Жума, 29.03.2024, 09:10
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 30 » ЕИ Ўзбекистонни қониқтирадиган қарорга келди
20:55
ЕИ Ўзбекистонни қониқтирадиган қарорга келди

ЕИ Ўзбекистонни қониқтирадиган қарорга келди

Фаррух Юсуфий

Сешанба куни Европа Иттифоқи кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкциялар тақдирига оид навбатдаги қарорини қабул қилади. Аслида қарор аллақачон қабул қилиб бўлинган ва Люксембургга йиғилган ЕИ ташқи ишлар вазирлари бу қарорни маъқуллайди, холос.

Андижон воқеалари ортидан расмий Тошкентга қарши жорий қилинган санкциялар орадан ўтган икки ярим йил давомида анча юмшатилди, ўтган йилнинг октябрида эса жазо чоралари вақтинча тўхтатилди.

Сешанба куни Европа кенгаши санкцияларни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қарорни яна олти ойга узайтиради. “Озодлик”нинг ЕИ бўйича мухбири Аҳто Лобякс бу ҳақда ўтган ҳафтадаги учрашувларда аллақачон келишувга эришилганини билдирди.

“Бу ҳақда ЕИнинг элчилар даражасида ўтган ҳафтадаги муҳокамаларида аллақачон келишиб олинди ,- дейди Аҳто Лобякас. - Қизғин муҳокамалардан кейин жазо чораларининг асосийси – виза чекловини вақтинча тўхтатиш қарорини яна олти ойга узайтиришга келишиб олинди. Лекин жорий йил июлида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кўриб чиқишга оид махсус йиғин ўтказилиши шарт қилиб қўйилди”

Аҳто Лобякаснинг айтишича, воқеаларнинг бундай ривожи, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳукуматини қониқтиради. Бу Ўзбекистон ҳукумати учун жуда ижобий ишорадир.

“Санкциялар бўйича навбатдаги қарорни оддий тилга ўгирсак, ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги олти ойдан бир йилгача бўлган давр ичида инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича ижобий қадамлар қўйгани ва икки томонлама муносабатларни яхшилашга йўл очилганини тан олмоқда. Шунинг учун қабул қилинган қарор Ўзбекистон ҳукумати истаганчалик бўлди, деса бўлади. Айниқса, виза чеклови кучини яна олти ойга тўхтатиш Тошкентга ён босишдир, чунки санкциялар сирасидан айнан виза чеклови Ўзбекистон ҳукуматининг зардасини қайнатаётган эди”,- деди Аҳто Лобякас.

Унинг таъкидлашича, санкцияларга оид вазиятнинг бундай ривожи яқин келажакда санкциялар тақдирининг Ўзбекистон фойдасига ҳал этилишидан даракдир.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел қабул қилинган қарорни изоҳлашдан бош тортди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон исёнини бостиришда ортиқча куч ишлатганини кескин қоралаб, ҳатто санкциялар қўллашгача борган ЕИнинг кейинги бир-бир ярим йил давомида бу масалага ёндашуви, яъни қатъий позициясидан қайтаётгани инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинмоқда.

ЕИ расмийлари санкция юмшатилишини Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга уринаётгани билан изоҳлаб келса-да, ҳуқуқ ҳимоячилари бу борада бошқача фикрда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Вероника Голдстон сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида доимий мажбуриятларни ўз зиммасига олганини намойиш эта олгани йўқ.

“Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини топташига оид вазият аянчлилигича қолмоқда. Бундай вазият давом этар экан, инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланишига эришиш учун ЕИнинг Тошкентга босими сақланиб қолиши лозим бўлади. ЕИ санцияларни вақтинча тўхтатиш қарорини узайтириб, вазият яхшиланмаса, жазо чораларини қайта жорий қилиш ҳақида мужда юбормас экан, Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказишнинг воситаси қолмайди”,- дейди ҲРУ вакиласи.

Кейинги бир-бир ярим йил давомидаги воқеа-ҳодисалар санкциялар масаласи нафақат Ўзбекистон, балки ЕИнинг ҳам меъдасига текканини кўрсатмоқда. Шу пайтгача тузилма ичида санкцияларни кучда қолдиришни талаб қилиб келган давлатлар сафи ҳам торайди, қолаверса, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг қандай бўлишидан қатъи назар, Тошкент режими билан муносабат қилиш стратегик манфаатларга тўғри келишини очиқ айтаётганлар ҳам пайдо бўлди

“Масалан, ЕИнинг Польша каби янги аъзолари ва Дания ўзбек режими қанчалик ёмон бўлмасин, у билан алоқа қилиш тузилманинг энергия воситалари масаласида Россияга тобеъликдан қутилиши учун зарурдир, деган фикрни илгари сурмоқда. Яъни аъзо давлатлар орасида Ўзбекистонни шунчаки ЕИнинг Россияга нисбатан сиёсатининг бир воситаси сифатида кўраётганлар пайдо бўлди”,- дейди “Озодлик” мухбири Аҳто Лобякас.

Европа парламенти аъзоларидан бири санкциялар жорий қилинганидан кейин Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги муносабатларга изоҳ берар экан: “Биз диктатор ва тоталитар тузумларни, албатта, ёмон кўрамиз. Лекин баъзан инсонлар тинчлиги ва равнақи йўлида ҳатто шайтонга қўл беришга тўғри келади”,- деган эди.

Просмотров: 822 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей