Пайшанба, 18.04.2024, 23:33
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 24 » Марказий Осиё иттифоқи масаласи яна кун тартибида
09:45
Марказий Осиё иттифоқи масаласи яна кун тартибида

Марказий Осиё иттифоқи масаласи яна кун тартибида

Элмурод

Яқинда Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари томонидан муҳокама қилинган Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш масаласи Ўзбекистон раҳбарининг 22 апрель куни Остонага сафари чоғида ҳам асосий мавзулардан бири бўлиши кутиляпти.

Аввалроқ Тожикистон томони ҳам бундай иттифоқ ташкил этилиши тарафдори эканини билдирган эди. Ислом Каримов қўшни давлат президентлари каби Марказий Осиё иттифоқи ғоясини қўллайдими ёки йўқми, буни энди вақт кўрсатади.

Хўш, айни пайтда мавжуд Қирғизистон-Қозоғистон иттифоқи томонларга қандай манфаат келтирмоқда?

Расмий Бишкек фикрича, Марказий Осиё иттифоқининг ташкил этилиши минтақа мамлакатлари тараққиёти учун катта омил яратади. Жумладан, минтақада иқтисодий жиҳатдан ривожланган Қозоғистон қашшоқ қўшнилари саноатига катта сармоя ётқизиши мумкин. Айни пайтдаги Қирғизистон ва Қозоғистон иттифоқи бу жараённинг ўта фойдали бўлишини исботламоқда.

“Қозоғистон Қирғизистон иқтисодига 100 миллион доллар сармоя киритадиган бўлди. Бу ҳақдаги ҳужжатлар имзоланди”,- деди Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Медеткан Садирқулов.

Айни пайтда бу давлатлар ўз фуқароларининг ўзаро борди-келдиси масаласини ҳам ҳал этган. Бундан буён Қозоғистонга борган қирғизистонликлар тўқсон кунгача расмий рўйхатдан ўтмай бу мамлакат ҳудудида яшаши мумкин.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, қирғиз-қозоқ алоқалари ривожланишига Қирғизистон ҳукуматининг бир қатор масалаларда расмий Остонага ён босгани ҳам сабаб бўлаётир. Масалан, қирғиз парламенти Қирғизистон-Қозоғистон чегараси тўғрисидаги ҳужжатни тасдиқлади. Қирғиз ҳукумати Иссиқкўлдаги тўртта пансионатни Қозоғистон ихтиёрига ўтказишга розилик берди. Қозоғистон томони эса Қирғизистондаги қозоқ ширкатларида фақат қирғиз фуқаролари ишлаши тўғрисидаги шартни қабул қилган.

Иқтисодчи олим Айилчи Сарибоевнинг айтишича, бундай ўзаро манфаатли ҳамкорлик нафақат Қирғизистон иқтисоди учун, балки ҳукумат амалдорлари учун ҳам фойдалидир.

“Амалдорларнинг асосий қисми қозоқ ишбилармонлари билан ҳамкордир. Бу ерда давлат манфаати билан шахсий манфаат уйқашлиги ҳукмронлик қилмоқда. Шу сабабли ҳам қирғиз сиёсий элитаси Қозоғистон раислигида Марказий Осиё иттифоқи тузилишини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Иккинчидан эса Қозоғистоннинг амалий сармояларисиз Қирғизистон иқтисодини кўтариб бўлмайди”,- деди Айилчи Сарибоев.

Айни пайтда қирғиз фуқаролик жамияти ҳукуматнинг расмий Остона билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги барча ҳаракатларини ҳам қўлламаётир. Қирғиз-қозоқ чегарасини тасдиқлаш учун Қирғизистон томонидан Қозоғистонга 620 гектар ернинг берилиши, Иссиқкўлдаги пансионатларнинг Қозоғистон ихтиёрига ўтказилишига розилик билдирилиши аҳолини норозилик намойишлари ўтказишга ундамоқда. Куни-кеча Бишкекда Қозоғистонга берилган ерни қайтариб олиш қўмитаси ташкил этилди. Бир қатор нодавлат ташкилотлар эса парламентни чегарани Қирғизистон манфаатларига зид тарзда тасдиқлаганликда айбламоқда. Бу ташкилотлар парламентни тарқатиш учун имзо йиғиш жараёнини бошлаганини билдирди.

Қирғизистон давлат арбоби Мирослав Ниёзов бу борада гапирар экан: “Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари давлатлараро масалаларни қунт билан ўрганмай туриб, ўзлари хоҳлаган тарзда ҳал этмоқда. Бу эса халқ ўртасида норозилик кайфиятини пайдо қилаётир. Бундан эса давлатлараро иттифоқ масаласида халқ салбий хулосалар чиқариши мумкин”,- деди.

Просмотров: 816 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей