Шанба, 27.04.2024, 05:18
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 24 » Русия сари йўл олганлар ёҳуд Гастарбайтер
19:53
Русия сари йўл олганлар ёҳуд Гастарбайтер
Русия сари йўл олганлар ёҳуд Гастарбайтер
 
Ишчилар
Россиядаги мардикорларнинг абгор шароитлари ўзбекистонлик ишчилар оқимини сусайтиргани йўқ.
Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғловчи "Ғишт кўприк" чегара постига яқинлашишингиз билан сизнинг олдингизга ёш йигит ва аёллар чиқиб навбатсиз ўтказиб қўйишни таклиф қилади.

Чегарадан навбатсиз ўтишнинг ўртача нархи 15-20 минг ўзбек сўми атрофида. "Бир соат ур-йиқитда турасизми, келинг, биз сизни дарров ўтказиб қўямиз, ҳаммаси законний бўлади" қабилидаги гаплар билан "ҳожатбарорлар" ўз мижозларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади.

Бу кўнгиллилардан бир амаллаб ўтиб олганингиздан сўнг сизни катта синов кутиб туради. Аввалига туртин-суртинлар билан Қозоғистон чегарасидан ўтиб оласиз, кейин эса сизни Ўзбекистон чегараси кутиб туради.

Одамнинг кўплиги ва назорат ўтиш нуқталарининг камлигидан ушбу чегара постида ҳар куни аҳвол шу эканини айтади одамлар.

"Ҳалиям бу ҳеч нарса эмас, сиз Қозоғистонга ўтмоқчи бўлган одамларни кўринг," - дейди ўрта ёшлардаги бир аёл. Қора ойна билан тўсилган деворнинг нариги томонидаги одамларнинг кўплигини кўриб, аёлнинг гапларига ишонч ҳосил қилдим.

Одамларнинг ниҳоятда кўплигидан 100 метрлар келадиган йўлакда бўш жойнинг ўзи йўқ эди.

Чегаранинг барча жараёнларидан ўтиб ташқарига чиқарканман, катталиги футбол майдонининг ярмидек ҳудудда саф тортиб турган турли ёшдаги эркакларни кўриб, бошида гап нимада эканлигига рости тушунмадим.

Эркакларни кийинган кийимига қараб, Қозоғистонга меҳмондорчилик ва ёки айланишга кетяпти, деб хулоса чиқариб бўлмасди. Баъзилари орқасида, яна бировларининг қўлидаги қора сумка ва қопдан ясалган оқ сеткаларга ва устидаги бироз уринган кийим бошларга қараб уларнинг иш излаб кетаётганини пайқаш мумкин эди.

Афтидан талабага ўхшаган ёнимдаги йигит, "Нима бало уруш бошландими, бунча эркак қаёққа кетаяпти," деб савол сўрайди.

"Булар группа, ҳаммаси Россияга ишга кетаяпти. Чегарада уларнинг кўплигидан тартибсизлик ва жанжал келиб чиққач, мана шундай қилиб оддий одамлардан ажратиб қўйишди," - дея жавоб беради катта сумка кўтариб олган аёл.

"Чегарада одам кўплигидан, уларнинг мана шу ерда бир икки кунлаб қолиб кетган вақтлари ҳам бўлди," - деб суҳбатга аралашади яна бир тадбиркорларга хос кийим кийиб олган ўрта ёшли киши.

"Ҳа, гастарбайтерларни айтаяпсизларми?" - дейди яна бир аёл.

Гатарбайтер. Бу сўз ўзбекчага ёт эди. Мана энди оддий одамлар ҳам қўллай бошлабди.

Чегарадаги манзарани ўйлаб манзилга бориш учун Нексияларнинг бирига ўтираман. Ҳайдовчи йўл давомида яқинда Россияга кетмоқчилигини, у ёққа бориб КАМАЗ ҳайдаб, кўпроқ пул топмоқчи эканлигини айтиб боради. Суҳбатга берилиб манзилга етиб қўйганимни ҳам сезмай қолибман.

Бу жойлар собиқ шўро даврида "совхоз" деб аталарди. Мустақилликка эришгач, у бир неча марта, ширкат хўжалиги, давлат хўжалиги ва жамоа хўжалиги каби турли номларга ўзгариб турди. Лекин одамлар орасида ҳалиям совхоз номи билан қолиб кетди.

Номлар ўзгариши билан бу ердаги ҳаёт ҳам ўзгарди. Аввалига бу ердаги техникум ва сиҳатгоҳлар ёпилиб одамлар уй қилиб олди.

Охир оқибатда совхознинг маданий ўчоқларидан бири бўлмиш каттагина клубни одамлар қўйхона қилиб олишди.

Шундай бўлса-да, бу совхоз ўзига ўхшаш аҳоли пунктлари ичида анча барқарорлиги билан ажралиб туради. Бу ерда жойлашган иккита завод, экин майдонлари ва Тошкент-Термез магистрал йўли бошқа шу каби юртларда яшайдиган одамларга ҳавас бўлиб келарди.

Бошқа жойларда одамларнинг тирикчилик ваъжида қўшни Қозоғистон ва Россияга ишлашга кетаётгани бот бот қулоққа чалинса-да, бу ташвишлар бу ерликларга бегонадек эди.

"Тўғри-да, битта заводнинг ўзи мактаб ўқувчисидан тортиб раҳбарларгача мўмай даромад келтириб турса. Заводдан чиқадиган ва чиқмайдиган ҳамма нарса пул. Муштдай муштдай болаларнинг катта қопда ярим тунда чигит ташишини кўрсанг эди," - дейди завод ёнида яшовчи Ҳусан ака.

"Заводда энг обрўли одам бу қоровул, - дейди Зокир ака. - Бир кеча ўзини ҳеч нарса кўрмаганга олиб турса, бир кунлик план бажарилди деяверинг. Уйда янга ҳам хурсанд кутиб олади".

Аммо, мана икки йилдирки, бошқалар бой деб ҳавас қиладиган совхоз эркаклари ҳам ўз бахтини четдан излаб кўришга бел боғлаган.

Совхоз кўчаларида юрарканман, турмуш ташвишларидан ҳоли бўлган икки одам йиғилса, уларнинг бош суҳбат мавзуси Россия бўлаётганини кузатаман.

Улар сиёсатшунослар каби Россиянинг сиёсати ёда иқтисодини эмас, балки у ёққа совхоздан қанча одам кетгани, яна кимлар кетмоқчилиги каби масалалардан тортиб, қанча одамнинг неча пул юборгани-ю, яна нечтасининг алданиб келганини берилиб суҳбат қилардилар.

"Катта ўғлимни икки кундан кейин Россияга юбораяпман, шунинг учун қудаларга қиз чақирдини шундан кейинга белгиланглар дедим," - дейди оғзига нос ташлаб олган маҳалланинг обрўли аёлларидан бири.

"Ўзинг биласан, уч хўжалик давлат солиб берган торгина уйда яшаймиз, бу отинг ўчгир завод, ёлчитиб ойлик бермаса. Участка солиб чиқамиз деганимизга мана 10 йил бўлди. Борсин-чи, шунча одам бир нарса бўлиб қолгани йўқ-ку. Бир икки сўм топиб жўнатса, кейин иккинчисини ҳам юбораман".

Узоқ қариндошнинг "катта ули" Искандар ўзгача иштиёқ билан Россияга кетаётганини сўзлайди.

"Шанба, якшанба куни дам оларканмиз. Йўлда ишлайсизлар дейишди. Ойига уйга 800 минг сўм, нақд жўнатиб турса бўларкан, бундан ташқари дам олиш кунлари битта ўриснинг картишкасини экиб берсанг ҳам пулмиш. Бу руслар картишка пиёзини ҳам бировга эктираркан-да".

"У одам алдаб кетмайдими," - сўрайман Искандардан.

"Йўқ, икки оиласи бор экан, биттаси Тожикистонда, яна биттаси ўзимизнинг туманда. Кетишдан олдин уйдагилар бориб оиласини кўриб келмоқчи. Шунда алдолмайди".

"Кетишга тайёргарлик кўрдингизларми?"

"Ҳа, у ёқда нос бўлмайди деб нос олволсам, олиб кетадиган акамиз, эй нима қиласан носни, Россияда ҳаммаси бор, кўчаларда ўзбеклар чопонни кийиб олиб, сомса десанг сомса, нос десанг нос сотиб юради," - деди.

Акмал деҳқончилик қилади, яна бир-иккита моли ҳам бор.

"Ўтган йили Қозоғистонга ишлашга бориб, иккинчи совхоздан чиқмайман деб келдим," - дейди у.

"Ўзимизнинг совхозлик бир одам 80 кишини ойига нақд 300 долларлик иш бор Қозоғистонда деб олиб кетди.

Орамизда 16 ёшдан 45 ёшгача одамлар бор эди. Остонада қурилишда ишлай бошладик. Орадан бир ой ўтгач, иш берувчи бизларни сотиб олганини айтиб ўтирибди.

Энди биз унга ўша пулни ишлаб беришга мажбур эканмиз. Нима қийинчиликлар кўрмадик дейсиз.

Ҳаттоки ётишга кўрпа-тўшак бермади, ўзимизнинг кийим бошларда ётдик. Энг алам қиладигани, ўзимизнинг совхозлик одам бизни сотиб кетгани эди.

Хуллас, уч ойдан кейин бир амаллаб Тошкентга бир боланинг қариндошиникига қўнғироқ қилишнинг уддасидан чиқдик. Хондамир ака, анча обрўли ва ишбилармон одам экан. Тезлик билан етиб келиб, қанча ишлаган бўлсак ҳақимизни олиб берди.

Кейин бир амаллаб совхозга етиб олдик. Шу шу кам бўлса ҳам шу ерда борига шукур қилиб яшашни мақул кўрдим."

Гастарбайтер сўзи олмончадан "меҳмон ишчи" деган маънони бераркан. Яъни вақтинчалик ишлаб кейин уйига кетадиганларни немислар шу атама билан атаган экан.

Ортга қайтишда чегарада яна олдинги манзара - яна одамларнинг тирбанд бўлиб Россия сари юзланиши.

Бу меҳмонни ўз уйида ишлатишни одобсизлик деб биладиган халқнинг ўзга юртда меҳмон бўлиб ишлашга қўяётган биринчи қадами эди
Просмотров: 922 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей