Пайшанба, 25.04.2024, 13:57
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 24 » Раҳбарларнинг лидерликка интилиши оддий халққа қимматга тушмоқда
09:36
Раҳбарларнинг лидерликка интилиши оддий халққа қимматга тушмоқда

Раҳбарларнинг лидерликка интилиши оддий халққа қимматга тушмоқда

Абдулла Искандар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қозоғистоннинг остонаси тилладан бўлган пойтахти Остона шаҳрида мазкур мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев билан музокаралар ўтказди.

Икки давлат раҳбарларининг олиймақом учрашувига мезбонлик қилаëтган бу шаҳар ўрни бундан 16 йил олдин кимсасиз дашту биëбон эди. Саҳро қўйнида қад кўтарган шаҳар тараққиëт тимсолидай кўринмоқда.

Ҳали Остона шаҳри xаритада пайдо бўлмасдан туриб ўзбек-қозоқ давлатлараро расмий муносабатларига асос солинган эди.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг сиёсий тизими кучли президентлик ҳокимияти билан фарқ қилади, мамлакат лидерлари бўлган Н.Назарбоев ва И.Каримов ўз мамлакатларини 1991 йилда СССР тарқалгунича ҳам бошқариб келганди.

Ўзбекистон президенти И.Каримов 2006 йилда Қозоғистон президентининг Тошкентга сафари чоғида қуйидаги гапларни оддийгина, яъни қозоқнинг тўққиз пулидай қилиб айтиб ўтган эди:

“Агар гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, қозоқ билан ўзбек бирга бўлса, бизни енгиб бўлмайди. Бу гап ҳамманинг қулоғига етиб борсин. Мен бу гапни жуда жиддий масъулият билан айтяпман”.

Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг 16 йиллик тарихига назар солсангиз, И.Каримовнинг бу гаплари ҳаëтдан узоқлигича қолмоқда. Ўзбек-қозоқ муносабатларининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Агар чуқур таҳлил қилинса, ўзбек-қозоқ халқининг илдизи бир эканини кўриш мумкин.

Ўзбек-қозоқ муносабатларининг янги тарихи 1923 йилдан бошланди. Икки иттифоқдош республика совет ҳокимияти, деб номланган умумий том остида бирга бўлди.

“Аммо бу йилларда ҳам ички асабийлик мавжуд эди,- дейди Қозоғистондаги Марказий Осиё иқтисодий стратегия интитути таҳлилчиси Мария Дусенова. - Совет пайтида Тошкент МО маркази бўлган. Айни мавқедан фойдаланган ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбарияти Москва қўйнига қўл солиб, аслида Қозоғистонга тегиши керак бўлган ерларни ўзига олган”.

Профессор Ботир Норбоев бу гапларга аниқлик киритди.

“Очиқ жанжал бўлмаган-ку, ҳар ҳолда СССР пайтида катталар хоҳлаган туманни берар эди. Ўша пайтда халқда: “Ўзбеклар биздан Бўстонлиқни олиб қўйди. Биз буни қандай қилиб бўлса ҳам оламиз”, деган бир кайфият бор эди. Бундай кайфиятдаги одамлар Бағиш қишлоғида жуда кўп”,- дейди профессор

Ҳар иккала мамлакат мустақил бўлганидан кейин муносабатларнинг янги даври бошланди. Бу давр, таҳлилчи М.Дусенова фикрича, анчайин совуқ бўлган. Бу совуқлик ҳар икки давлатнинг минтақада лидерликка интилиши натижасидир.

“Муносабатларимизнинг илк йилларида Ўзбекистон телевидениеси Тошкентдан нон сотиб олиб, Чимкентга олиб кетаëтган болаларни кўрсатиб: “Мана, қозоқлар ўзбек нонини туя қилмоқда”, дер эди,- дейди Ботир Норбоев. - Чегарада турганлар нонни ўтказмас эди. Илгари Қозоғистон томонга буханка нон, патир нон олиб бориб сотишар эди”.

Аммо сал ўтмай Қозоғистон иқтисоди ўзини ўнглаб олди ва бу ҳолат ўзбек-қозоқ муносабатларида аксини топди.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимовнинг ўтган йили Тошкентга ташрифи чоғида Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида 2007-2016 йиллар учун иқтисодий ҳамкорлик стратегияси имзоланди. Шундан кейин Н.Назарбоев ҳам муносабатларни янгидан қуриш даври келганини айтганди.


Б.Норбоев бу гаплардан кейин ҳам ўзбек-қозоқ муносабатлари совуққина бўлиб тураверганини айтади.

“Каримов ҳам, Назарбоев ҳам тил ва дин бирлиги, бирга бўлиш ҳақида кўп гапирган. Аслида эса бундай бўлмаяпти. Икки давлат ўртасида ижобий нуқталар сирасига эса визасиз тартибнинг сақланиб қолганини айтиш мумкин,- дейди Б.Норбоев. - Қозоғистонни бир пайтлар Тошкент нон шаҳри бўлиб биродарларини боққандай ҳозир Қозоғистон боқяпти. Ҳозир зиëлилардан тортиб ошпаз, қурувчиларгача ҳамма шу ерга келиб тирикчилик қилиб, бола-чақасига бир нарса олиб бориб беряпти”.

Унинг таъкидлашича, ўтган 16 йил ичида “ўзбек” ва “қозоқ” калималаридаги урғу ва жаранг ҳам ўзгарган. Шунса йил олдин ўзбек халқининг обрўси бор эди. Қозоқ биродарлар ўзбекка жуда паст назар билан қарамас эди.

Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик учун газ қазиб олиш, темир йўл ва автомобиль йўли транзити, сув хўжалиги, Қозоғистон ўғитларининг Ўзбекистондаги пахтачилик соҳасига етказиб берилиши кабилар истиқболлироқ жабҳалар бўлиши мумкин эди.

”Heritage Foundation” ва “Wall Street Journal” тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан эркин бўлмаган мамлакатлар қаторида бўлиб, рейтингда 132-ўринни эгаллаб турган бир пайтда Қозоғистон жаҳоннинг 161 мамлакати ичида 75-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчилик қилиб келмоқда.

Просмотров: 878 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей