Шанба, 20.04.2024, 04:40
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 13 » Ўзбекистон яна бир халқаро ҳужжатга қўшилди
01:48
Ўзбекистон яна бир халқаро ҳужжатга қўшилди

Ўзбекистон яна бир халқаро ҳужжатга қўшилди

Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон БМТнинг ядровий террорчилик ҳаракатларига қарши кураш конвенциясига қўшилди. Парламентнинг иккала палатаси тасдиғидан ўтган бу халқаро ҳужжатга қўшилиш тўғрисидаги қонунга президент Ислом Каримов имзо чекди.

Уран қазиб чиқарувчи дунёдаги 8 етакчи давлатдан бири ҳисобланган Ўзбекистон ўзининг ўнлаб ядро физиклари ва илмий ядровий реактори билан ядровий терроризм муаммосидан принципда четда қола олмайди.

Шу маънода, мамлакатнинг террорчиликнинг энг даҳшатли кўриниши - ядровий террорчилик ҳаракатларига қарши кураш конвенциясига қўшилиши олқишланмоқда. Бироқ расмий Тошкентнинг мазкур конвенция доирасидаги роли мавҳум қолаётир.

Ўзбекистон Сенатининг ташқи сиёсий масалалар қўмитаси аъзоси Сурайё Одилхўжаева Ўзбекистоннинг БМТ конвенциясига қўшилиши мамлакатнинг террорчиликка қарши кураш сиёсатининг давоми эканини айтади.

“Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ҳар қандай аксилтеррорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. БМТ конвенцияси доирасида махфий хизматлар ўртасида ядровий қурол қисмларини олиб ўтишга уринишларга доир маълумот алмашиш назарда тутилган”,- деди сенатор хоним.

Ўзбекистон парламентининг иккала палатаси тасдиғидан ўтган конвенциянинг ниҳоят қабул қилинишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмади. Қизиғи, айнан Ўзбекистон доимий равишда Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш ташаббуси билан чиқиб туради. Бу ташаббусни И.Каримов дастлаб 1993 йилда БМТ Бош ассамблеясида илгари сурганди.

Вашингтондаги мудофаа ахборот маркази таҳлилчиси Александр Григорьев сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ядровий террорчилик ҳаракатларига қарши кураш конвенциясига қўшилиши ҳам қуруқ расмиятчилик бўлиб қолади.

“Барча давлат учун мажбурий бўлган бу қонун ҳеч қандай мажбуриятлар юкламайди. Демак, имзоласа ҳам бўлаверади. Амалда эса бу конвенция ишлаётгани йўқ, чунки бу ҳужжатда конвенцияга қўшилган давлатлар қилиши лозим бўлган амаллар тартиби кўрсатилмаган”,- дейди таҳлилчи.

Унинг айтишича, БМТ конвенциясида назарда тутилган ядровий объектлар муҳофазасини ошириш ёки ядровий қуроллар ва материаллар тарқалишининг олдини олиш аллақачон амалга жорий этилган. Бироқ ядровий террорчилик таҳдиди шу билан камайиб кетаётгани йўқ.

“Террорчиликлар ҳеч қачон уранни ўзи тўйинтира олмайди. Лекин улар бойитилган уран, плутонийни чайқов бозорида сотиб олиши ёки энг оддийси, “ифлос бомба”ни ясаши мумкин. “Ифлос бомба” радиоактив моддалар билан тўлдирилган портловчи модда бўлиб, анча ваҳимага сабаб бўлиши мумкин. Уни ясаш учун лозим моддаларни эса террорчилар истаганича топиши мумкин”,- дейди Александр Григорьев.

Ўзбекистонда қабул қилинган янги қонунга кўра, БМТ конвенцияси доирасида ядровий терроризмга қарши кураш бўйича давлат идораларини мувофиқлаштириш масъулияти Миллий хавфсизлик хизматига юкланган.

Таҳлилчилар фикрича, халқаро жамоатчиликнинг ядровий таҳдид борасидаги хавотирларига шерик бўлаётган расмий Тошкент, аввало, халқаро майдонда сиёсий дивидент олишни мақсад қилиб қўйган.

Просмотров: 946 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей