Душанба, 20.09.2021, 09:57
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 16 » 'Водий юраги' ёки Қўқон воқеаларини эслаб...
15:41
'Водий юраги' ёки Қўқон воқеаларини эслаб...
'Водий юраги' ёки Қўқон воқеаларини эслаб...

Ўтган қишдан кейин Қўқонга биринчи марта келган киши кўп қаватли уйлардаги манзарага эътибор қаратиши мумкин.

Кўпгина деразаларнинг устидаги девор қорайиб қолган, тез-тез тутунчиқаргич қувурлар кўзга ташланади. “Қиш қаттиқ келди-да, уйлар иситилмай қолгач, иложини топган одам титан қуриб, уйидаги иситгич батареяларни ишга солди, печка қуриб, ўтин-кўмир билан уй иситди. Иложини топмаган одам эса, сандалга тиқилиб, жон сақлади, - дейди такси ҳайдовчиси ва бироз сукут сақлагач қўшиб қўяди, - илиқ-иссиқ кунларга етганимизга шукур.”

Мен бу шукроналик сабабини "Янги Чорсу" маҳалласида бўлганимда бироз бўлса-да, билиб олдим. “Айни қиш забтига олган, совуқ этингни юлиб оламан деган кунлар газ босими пасайиб кетди. Ана, қаранг, - эллик ёшлардаги Аъзамхоннинг ишораси билан торгина ҳовли четида уюлиб ётган қувурлар томон ўгириламан, - ҳаммаси совуқда ёрилиб кетди. Битта кичкина уйга печка қурдик-да, саккиз жон – аямлардан тортиб, икки ёшли неварамгача тиқилишиб қишдан чиқдик.”

"Бу кунларга етганлар бор..."

Лекин бу маҳаллада қишдан омон чиқмаганлар ҳам бор экан. Газ босими пасайиб кетгач, одамлар қўлбола газсўргич мосламаларни ясашга тушишибди. Айтишларича, маҳалладаги ҳовлилардан бирида қўлбола мослама портлаши натижасида фалокат юз берган. “Ёмон бўлди-да, қўшниларимиз бирданига икки фарзандларидан - ўғиллари ва қизларидан ажралишди. Келинаямларни дўхтирлар асраб қолишди…” Фожиа кўз ўнгига келдими, ҳалигина хотиржам сўзлаётган Асрорхоннинг овози титради. У ўзини тутиб олгач, ўша куни оила бошлиғи уйда бўлма-ганини , Тошкентга иш билан кетгани, фожиани кўргач, ёруғ дунё кўзига қоронғу бўлганини, ҳалигача ўзига кела олмаётганини сўзлади.

"Одамга алам қиладигани қишдаги азобларимиз ҳақида на телевизорда кўрсатишди, на радиода гапиришди. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай, уйлар иссиқ, нархлар арзон, ҳамма шод-хуррам… Мен ҳозир Ўзбекистон каналларини кўрмайман. Қачон қарасанг, консерт, на мазмуни, на мазаси бор қўшиқлар, қилпанглаган раққосалар. Оч қоринга қўшиқ ёқадими?. Яна тўхтовсиз турклар ва корейсларнинг сериалларини қўйишади. Ана, буларни кўргин-да, бошқа ҳеч нарсани ўйлама, дегандай, - Қўқондаги коллежлардан бирида дарс беришини айтган Асрорхон чўзиб “э-э-э” дейди-да, кимгадир аччиқ қилгандай, қўл силтайди.

"Ахборот"даги ёлғонлар

Агар телевидение ҳақида бошқа қўқонликлардан эшитмаганимда, балки Асрорхоннинг гапларини, унинг аччиқ қалампир чайнагандай буришиб кетган қиёфасини унутган бўлардим. Қўқон буюм бозорида эркаклар кийимини сотаётган Мансурхон исмли ўттиз ёшлардаги йигит Ўзбекистонда бу йил "Ёшлар йили" деб эълон қилинганини гапирар экан, яқинда Қўқонда қуриб битказилган кўп қаватли уй ҳақида эслаб қолди. “Биласизми, "Ахборот"да қип-қизил ёлғонни дўндиришди. "Уй калитлари ёш оилаларга текинга берилди",- дейишди. Балки мен ўша уйдан квартира олиш учун ўн беш-йигирма минг доллар тўлаганларни танимаганимда, бу ёлғонга ишонган бўлардим. Энди айтинг-чи, тинимсиз ёлғон тўқийдиган телевизорни нима учун кўришим керак?. Ундан кўра, жуда телевизор кўргим келса, Россия каналларини кўраман. Бироз бўлса-да, ҳақиқатни кўрсатишади.”

Отанг бозор, онанг бозор...

Қўқоннинг чакана товарлар сотиладиган буюм бозорида милиция кийимидаги бирон кишига кўзим тушмади. “ Ўша тўрт йил олдинги тўполондан кейин бозоримиз ҳам, бизнинг қулоғимиз ҳам тинчиб қолган. На мелиса келади, на солиқчи, на бошқа текширувчи. Лекин ўша пайтдаги Қўқон ҳокими Маъруфжон Усмоновнинг бир сўзли эканлигига қойилмиз. Ўшанда норози оломоннинг йўлига ҳеч қўрқмасдан, ҳокимнинг бир ўзи чиққанди ва "бориб, савдоларингни қилаверинглар, сизларни ҳеч ким ортиқ безовта қилмайди", деганди. Айтган гапининг устидан чиқди. Раҳбар дегани шундай бўлса. Ҳозир ҳокимимизни Тошкентга, сенатга ишга олиб кетишди. Лекин иккинчи томондан, Қўқон халқи қўзғалса ёмон бўларди-да, буни Тошкентдаги катталар сезишмайди, дейсизми? Ахир, Қўқонни "водийнинг юраги" деб қўйибди. Қўқон хонлигининг ерлари ҳозирги Қозоғистоннинг Қизилўрдасигача етганди”. Мансурхон гапидан тўхтаб, харидорни қўқонча ширин лутф билан кутиб олиб, унга кўйлак танлашга ёрдамлаша бошлайди.

Одамга алам қиладигани - қишдаги азобларимиз ҳақида на телевизорда кўрсатишди, на радиода гапиришди. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай, уйлар иссиқ, нархлар арзон, ҳамма шод-хуррам…
Қўқонликлардан бири

“Хайрият, бозор бор экан, тирикчилигимиз ўтиб турибди, - дейди олдидаги катта дафтарга аллақандай рақамларни ёзаётган қирқ ёшлардаги аёл. – Ҳозир мендан мол олган харидорлар Ангрендан келишади. Кўпинча насияга мол олиб кетишади. Насия дафтарга қачон, қанча мол олганларини ёзиб қўяман. Бугун юз мингга мол олишди. Синашта одамлар. Айтган вақтларида, ўн кун, дейишса, ўн кундан кейин, бир ой дейишса, бир ойдан кейин олиб келиб беришади. Лекин икки-учта мижозим ўтган йил мол олиб кетганларидан бери қораларини кўрсатмай кетишди. Инсофларини худодан тилаб ўтирибман.”

Мардикорлар

Эркаклар пойабзали билан савдо қилаётган Эркиннинг айтишича, илгари “Қўқонмаш”да ишлаган экан. “Ака-ука ишлардик. “Қўқонмаш” тўхтаб қолгач, укам Россияга кетди, менинг мазам йўқлиги учун бозорга чиқдим. Савдогарлик қўқонликларнинг суягида бор. Чет элдан келадиган молга божхона пулини осмонга кўтариб қўйишди, барибир, қандай йўллар бўлмасин, мол топиб келяпмиз. Ана, бозорни бир айланинг, кўпи Бишкек, Қорасувдан келтирилган Хитой моллари. Лекин мен барибир бозорга ўрганолмаяпман. Балки ишхонамиз ишга тушиб, тузукроқ ҳақ беришар. Балки соғайиб қолсам, Россияга кетарман. Ана, Қўқоннинг ярми Россияда ишлаб юрибди, менга иш топилмайдими?. Меҳнатдан қўрқмайман, қурилишда ишларман, ҳеч бўлмаса, кўча супурарман. Меҳнатнинг айби борми?” Эркин кафтларини ишқалайди. Уни кузатиб турган харидор негадир узр сўраб, тортиниб сўз бошлайди:
- Ниятингиз йўлдошингиз бўлсин, укажон. Лекин ҳамма Россияга кетаверса, ўзимизда ким ишлайди? Битта кичик иморат тиклаётгандик, тузукроқ уста тополмаяпман. На ғишт терувчи, на сувоқчи қолибди. Ҳалиги... пайвандловчини айтмай қўя қолай. Сўрасам, ҳаммаси Россияга кетган.
- Мажбур бўлмаса, ким ўзининг иссиқ уйини ташлаб олис, бегона юртга кетади. У ерда пул топиш осон дейсизми? Ана, қанча ўлик келди. Майли, қаерда бўлмайлик, ҳар бир бандасини худо ўз паноҳида асрасин!. Олимхон, бўлинг, жума намозидан кеч қолмайлик. Бугун бизнинг маҳалладаги янги "Тошлоқ" масжидига борамиз, - Эркин қўшни сотувчини тезлаштиради.

Исломий тўй

Эркиннинг айтишича, ҳозирда Қўқонда ўндан ортиқ жомеъ масжиди бор. “Мен бир нарсани кузатганман. Қўқонимиз йигитлари умуман оғизларига арақми, бошқа спиртли ичимликми, олмай қўйишди. Ўрта ёшдаги одамларни айтмаганда, шаҳримизда ичкилик ичадиганлар қолмади. Аксари тўйларимиз исломий ўтаяпти. Фақат мадрасаларимизни ёпиб қўйишгани яхши бўлмади-да. Ўндан ортиқ мадраса бор эди...” . Эркин бошидаги қалампирнусха дўпписини олиб, қаттиқ қоқди-да, қайта кийди.
Ўн иккига яқин Қўқон бозорида эркак сотувчилар деярли қолмайди.

'Гулноранинг бозори'

Ҳозирда Қўқонда бўлган киши аста-секин унутилиб бораётган қиш азобларини ҳисобга олмаганда, яна икки мавзуни кўп эшитади. Уларнинг биринчиси-Қўқоннинг қадимий шаҳри исботлангани, камида икки минг йиллиги нишонлаши бўлса, иккинчиси - президентнинг қизи Гулнора Каримованинг Қўқонда янги улгуржи бозор қуриши. Бу бозорнинг 50 гектарлик ерда қурилиши белгилаб қўйилибди. Улгуржи бозор очилгач, дунёнинг тўрт томонидан моллар келтирилиши кўзда тутилган экан. Бунинг учун бундан бир неча йил муқаддам ёпиб қўйилган Қўқон қўналғасини қайта ишга тушириш ҳаракати ҳам бошланган. Айтишларича, Қўқон қўналғаси халқаро даражали бўлади, “Боинг” ва бошқа энг замонавий учоқлар бемалол қўниб-учиши учун мослаштирилади.
Ҳали бозор қурилмасдан олдин унга яқин маҳаллалардаги уйлар нархи қимматлашиб кетган. “Ўн минг долларга сотилаётган уйлар нархи ўттиз беш-қирқ минг долларга чиқиб кетди, - дейди бўлажак бозор яқинидаги маҳаллалардан бирида яшашини айтган Мансур-хон. - Эшитишимча, бу бозор, Бишкек, Қорасув бозорларини синдираркан. Бу бир томондан яхши. Тоғ йўллари орқали Бишкекка бориб, мол олиб келиш осон дейсизми?. Қирғизистон билан ўртада виза бекор қилинмасдан олдин қанча қўқонлик аёл Қорасувдан мол олиб келаман, деб Шаҳрихонсойда оқиб, ўлиб кетди. Лекин мен барибир шу чакана бозорда қолавераман. Кичикми, каттами ўйинда қатнашишни жиним суймайди. Лекин Қўқоннинг, боринг ана, икки минг йиллиги нишонланса, шаҳримиз анча обод бўлиб қоларди.”

Мансурхон сўзлар экан, менинг кўз ўнгимга не-не олиму фузалоларни тарбиялаган қадимий Қўқондаги нураб бораётган қаровсиз мадрасалар, бошқа тарихий иморатлар кўз ўнгимга келади. Ва яна Мансурхоннинг “водий юраги” деган иборасини эслайман...
Просмотров: 959 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2021
Архив записей