиб кўришди. АҚШда филм тўрт марта намойиш қилинди, яқинда у Филаделфиядаги кинофестивалда иштирок этди. Режиссёр сўзларига кўра, кўпчилик филмни розилик ҳолатида қабул қилди, томошабинларни кўтарилган тарихий ва диний масалалар қизиқтириб қолди.

“Ҳақиқат анча барқарор, ўзига хос тушуниш киритади, - дейди у. – Агар у ижодкорона ижро билан тўлдирилса, бу баҳсу мунозара бошлашга имкон беради”.

Mанба "Мусулмон Ўзбекистон"



Просмотров: 937 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей