Жума, 19.04.2024, 13:59
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 13 » Алибой Йўляхши:Ўзбек халқи суд қилинмоқда
02:46
Алибой Йўляхши:Ўзбек халқи суд қилинмоқда

1074282656.jpgБугун Юсуф Жума эмас, балки у мансуб ўзбек аталмиш бутун халқ маҳкамага тортилмоқда.

Алибой Йўляхши, Норвегия.

“Тўғрисини сўйласам элга,
Бас қил, ортиқ гаплама дейсан.
Нега олдинг барчани тилга,
Барчага лой чаплама дейсан.

Мен ўзимча ғамини едим,
Чўкар экан шўрлик балчиққа.
Ҳой, ботқоққа ботмагин, дедим,
Интил, дедим, тоза уфққа”.

“Руҳий хаста халқ, руҳий хаста ҳукумат, руҳий хаста мухолифат!” Юсуф Жума

Инсоният тарихи, жумладан алоҳида олинган ҳар бир миллат-халқ тарихи ҳам одатда алоҳида даврларда яшаб ижод этишган илму-фан соҳасидаги машҳур олиму-фузалолар, шоиру-ёзувчилар, адолатли подшоҳлар исмлари билан боғлангандир. Умумий таърифда тарихни халқ яратади дейишларига қарамай, тарих ана ўша санаганимиз соҳаларда баракали меҳнат қилган, ижод этган ва кашфиётлар ясаган шахслар номлари билан ёзилиб, шуларнинг яратганлари авлоддан авлодга ўтади ва шу йўл билан тарих давом қилади. Ҳақиқат мана шу.

Шунинг учун тарихий даврлар, масалан, бизнинг юртимизда олсак, Тимурийлар замони, Навоий даври, Беҳбудий, Фитрату-Абдулло Қодирий замони ва ҳ. к. деб аталади.

Менинг ва мендан 20 -10 йил ёшроқ бўлганларнинг даври келажакда кимларнинг исми билан тилга олинаркан? Бу давр Мамадали Маҳмудов ва Юсуф Жума даври, ана шу икки кишининг замони бўлиб тарихга ёзилади деб хулоса қилишга ўзимни ҳақли ҳисоблайман. Бизнинг элимизнинг агар бугун юлдузлари қолган бўлсалар, улар иккитадир ва уларнинг исмлари Мамадали ва Юсуфдир. Биз ўзимизни миллат ҳисобласак, ундай миллат вакилларининг миқдори ва ўзбек номи бор, афсус ўзи битган-ўлган, ундай миллат бугун йўқдир. Ундан фақат иккита шахс қолди. Улар ҳам Мамадали ва Юсуфдир.

Ўқувчи мени кечирсин, мен ўзбек аталмиш миллатнинг битганлиги ҳақида Юсуф Жуманинг ўзининг аччиқ хулосасидан фойдаландим. У, 2003 йилда эълон қилган “Миллат фожиаси” номли бир мақоласида бу ҳақда куйиниб шундай ёзди: “Паспортда, мустақил Ўзбекистон паспортида (гўё ер юзида фақат битта Ўзбекистон мустақилдай фахрланамиз, гўё чеченлардай қон тўкиб олгандай фахрланамиз) “жинси” деган жойга эркак деб ёзиладиган жониворлар (кимсан Амир Темур авлодлари) дунёнинг мардикор бозорини забт этди. “Жинси” деган жойига “аёл” деб ёзиладиганлари дунё фоҳишахоналарини тўлдирдилар. Фоҳишалик қилганлари учун чет эл қамоқхоналарида ётибдилар.

Миллатнинг жони бўлган эрлари зиндонларда ўлдирилдилар, ўлдирилмоқда. Бундай миллатни тирик деб бўладими? Асосий қисми қишлоқларда яшайдиган ўзбекнинг эркаклари иш қидириб олис шаҳарларда, олис юртларда сарсон саргардон. Қишлоқлар эркакларсиз қолган. Ойлаб, йиллаб иш излаб, ишлаб уйида бўлмаган ўша ёқлардаги бузуқ аёллар билан бўлишади. Бузуқ аёлларнинг аксарияти тўрли таносил касали билан оғриган аёллардир. Унча мунча дардни дард демайдиган ўзбек касалга чалиниб даволатмай юраверади. Қишлоққа қайтгач бу касалликни аёлига юқтиради. Мана шундай халқдан соғлом авлод туғиладими?! Юзаки қараганда: “Намунча ваҳима қилмасанг?!”, - дейишлари мумкин. Чуқур ўйланса, бу - миллатнинг бузилиши, миллатнинг айниши, миллатнинг қирғинидир”.

Мен учун Юсуф Жума ўзбекман деганларнинг ору номусига, тилига, дилига, кўзу-қолоғи, бутун жасоратига айланган бир шоир-ижодкордир. Бугун Юсуф Жума ҳибсда. Унинг гуноҳи, айби, жинояти нима, Водариғ!!? Бугун Ўзбекистонда тортинмай қорани қора, оқни оқ деяётган биргина Юсуф Жума қолаётган эди. Атрофда нималар содир бўлаётганини унинг кўзи тўғри кўра олаётган эди, бу кўзга кўзинг ёп, ҳеч нарсани кўрма дедилар; нарсаларни, ҳодисаларни ўз номлари билан атайдиган тил ҳам унинг тили эди. Ёлғонларни, бўҳтонларни унинг қулоғи эшитаётганди, у тилга ва қулоққа сўзлама, эшитма, кару-гунг бўл дедилар, бутун нафсликларни, гўзалликларни ҳис этаётган ва уни мусиқага соладиган дил ҳам унинг дили, унинг қалби эди, бу дилга, бу қалбга ҳиссиз-туйғусиз қол дедилар. Бироқ миллатнинг ори, номуси, унинг тили ва дили Юсуф Жума бундай ҳақсизликларга мардларча баралла бор овози билан ЙЎҚ деди, бундай БЎЛМАЙДИ деди. Унинг “айби” ва “жинояти” нокас, номардларга қарши мардлиги, ҳақиқатни тортинмай номардларнинг энг каттаси юзига тўғри сўзлаши эди. Афсус, бугунча номарднинг, нокаснинг, золимнинг қиличи кескир бўлиб турибди. Бироқ ҳақиқат эгилади синмайди, иншооллоҳ. Юсуф Жума! Сенинг сиймонгда у ҳатто эгилмайди ҳам.

Ўбек аталмиш бир халқнинг ору номусига, тилига, дилига, кўзу-қолоғи, бутун жасоратига айланган шоир Юсуф Жума бугун маҳкама қилинаётган экан, демак бугун бутун ўзбеклар маҳкама қилинмоқда. Афсус, миллат ҳамон сукутда. Биз ҳамон сукутдамиз.

Мени тўғри тушунинг, мен ”миллат ҳамон сукутда” дер эканман, миллатни сукутни бузиб ғалаёнларга чиқинг каби даъватни кўзда тутмаяпман. Аммо эй халойиқ! бугунги воқеийликка биз каби бефарқ бўлган, яъни Юсуф Жума каби халқнинг тили ва дили бўлган, унинг ору-номусига айланган бир машҳур шахсини шундай азобга, исканжага ташлаб қўйган бошқа биронта миллат борми бу оламда???

Юсуф Жума, сен Халқнинг ору номусига айландинг, сен севимли шоиримиз, чинакамига Халқ Шоирисан. Юсуф Жума, сен ва сенинг дўстларинг мансуб ҳисобланган миллат бугун хароб бўлган бўлсада, сени гултожи этадиган дўстларинг ва ихлосмандларинг ҳали батамом тугамади. Иншооллоҳ, улар тугамайди. Сен уларнинг байроқдори, машъали бўлиб қолдинг ва қоласан. Ҳали жуда кўп марта уларнинг ҳузурида машҳур ва латиф шеърлариннгни ўқийсан. Шундай бўлишига жуда-жуда ишонгим келади. … Иншооллоҳ шундай бўлади. …

Халқнинг ору номусига айланган чинакамига Халқ Шиори Юсуф Жумани унутмайлик!!! Уни қадрлайлик дўстлар! …

У бугун жигарбанди-ўғилчаси билан золимнинг суд залида ўтирибди. Бизда эса бу нохуш манзарани ачиниш билан кузатишдан бошқа илож йўқ. Шунинг учун биз бу кунни ҳеч бўлмаса Юсуф Жумага ОЗОДлик куни эълон этиб, байрам қилайлик. Унинг ижодини такрор-такрор ўқийлик, мутолаа қилайлик ва шеърларини имкон бўлган матбуот органларида нашр этайлик.

Мен эса, Юсуф Жумадек арслонимга ҳурматим ва ачинишим, мададим, кўмагим ўрнида мана шу ердаги сўзларни излаб топдим, шу жумлаларни туздим. Юсуфбек сен мени кечир, ноиложман, ҳозирча қўлимдан келгани мана шу бўлди
Просмотров: 1049 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей